Мақолалар

Президент ташрифидан сўнг: Хаста кўнгилларнинг орзулари ушала бошлади

Хаста кўнгилларга биргина мадад, далда, бир оғиз ширин сўз уларнинг руҳиятини осмон қадар юксалтиради, катта куч-қувват, мадор ато этади, келажакка ишонч ҳиссини уйғотади.

Айниқса, оғир дард билан курашаётган фарзандининг маъюс чеҳрасига термилиб, жони азобда қийналаётганини кўриб, бир ўлиб бир тирилаётган, қон ютиб тонг оттираётган ота-оналар учун йилт этган умид чироғи-да улкан тоғдек таянч бўлади. 

Аввал хабар берилганидек, шукроналик, меҳр-оқибат айёми — муборак Рамазон ҳайити муносабати билан Президент Шавкат Мирзиёев 14 май куни Тошкент шаҳридаги шифо масканларида бўлиб, у ерда даволанаётган бемор болалар ҳолидан хабар олди. Ота-оналар ва болаларни Рамазон ҳайити билан табриклаб, уларга далда берди. Болаларга меҳрибонлиги ва фидойилиги учун шифокорларга миннатдорлик билдирди.

Жумладан, Президентимиз Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказига ҳам ташриф буюриб, бемор болалар ва уларнинг ота-оталари билан дилдан суҳбатлашди, болажонларнинг орзу-ҳаваслари, келгусидаги ниятлари билан қизиқди.

Чуст туманида яшовчи 17 ёшли Сабина Инсофалиева ҳамда унинг онаси Феруза Муҳсинова билан бўлган самимий мулоқотда Сабина тузалиб чиқса, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходими бўлиш орзуси борлигини билдирди. Аммо оғир дард қизни бир оёғидан ажратди — шифокорлар бу қизнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун ўнг оёғини кесишга мажбур бўлган.

Президент Марказнинг болалар онкожарроҳлик бўлими бошлиғи Тожиддин Мустафоевдан Сабинанинг саломатлиги ҳақида сўради. Энг ривожланган давлатлардан протез олиб келиб қўйдиришга, унинг соғлигини шахсан назоратга олишга ваъда берди.

—   Муборак кунларда ҳолимиздан хабар олиб, кўнглимизга хотиржамлик улашганлари учун давлатимиз раҳбарига минг раҳмат, жуда миннатдормиз, — дейди Сабина Инсофалиеванинг онаси Феруза Муҳсинова кўзлари тўла ёш билан. — Қизим бир неча бор жарроҳлик амалиётини бошидан кечирди. Шифокорларимизнинг эътиборидан ҳам мамнунмиз. Улар қизимнинг оёғини сақлаб қолишга уринишди, аммо бунинг имкони бўлмади. Қизим жуда сабр-бардошли экан. Ҳамма синовларга сабр қилиб, келажакка бўлган ишончини, умидини сўндирмади. Президентимиз билан суҳбатда йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходими бўлиш ниятида эканлигини айтганида, юртбошимиз фарзандимнинг саломатлигини тиклаш учун, орзулари ушалиши учун барча имкониятларни ишга солишларини таъкидлади. Бундан бошимиз кўкка етди. Қизим ҳам бу эътибордан қувониб, ўзига бўлган ишончи янада ортяпти, руҳи тетиклашяпти. Она учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак...  

Давлат раҳбарининг эътибори, ғамхўрлиги амалда ўз ифодасини топди. Президент ташрифидан сўнг Сабинага далда бўлиш, руҳини кўтариш, орзуси сари рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи, полковник Олим Саидов раҳбарлигидаги бир гуруҳ соҳа вакиллари Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида бўлди. Келгусида йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходими бўлиш орзусидаги Сабина билан яқиндан мулоқот қилиб, унинг бу орзуси, албатта, амалга оширилишини таъкидладилар. Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатган биринчи аёл йўл бошқарувчиси, нафақадаги подполковник Нигора Жўрабоева Сабинага ўз орзу-мақсадлари йўлида омад тилаб, унга ушбу соҳадаги тажрибаларидан сўзлаб берди.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан Сабина Инсофалиевага йўл посбони гувоҳномаси, йўл посбонлигига қабул қилиш бўйича маълумотнома, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг махсус формаси, кўкрак нишони, жетони топширилди. Эндиликда 17 ёшли Сабина Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг фахрий аъзоси ҳисобланади.  Қолаверса, бемор қиз бошқарманинг қарамоғига олиниб, барча даволаш муолажаларининг молиявий харажатлари Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг бюджетдан ташқари жамғармаси ҳисобидан тўлаб бериладиган бўлди.

—  Чуст туманидаги 41-мактабда ўқийман, аммо дард сабаб икки йилдан буён ўқишим қолиб кетди, — дейди биз билан суҳбатда Сабина. — Президентимиз тўсатдан хонамга кириб келганида, қувончдан кўзларим порлаб кетди. Уларнинг бизга нисбатан меҳр ва эътиборини, ғамхўрлигини чин дилдан ҳис қилдим. Бу эса келажак сари интилишимга, тузалишга астойдил ишонч билан ҳаракат қилишимга янада куч бағишлади.

Давлатимиз раҳбарининг ташрифидан сўнг биргина тилагимни рўёбга чиқариш йўлида йўл ҳаракати хавфсизлиги вакиллари келиб, мени бошқарманинг фахрий аъзолигига қабул қилишганидан беҳад хурсанд бўлдим. Бу қувончимни, айни пайтдаги ҳис-ҳаяжонимни таърифлаш мушкул. Президентимизга, шифокорларимизга ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлиги мутасаддиларига чексиз миннатдорчилигимни билдираман. Келажакда, албатта, оёққа туриб, Президентим, ота-онам, бутун халқим ишончини оқлашга, она Ватанимга астойдил хизмат қилишга бор кучим билан ҳаракат қиламан.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси вакиллари марказда нафақат Сабина, балки ўнлаб болалар ва уларнинг ота-оналари билан суҳбатлашиб, уларга далда бердилар, ширинликлар ва совға-саломлар улашилди. Марказнинг болалар бўлимига ўнлаб китоблар тақдим этилди. Жонли ижродаги куй-қўшиқлар эса болалар ва ота-оналарнинг, шифокорларнинг кўнгилларига хушнудлик улашди.

—  Муборак ҳайит кунларида давлат раҳбарининг марказимизга ташрифи, эътибори беморларимиз ҳаётида ўз самарасини беради, — дейди болалар онкожарроҳлик бўлими бошлиғи Тожиддин Мустафоев. — Ҳатто биринчи кундан бошлаб натижасини кўрсатди, десак ўринли бўлади. Яъни юқори технологик ёрдамга муҳтож бир неча беморларга амалий ёрдам берилди. 

Президентимиз марказимизни дори-дармон ва зарур замонавий ускуналар билан таъминлаш бўйича топшириқлар берди. Бу эса бемор болажонларимизнинг соғлигини тиклашда долзарб аҳамиятга эга. Бемор Сабина Инсофалиева ҳақида тўхталадиган бўлсам, у бизнинг клиникамизга қадар вилоят муассасаларида даво муолажаларини олган, жарроҳлик амалиётини ўтказган. Бу ерда ҳам керакли даволарни оляпти. Шифокор сифатида беморимизни соғайганлар сафига қўшилиши учун бор имкониятларимизни ишга соламиз. 

Бугунги кунда бўлимимизда иккита йўналиш — болалар химиятерапияси ва онкожарроҳлик йўналишида беморлар даволанади. Ҳар икки бўлимга 30 ўриндан 60 ўрин ажратилган. Биринчи қаватда консерватив даво, яъни дори-дармон ва нур терапияси, иккинчи қаватда жарроҳлик амалиёти ўтказилади. Бўлимда амалга оширилаётган жарроҳлик амалиётлари кўлами ва мурракаблиги бўйича нафақат республикамизда, балки Ўрта Осиёда етакчи ҳисобланади. 

Чунки энг қийин жарроҳликлар амалга оширилади. Хусусан, қора парда ости соҳаси ўсмалари, кичик чаноқ, таянч ҳаракати аъзоларида жарроҳлик ҳамда бир йилда юзга яқин склет кўчириб ўтказиш амалиётлари бажарилади. Сўнгги 2-3 йилда эса умуртқа поғонаси ўсма касалликлари бўйича ҳам жарроҳлик амалиёти бажарилаётгани беморларга қулайлик яратмоқда.  

Дарҳақиқат, давлат раҳбарининг ташрифи ҳам беморлару ота-оналарга далда, ҳам марказ фаолиятини замон талаблари даражасида такомиллаштиришда муҳим ўрин тутади. Марказда даво муолажаларини олаётган мурғаккина болажонларни, уларнинг ота-оналарини кузатар эканмиз, чексиз меҳр-мурувват, эътибор ва ғамхўрликдан хаста кўнгилларида тоғдек илинж пайдо бўлганини, қувончдан чеҳралари ёришганини ҳис қилдик. Муборак кунларда болажонлар митти жонларини азоблаётган дарддан, албатта, фориғ бўлиб, элу юрт корига камарбаста инсон бўлишларини ният қилиб қайтдик.

Муҳтарама Комилова, ЎзА

1887 марта ўқилди

Мақолалар

Top