Мақолалар

ҲАЁ

Ҳаё – ахлоқшунослик тушунчаси. Муҳим ахлоқий меъёр, айни пайтда хулқий гўзалликнинг асосий белгиларидан бири. Ҳаё уят ҳисси билан ўхшаш бўлса-да, аслида андиша ва ибога яқин фазилат тарзида намоён бўлади, у нафосат билан уйғунлашиб кетади. Уят ҳиссида инсоннинг ўзи содир этган ёки бошқалар воситасида амалга оширилган ахлоқийликка зид хатти-ҳара-катларидан ноқулай вазиятга тушиш, ўнғайсизланиш ҳолати пайдо бўлади, бу ҳолат хатти-ҳаракат содир этгандан сўнг ҳам давом этади ва кўп ҳолларда виждон азобини қўзғатади. Ҳаёда эса мазкур ҳолатлар соф маънавий характерга эга бўлиб, улар хатти-ҳаракат содир этилаётган пайтдагина юзага чиқади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Иймон етмиш нечта  шохчадан иборатдир. Ҳаё иймоннинг шохларидан бир шохдир”, дедилар. (Имом Бухорий ривоят қилганлар).

Уламоларимиз ҳақиқий ҳаёни эҳсон билан қиёс қиладилар. Эҳсон нима? Ҳадиси шарифларда келтирилганидек, эҳсон Аллоҳ таолони кўриб турганингдек ибодат қилмоғингдир. Ҳаё ҳам айнан шунинг ўзи, дейдилар. Намозда рўбарў бўлаётган эканмиз, Аллоҳ таолони кўриб тургандек ибодат қила олишимиз керак. Шунда мукаммал ҳаё рўёбга чиққан бўлади. Минг афсуслар бўлсинки, айримларимиз мана шу ҳаёдан маҳруммиз. Бундан ғафлатдамиз. Асосий катта шох бўлган намозга эътибор берамизу, лекин мана шу шохнинг асл меваси бўлмиш ҳаёга эътибор бермаймиз.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи саллам саҳобаи киромларга ҳаёнинг нима эканлигини тушунтириб: “Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилмоқлик билан ҳаё қилинглар” дедилар. Саҳобаи киромлар: “Алҳамдулиллаҳ, я Расулаллоҳ, биз Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қиламиз”, дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлар айтаётган ҳаё ҳақиқий ҳаё эмас. Балки ҳақиқий ҳаё бош ва бошга тегишли бўлган барча аъзоларни Аллоҳ манъ этган нарсалардан сақламоқдир. Қорин ва қорин бўшлиғига тегишли бўлган барча аъзоларни Аллоҳ манъ этган ишлардан сақламоқ ва ўлимни эслашу, ўлимдан кейинги азобу уқубатни унутмаслик. Кимки мана шу ишларни амалга ошира олса, Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилибди” дедилар.

Имом Ҳасан розияллоҳу анҳу, ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг ҳаёларини зарбулмасал қилиб келтирар эканлар: “Усмон розияллоҳу анҳу шу даражада ҳаёли эдиларки, уйларининг ичкарисига кириб, эшикни бир неча марта қулфлаб олиб, чўмилмоқчи бўлсалар, кийимларини ечгани ҳаё қилар эдилар”, дейдилар. Аллоҳдан ҳаё қилишликнинг ҳақиқий кўриниши, бир инсон жамоат жойида қандоқ ҳаёлик бўлса, ёлғиз қолганда ҳам худди шундай ҳаёли бўлиши кераклигидир.

Алҳамдулиллаҳ, ҳаммамизда қанчадир миқдорда ҳаё бор. Айниқса Рамазон ойида бу кўпчиликда намоён бўлади, чунки рўза ибодати ҳам ҳаёсиз инсонда амалга ошмайди. Шунинг учун рўза тутиш давомида ҳеч ким кўрмайдиган жойда ҳам емаймиз, ичмаймиз, гуноҳу-маъсият қилмаймиз. Демак, мана шу ҳаёнинг бошланишидир. Бу ишлар бизда ҳаёнинг бор эканлигининг аломатидир.

Ҳар бир инсоннинг фитратида Аллоҳ таоло ҳаёни бор қилиб яратади. Аммо шуни ривожлантириш, уни шариатнинг қолипига мувофиқлаштириш ўша инсоннинг ўзига қолган иш бўлар экан. Бу эса у инсоннинг касби билан ҳосил бўлади. Агар ушбу ҳаё ўз ҳолига ташлаб қўйилса, у шариатдан ташқари ҳам бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло барчамизни ҳаёли бандаларидан қилсин.

Хожа   Бухорий    ўрта   махсус

ислом билим юрти тарбиячиси:

Холмурод Раҳимов

5259 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top