Мақолалар

"Энг катта ниятимиз - тезроқ даво топиб, уйга, оилангиз бағрига қайтишингиз"

Одамлар ҳар доим бир хил ҳолатда яшамайди. Аллоҳ таолонинг турли синовлари бўлиб ўтиши мумкин. Шундай синовлардан бири бу беморликдир. Қайси инсон берилган дардга сабрли бўлиб, Аллоҳ таолонинг синов имтиҳонига бардошли бўлса, гуноҳлари кечирилиб савобга эришади. Аммо, бу синовга сабрсизлик қилса, гуноҳкор бўлади. Мана шундай ҳолларда динимиз мўмин-мусулмонлар ўрталарида меҳр-мурувват, ўзаро ҳамжиҳатлик зиёда бўлиши учун бир-биридан хабар олиб туришга чақиради.

Пайғамбаримиз (с.а.в) марҳамат қиладиларки: “Мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи бештадир. Саломга алик олиш, касални бориб кўриш, жанозага эргашиш, таклиф этса бориш ва акса ўргувчига яхшилик тилашдир” (Муслим ривояти).

Ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, биз мўмин-мусулмонларнинг бир-биримиздаги ҳақ-ҳуқуқларимиздан бири касал бўлган яқинларимиз ёки қавму қариндошларимиздан бемор бўлиб қолганларини дарҳол кўргани боришлик экан. Беморни зиёрат қилиш эса Ислом динида энг савобли амаллардан ҳисобланади. Бунга, ушбу келтириладиган ҳадислар ажойиб далилдир.

“Бемор биродарининг зиёратида борган мусулмон киши, то қайтиб келгунча, жаннат боғлари ичра сайр қилиб юрган бўлади”.

Бошқа бир ҳадисда эса “Бир мусулмон бошқа бир мусулмоннинг касаллигини эрталаб кўрса, албатта унга кечқурунгача етмиш минг фаришта саловат айтади. Агар кечқурун касални кўрса, албатта унга етмиш минг фаришта эрталабгача саловат айтади. Яна унга жаннатда бир боғ яратилади”.

Алҳамдулиллаҳ, юртимиз тинч, турмушимиз осуда, беморларимизга клиника ва шифохоналарда даволаниш учун барча жиҳоз ва шароитлар муҳайё. Давлатимиз раҳбари томонидан барча ислоҳотлардан асосий мақсад одамлар ҳаётини яхшилаш экани, сифатли тиббий хизмат бу борада муҳим ўрин тутиши таъкидлаб келинмоқда.

2021 йилнинг “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилинишидан ҳам бу соҳани янада такомиллаштириш, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш назарда тутилган.

Халқимиз Рамазон ҳайитини тинчлик-хотиржамликда, шукроналик билан байрам қилиб, ўзаро меҳр-оқибат янада ошиб, эҳтиёжманд оилаларга мурувват кўрсатиш, беморлар ҳолидан хабар олишдек савоб ишларни амалга ошираётган Рамазон ҳайити кунлари шундай эзгу қадриятларимизга мувофиқ, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 14 май куни Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказига борди ва шифохонада даволанаётган болалар ва уларнинг оналари билан суҳбатлашди.

Пайғамбаримиз (с.а.в) беморни зиёрат қилиш одоблари ҳақида шундай марҳамат қилганлар: “Сиздан бирортангиз касал кўришга борса, у билан қўл бериб кўришсин ва қўлини беморнинг пешонасига қўйиб аҳволини сўрасин, унга шифо ва узоқ умр тиласин. Ва ундан ўзининг ҳаққига дуо қилишини сўрасин. Зеро, касал кишининг дуоси фаришталарнинг дуоси каби ижобатдир”. Бундан ташқари, яна беморнинг тузала бошлаганига ишора қилиш, самимий сўзлар билан унинг кўнглини кўтариш ҳам одобдир.

Бемор болалар ҳолидан хабар олган давлатимиз раҳбари оналар ва болаларни Рамазон ҳайити билан муборакбод этиб: “Бугун келишимдан мақсад - сизларга янаям кўпроқ шароит яратиш, касалларни тезроқ оёққа турғазиш, даволаш кафолатини ошириш бўйича чораларни белгилаш. Сизлар ҳаммангиз менинг фарзандларимсизлар. Ҳар куни кулиб туриб, ота-оналарингга мадад бўлишларингиз керак. Албатта тузалиб кетаман, деган интилишингиз бўлиши керак. Биз бунинг учун ҳамма шароитларни яратишга ҳаракат қиламиз”, дейиш орқали уларнинг кўнгилларини кўтардилар, шифо топишларига умид бағишладилар. Бундан ташқари, ушбу касалликни бартараф этиш бўйича ҳукумат томонидан бажариладиган амалий ишлар ҳақида ҳам тўхталдилар.

- Кўнгилларингиз бўлинмасин. Бир ўзларингиз эмассизлар. Ҳаммамиз ҳамдардмиз. Бу соҳада имкониятларни яхшилаш учун янги марказ қурамиз. У ерда оналар учун ҳам, болаларнинг ўқиши учун ҳам шароит бўлади, даволаш ҳам ўзгаради. Энг катта ниятимиз - тезроқ даво топиб, уйга, оилангиз бағрига қайтишингиз, - деди Президент.

Бемор дардига шифо топишда албатта, тиббий мутахассис кўмагига муҳтож бўлади. Бу пайтда у моҳир, ўз ишининг билимдони бўлган табиб ёки шифокорга мурожаат этиши лозим.

Аллоҳ таоло айтади: “Бас, агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан сўрангиз!” (Анбиё сураси, 7-оят.)

Муфассир уламолар бу оят маъносини кенг тушуниш, яъни турли соҳа ва илмларда ҳам билимдон, мутхассислардан ёрдам сўраш зарурлигини айтганлар. Бу фақат диний, ақидавий масалалар билангина чегараланиб қолмайди. Инсоннинг жисмоний саломатлигини сақлаши, касалликларга муолажа қилишида ҳам ушбу оятга амал қилиши лозимлиги таъкидланади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Аллоҳ дардни ҳам, давони ҳам туширган ва ҳар бир дардга давосини қилиб қўйган. Шундай экан даволанинглар”, дея марҳамат этганлар. Бу ҳадиси шариф мусулмон табибларини замонлар оша ҳар қандай касалликни даволашга қурби етганча уринишга ундаб келган ва янги-янги дориларни кашф этишларида илҳом манбаи бўлган. Иншаллоҳ, бу беморлар ҳам даво топадилар, ота-оналарини шод этиб, келгусида халқимиз ва мамлакатимиз фаровонлиги учун бел боғлаб хизмат қиладилар. Зеро, уларнинг шифо топишлари учун зарурий чоралар кўрилмоқда. Аллоҳ таоло барча беморларга Ўзи шифои комил берсин.

Зайниддин Эшонқулов,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилоятидаги вакили

1758 марта ўқилди

Мақолалар

Top