Мақолалар

Ҳалимлик-салимлик

Алҳамду лиллаҳи Раббил аъламийн ҳамдан касийрон тоййибан муборакан фийҳи аъла кулли ҳолин ва фий кулли ҳийн... Ассалоту вассалому аъла саййидил аввалина вал охирина тожи руусина Муҳаммаданил Мустафо... Ва аъла алиҳи ва саҳбиҳи ва ман табиъаҳу бииҳсонин илаа явмил жаза.

Ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бундай бир ҳадиси шарифни ривоят қилганлар:

ثلاث من لم يکن فيه فليس منی و لا من الله حلم يرد به جهل الجاهل و حسن الخلق يعيش به في الناس و ورع يحجزه عن معاصی الله (الرافعی عن علی) (راموز الاحاديث: 2/621)

Салосун ман лам якун фиҳи фалайса минни вало миналлоҳи. Ҳилмун ярудду биҳи жаҳлал жоҳили ва ҳуснул хулуқи яъийшу биҳи финноси ва вараъун яҳжузуҳу ан маъосиллоҳи – Яъни: «Кимда-ки   уч   нарса  бўлмаса,  мендан  ҳам,  Аллоҳдан  ҳам  эмас:  

  1. Жоҳилнинг жаҳлини кеткизадиган (рад этадиган, пасайтирадиган) ҳалимлик; 2. Одамлар билан хушхулқ, хуш ахлоқ муносабатда бўлишлик; 3. Аллоҳнинг маъсиятларидан, гуноҳларидан сақлаб турувчи, йироқ тутувчи парҳезкорлик, эҳтиёткорлик.

Биз ҳам шу уч нарсани исташимиз, излашимиз керак. Чунки биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга уммат, Аллоҳнинг яхши бандаларидан бўлишни истаймиз. «Биз сиз томондамиз, ё Расулуллоҳ! Биз Аллоҳ томонида, Аллоҳнинг дини томонда бўлишни истаймиз» деймиз... Булардан бошқа нарсаларнинг эса бизга фойдасизлигини биламиз... Кераги ҳам йўқ!

Хўш, бу уч нарса нима?

Ҳалимлик-салимлик... Қандай ҳалим-салимлик? Яъни шундай ҳалим-салимликки, унинг воситасида жоҳилнинг жаҳлини, тажовузини қаршилаймиз. Уни юмшоқ, босиқ муомала қилиб, жаҳлидан туширамиз. Демак, биродарлар, асабий бўлмаслигимиз керак. Бир киши жаҳлимизни чиқарса, ёки асабимизга тегадиган бир иш қилса, дарҳол тепа сочимиз тикка бўлмаслиги, портламаслигимиз лозим... Юмшоқ бўлишимиз, ҳалим-салим бўлишимиз, очиқ чеҳрали бўлишимиз керак.

Кечқурун бу ерга – ҳадис дарсини ўтиш учун келаётганимизда, машина ҳайдаб бораётган бир ёшгина йигитни кузатдик. У асло қоидага риоя қилмас, машинани буралиб-суралиб, ҳатто таъқиқланган йўлдан ҳайдаб кетаётган эди. Бир пайт бизнинг машинамизни ҳам туртиб кетишига оз қолди. Биз уни «маст-аласт» деб ўйладик. Мен қўлим билан ишора қилиб: «Нима қилаяпсан?» дегандек бўлдим. Қарасак жуда ёш йигит, ҳайдовчилик гувоҳномасини яқинда олганга ўхшайди. Машина ҳам отасиники бўлса керак. Мен бошимда салла, соқолли одам бўлсам ҳам ниҳоятда жаҳлим чиқиб унга имо-ишора қилаётган эдим. Йигитча шундай бир табассум қилдики, ғалати бўлиб кетдим. Азбаройи ёқимли кулганидан, хўмрайиб қарамаганидан дарҳол кечирдим. Демак, табассум ҳам ҳикматдан холи эмас... Жанжалли нарсага барҳам бериши мумкин...

Ҳалим-салим инсон ҳар қандай жоҳиллик, ҳурматсизлик, ҳақсизликка нисбатан оғир, вазмин, босиқлик билан муомала қилади, юмшоқлик билан жавоб беради. Ана шунда жоҳил ҳам жаҳлидан тушади, ёнғин кўтарилмай сўндирилади... Жамоатнинг саломатлиги, барқарорлиги, бахт-саодати учун ҳам ҳар биримизнинг ҳалим-салим бўлишимиз шарт! Ҳатто масжидда намоз ўқийдиган, бир маслакли, бир тариқатдан бўлган кишилар ҳам бир-бирининг гапини кўтаролмайди, бир-бирига қўпол муомала қилишади. Кузатиб афсусланасан. Чунки уларнинг ҳақиқий исломий тарбияни, тасаввуф одобини эгалламаганликларини сезасан. Шунинг учун ҳам биз тасаввуф тарбиясига аҳамият берайлик, уни ўзимизга сингдирайлик, ҳаётимизда керак бўлади. Тарбия бўлмагандан кейин бекордан-бекорга қизишамиз, арзимас нарсалардан ихтилоф чиқарамиз.

Ҳалим, юмшоқлик, очиқ чеҳралик, оғир-босиқликнинг ҳам чегараси бор. Ҳалим, сабрли одам жоҳил, одобсиз, ҳурматсизга уни юмшатадиган шаклда муомала қилади, унда ҳам бўлмаса, демак, вазиятга қарайди. Нима бўлганда ҳам босиқлик, яхшилик билан масалани ҳал қилиш муҳим. Лекин масаланинг бошқа жиҳатини ҳам ҳисобга олиш керак. Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олийҳиммат, раҳмдил, марҳаматли, кечирувчи эдилар. Аммо Аллоҳнинг амрларидан бири бажарилмаса, гуноҳ ишлардан бири юзага келса, арслондек ғазабга тўлиб кетардилар, сиқилардилар. Минбарга чиқиб хутба ўқиганларида, душманга ҳужум қилган армиянинг бош қўмондонидек улуғвор ҳайбатли бўлиб кетардилар. Аллоҳнинг бирор амри ўрнига қўйилмаганда ҳам, ҳақиқатни қарор топтиришда ҳам, шундай ҳайбатли, азамат, мардонавор ҳаракат қилардилар. Демак, ҳалимлик, салимлик ўзаро муносабатларда, кундалик ҳаётда, савдо-сотиқда, оилада, қўшничиликда жуда лозим экан. Бироқ, Аллоҳнинг амрини бажаришда ҳеч чайналмаслик, оқсамаслик, суст ҳаракат қилмаслик керак!

 

"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди

1736 марта ўқилди

Мақолалар

Top