Мақолалар

“Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом шундай эдилар”

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ҳақида шундай дейдилар: Мен уйқу билан уйғоқлик ўртасида эдим, шу пайт Жаброил билан Микоил алайҳумассалом фаришталар келдилар ва Жаброил алайҳиссалом Микоил алайҳиссаломга: Эй Микоил, уни вазнини ўлча, дедилар. Микоил алайҳиссалом мени ўнта киши билан ўлчади ва мен оғир босдим.
Жаброил алайҳиссалом: юзта киши билан ўлча, дедилар. Мени юзта киши билан ўлчади ва мен оғир босдим. Жаброил алайҳиссалом: мингта киши билан ўлча, дедилар. Мени мингта киши билан ўлчадилар ва мен оғир босдим. Шунда Жаброил алайҳиссалом: Уни ҳақ билан юборган зотга қасмки, агар осмонлар ва ер аҳолисининг ҳаммаси билан ўлчасак ҳам, у оғир босади, дедилар.
Бир куни Пайғамбаримиз алайҳиссалом Абу Бакр, Умар ва Усмон разияллоҳу анҳумлар билан Уҳуд тоғига чиқдилар. Тоғни тепасига етганларида у силкина бошлади. Шунда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: Эй Уҳуд, тинчлан. Сени устингда Пайғамбар, Сиддиқ ва иккита шаҳид турибди, дедилар.
Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: Аллоҳ таоло Сизга салом йўллади ва сизнинг даражангизни улуғ қилганлигини айтди. Қачон Аллоҳнинг исми зикр этилса, албатта ўша вақтда сизнинг ҳам исмингиз зикр этилиши, даражангиз улуғ эканлигидандир, деди. Яъни, Ла илаҳа иллаллоҳ (Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ) дейилганда, Муҳаммадун расулуллоҳ (Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси) дейилади. Ушбу калима кундаги беш вақт намозга айтиладиган азон калималарида мавжуд. Намознинг ичидаги ташаҳҳуд калималари ичида мавжуд. Ҳатто, сўнги нафасда, жон чиқар арафасида айтилиши марғуб.
Пайғамбар алайҳиссаломга Мусонинг шижоати, Ҳоруннинг шафқати, Довуднинг пешқадамлиги, Сулаймоннинг улуғлиги, Яҳёнинг очиқлиги, Исонинг меҳрибонлиги, Айюбнинг сабри берилган.
Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссалом ҳақларида қасам ичиб шундай деган: Қудратим ва улуғлигимга қасамки, эй Муҳаммад, қайси йўлдан юрмасинлар ва қайси эшикни тақиллатмасинлар агар сизнинг ортингиздан эргашмас эканлар уларга ҳеч қачон очилмайди.
Пайғамбар алайҳиссалом ҳатто Исро ва Меърожга чиққанларида, Сидратул мунтаҳога етганларида ҳам оёқларида кавушлари бор эди, Мусо алайҳиссаломга эса, ерда бўла туриб: “Бас, оёқ кийимингни ечгин. Чунки сен муқаддас Туво водийсидадирсан”, (Тоҳо, 12) деди.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу Расулуллоҳни васф қила туриб шундай деганлар: Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра гўзалроқ кимсани кўрмадим. Гўёки қуёш у зотнинг юзларида порлар эди. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло қуёш ҳақида: “Чарақлаб турувчи чироқни (қуёшни пайдо) қилдик” (Наба, 13) деган бўлса, Пайғамбаримиз ҳақларида: “Аллоҳнинг изни билан (Сизни) Унга (Унинг динига) даъват қилувчи ва (йўл кўрсатувчи) нурли чироқ қилиб ҳам (юбордик)” (Аҳзоб, 46) деган.
Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳу айтадилар: Мен расулуллоҳ алайҳиссаломни ғусл қилдириш учун кирганимда, кийимларини еча олмадим, чунки у зотнинг баданларидан таралаётган нур кўзларимизни қамаштириб юборди. Шунинг учун кийимларининг устидан сув қуйиб муборак жасадларини ювдик.
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши пайғамбар алайҳиссаломдан: Сизга жанозани ким ўқисин, деб сўраганларида: Мени ювиб, кафанлаб бўлганингиздан кейин бир фурсатга ёлғиз қолдиринглар. Менга биринчи бўлиб Халилим Жаброил ва Микоил жаноза ўқийдилар, сўнгра Исрофил ва ўлим фариштаси ўқийдилар. Ана ундан кейин жамоат-жамоат ва ёлғиз ҳолда аввал эркаклар, сўнгра ёллар ўқисинлар, дедилар.
Аллоҳумма солли ва саллим ала саййидина Муҳаммад.

https://t.me/tuhur

Ҳомиджон Ишматбеков,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари

2310 марта ўқилди

Мақолалар

Top