Мақолалар

ТАРИХДАН БИР ШИНГИЛ

Бугун 2021 йил 14 май куни 101 йил тўлди.

 

Нимага дейсизми?

Ватан озодлиги учун отилиб чиққан йигитларнинг сардори – Мадаминбек 1920 йил 14 май куни фожеали тарзда ҳалок бўлган.

1917 йил ҳокимият тепасига келган Большевиклар партияси Чор Россиясининг босқинчилик сиёсатидан зада бўлган халқ устида зулму зўравонликни баттар оширгани мазлумлар каҳрини тошириб юборади. 1918 йилдан бошлаб Фарғона водийсининг турли нуқталарида юрагида ўти бор юзлаб йигитлар қўрбошилар атрофида уюшиб, худосиз большевик (коммунистларнинг эски номи)ларга қарши жанглар олиб боришади.

Коммунистларга оид манбаларда "босмачилар", мустақилликдан кейинги асарларда "миллий истиқлолчилар" деб номланган бу халқ аскарлари ўзларини "мужоҳидлар" деб атардилар. Тарқоқ ҳолдаги фаолиятнинг самарасизлигини тушуниб етган истиқлолчилар етакчилари - қўрбошилар қурултой ўтказиб, Мадаминбекни ўзларига амир этиб сайлашади. Ана шундан сўнг ишлар анча олдинга силжийди. Ватан ҳимоячиларининг сони ва салмоғи ортади, лашкарнинг интизоми яхшиланади. Улар кўплаб қишлоқ ва шаҳарлардан қизилларни сиқиб чиқариб, жойларда ўз назоратларини ўрнатадилар. Ҳатто иш шу даражага етадики, большевиклар ҳокимияти марказий шаҳарларда ва темир йўл станцияларидагина сақланиб қолади. Большевикларни бутунлай супуриб ташлаб, миллий ҳокимият барпо этиш истиқлолчилик ҳаракатининг ғояси эди.

Мадаминбек бегоналар қўлида ўйинчоқ бўлиб қолмаслик ва бошқаларга қарам бўлмаслик учун тезлик билан қурол-яроғ ишлаб чиқариш чораларини кўради ва ўзига қарам бўлган ҳудудда енгил ўт очиш қуроллари ишлаб чиқарувчи цех очтиради.

Махсус ҳарбий таълим олмаган қўрбошилар бошчилигидаги деҳкон, косиб ва ҳунармандлардан иборат халқ лашкари қатъият ва фидокорлик кўрсатиб, мунтазам қўшин билан тенгма-тенг олишади, уларнинг тинкасини қуритиб, малакали таҳсил олган генерал ва офицерларни боши берк кўчага киритиб қўяди.

Ниҳоят, қизил армия қўмондони Фрунзе Мадаминбек билан музокара олиб боради. Икки қўмондон Фарғона водийси Совет давлатига тобе автоном жумҳурият сифатида қолдирилиб, ундаги ички ишлар ерли халқ истаган усулда олиб борилади, деган йўсинда тинчлик битими имзоланишига келишиб олишади. Битим амалга ошмоғининг муҳим шарти, қўрбошилар томонидан қизилларга қарши қуролли ҳаракатлар тўхтатилиши керак эди. Мадаминбек майдонда юрган қўрбошиларга ҳозирги дамда биз учун тинчлик жуда зарур, фурсатдан фойдаланиб абгор аҳволимизни ўнглаб оламиз, акс ҳолда шу имконият ҳам қўлимизда қолмайди, кучлар нисбати руслар фойдасига ўзгариб, ҳозиргидан тубан аҳволга тушиб қолсак, душман биз билан муроса қилиб ўтирмайди, ҳеч қандай мухторият ҳам бўлмайди, деган фикрларни уқтирмоқчи бўлади. Лекин ҳиссиёти кучли баъзи қўрбошилар Мадаминбекни ўрисларга сотилганликда айблаб, унга кескин қарши чиқишади. Сотқин деган айб билан қўли югурдак баъзи "мужоҳидлар" дарров ўлим ҳукмини ижро қилишади.

Шу ўринда адолат юзасидан Мадаминбекни айнан ким ўлдиргани ноаниқ қолганини айтиб ўтишимиз керак. Баъзилар бўлиб ўтган ишларни таҳлил қилиб, у большевиклар томонидан уюштирилган ўйин қурбони бўлган, дейдилар. Эҳтимол, бу гапда ҳам жон бордир. Асл воқеа қандай бўлгани Аллоҳга аён. Ҳар нима бўлганда ҳам у қизиллар қўл остидаги ҳудудда эмас, у ердан чиқиб, қўрбошилар билан учрашувга борган жойида ўлдирилгани қайд этилган. Бу факт эса, ватан ҳимоячисининг ишончли ёрдамчиси бўлиши мумкин бўлган қурол тор фикрли, қизиққон кишилар қўлига тушса оқибати даҳшатли бўлиши ҳақидаги фикрни бот-бот хаёлга олиб келаверади.

Кўп утмай Россия ҳудудларида Оқпошшонинг большевикларга қаршилик кўрсатаётган кучлари тор-мор этилади. Залворли душмандан қўли бўшаган қизил армиянинг каттагина қисми Ўрта Осиёга ташланади. Фарғона водийсидаги кучлар нисбати руслар фойдасига ўзгара бошлайди. Миллий истиқлолчилар ўзаро ихтилофлар, етишмовчилик ва бошқа сабаблар билан тарқоқлашиб, баъзилар енгилиб, асирга тушади, баъзилари қизиллар томонига ўтиб кетади. Қолган-қутганлари Ватандан бош олиб кетади.

Руслар томонига ўтиб "кечирилган"ларнинг аксарияти 30-йилларнинг қатағонларида отиб юборилади ёки узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинади.

 

Шоир Муҳаммад Юсуф Ватан озодлиги йўлида жон фидо қилган қаҳрамонлар ҳақида қуйидаги шеъни ёзган:

 

“БОСМАЧИЛАР”... 

Олмослардан кескир эди шамширингиз, 
Тутун бўлиб тўзиб кетди тақдирингиз.
Минг йигитга арзирдингиз ҳар бирингиз.
От ўйнатиб юрмадингиз "босмачилар"... 

Тупроқ тўшак бўлди, болиш-эгар бошда, 
Жалолиддин каби мудом жаҳонгашта.
Умрингизнинг ярми ўтди тоғу тошда,
Не кунларни кўрмадингиз "босмачилар"... 

Қўрғошинга қалқон бўлди ўт кўкраклар, 
Кафан бўлди қонга ботган оқ яктаклар.
Сўнгги макон бўлди баъзан чакалаклар, 
Одамдай ҳам ўлмадингиз "босмачилар"... 

Тушунмайин ким қарғади, кимлар сотди, 
Кўнглингизда алам, кўзда ёшлар қотди.
Ортингиздан гоҳ болангиз тошлар отди, 
Ёш деб гина қилмадингиз "босмачилар"... 

Уйингизда сизни кутди кел, деб, тўрам,
Келинчаклар кокиллари тарам-тарам. 
Кўнгилга ёр сиғармиди юртда қарам, 
Жангоҳлардан жилмадингиз "босмачилар"... 

Кенгашсангиз тор дунёлар кенг бўларди, 
Эргаш ёқа бўлса, Шермат енг бўларди,
Бирлашсангиз ким ҳам сизга тенг бўларди, 
Нечун аҳил бўлмадингиз "босмачилар"... 

"Босмачи"миш! Бундай демиш қай бемаъни! 
Тутмайдими уни бир кун Беклар қони?! 
Ҳамма сиздек ўз юртини суйса қани, 
Беҳуда қон тўкмадингиз "босмачилар"... 

Сиз йўқ, бунда кўтарилди дарпардалар, 
Отдан тушди сариқ мўйлов саркардалар 
Бухорони тўпга тутган шармандалар, 
Афсус, афсус, кўрмадингиз "босмачилар"... 

Олмослардан кескир эди шамширингиз, 
Тутун каби тўзиб кетди тақдирингиз.
Минг йигитга арзирдингиз ҳар бирингиз,
От ўйнатиб юрмадингиз "босмачилар"... 

Нима ҳам дердик, шоирни ўртаган дард бу, аламли сатрлар бу.

 

Шарофиддин Латипов

2293 марта ўқилди

Мақолалар

Top