Мақолалар

Динда саволим бор: Тушлар ҳақида (Кўрилган туш бирор нарсадан дарак беради-ми?)

— Туш кўриш ва унинг таъбирлари тўғрисида динимизда нима дейилган?

– Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий алайҳиссалом: “Туш уч хилдир: Солиҳ туш – Аллоҳдан севинч башоратидир. Маҳзун туш – шайтондандир. Киши ўзига ўзи гапирган нарсани тушида кўриши. Агар бирингиз ўзига ёқмаган нарсани туш кўрса, туриб намоз ўқисин. Уни одамларга айтмасин”, дедилар”. 

 

– Билишимизча, раҳмоний ва шайтоний тушлар бўлар экан, шулар ҳақида тўхталсангиз, илтимос.

Бу ҳадиси шарифда туш ҳақида бир неча умумий қоида бўлган ҳақиқатлар зикр қилинмоқда. Мусулмон уламолар тушни уч турга бўладилар:

  1. Аллоҳдан бўлган илҳомий тушлар. Уларга “Юсуф” сурасидаги тушлар мисол бўлади. Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрган тушлари ҳам шу хилдаги тушлардан.
  2. Ҳаётда бўлиб ўтган нарсаларни хотирлаб, эсга олиб, сўнгра ухлагандан кейин ўша нарсаларнинг тушга кириши. Бу тушнинг эътибори йўқ.
  3. Шайтон таъсири остида кўриладиган алғов-далғов тушлар. Бунинг ҳам ҳеч қандай эътибори йўқ. Шунинг учун ҳам ҳар бир кўрган тушни эътиборга олиб, таъбирини ахтаришга тарғиб қилиш ҳам йўқ.

 

— Ҳар қандай кўрилган туш бирор нарсадан дарак беради-ми?

— Туш инсон тақдирини белгиламайди. Буни ҳаётий мисол орқали кўриш мумкин. Яхши ва эзгу ишлар қилувчи қалбида кири йўқ инсон баъзан тушида ёмон, хунук манзаралар, қўрқинчли воқеа ва ҳодисаларни кўриши мумкин. Бу ўша инсоннинг ҳаёти, турмуш тарзи ёмон экани ёки оқибати нохуш бўлишидан дарак бермайди. Бунда у ёмон тушдан паноҳ сўраши талаб этилади. Бунинг акси ўлароқ, баъзи ҳолларда ёмон ва разил кишилар ҳам яхши, ёқимли тушлар кўриши мумкин. Бу ўша инсоннинг оқибати яхши бўлишига далолат қилмайди. Демак, яхши одамнинг нохуш туш кўриши унинг ёмонлигига далолат қилмайди.   

Тушга ортиқча баҳо бериб, уни ҳаёт мезонига айлантириш, ҳар сафар туш кўрганда фолбин ва кинначилар ҳузурига чопиб боравериш ақлли, ўзини билган онгли инсонга ярашмайди. Биз динимиз кўрсатмаларига оғишмай амал қилсак, ҳам моддий, ҳам руҳий тарафдан соғлом, иродамиз мустаҳкам бўлади.

 

Банда Аллоҳни тушида кўриши мумкинми? Бу раҳмоний туш бўлади-ми?

— Аллоҳ таолони тушда кўриш бор нарса. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бир неча ҳадисларида: “Роббимни тушимда кўрдим”, деганлар. Шулардан бири имом Аҳмад ўз “Муснад”ларида, шунингдек, имом Термизий ҳам “Сунан”ларида келтирганлар. Мужтаҳид имомларимиз ҳам бир неча бор тушларида Аллоҳ таолони кўрганларини айтганлар. Аҳли сунна вал жамоа уламолари: “Аллоҳ таолони тушда кўриш мумкин”, дейдилар. Бунинг ҳақиқати шуки, Аллоҳ таолонинг мисли-ўхшаши йўқ. Бу ҳақда Аллоҳ таоло:

﴿لَيْسَ كَمِثْلِهِ شَيْءٌ﴾

“У Зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир” деб марҳамат қилган (Шууро сураси, 11-оят). Лекин Аллоҳ таоло Ўзига масал-мисолни исбот қилган.

﴿اللَّهُ نُورُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ مَثَلُ نُورِهِ كَمِشْكَاةٍ فِيهَا مِصْبَاحٌ الْمِصْبَاحُ فِي زُجَاجَةٍ الزُّجَاجَةُ كَأَنَّهَا كَوْكَبٌ دُرِّيٌّ يُوقَدُ مِنْ شَجَرَةٍ مُبَارَكَةٍ زَيْتُونَةٍ لَا شَرْقِيَّةٍ وَلَا غَرْبِيَّةٍ يَكَادُ زَيْتُهَا يُضِيءُ وَلَوْ لَمْ تَمْسَسْهُ نَارٌ نُورٌ عَلَى نُورٍ يَهْدِي اللَّهُ لِنُورِهِ مَنْ يَشَاءُ وَيَضْرِبُ اللَّهُ الْأَمْثَالَ لِلنَّاسِ وَاللَّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمٌ﴾

“... Аллоҳ осмонлар ва ернинг нуридир. Нурининг мисоли худди бир токча, унинг ичида чироқ бор, чироқ эса шиша ичида, шиша эса гўё дурдан бўлган бир юлдуз бўлиб, шарқий ҳам, ғарбий ҳам бўлмаган муборак зайтун дарахтидан ёқиладир. Унинг мойи ўзига олов тегмаса ҳам, ёритиб юборай дейди...” (Нур сураси, 35-оят).

Аллоҳ таолони бирор нарсага ўхшатишлик билан мисол келтириш мумкин. Худди юқоридаги оятда Аллоҳ таоло нурининг мисолини келтиргани каби. Мисол келтириш билан бир нарсага ўхшатиш деган нарса келиб чиқмайди.

Инсон Аллоҳ таолони тушида айни ўзини ҳам, мислини ҳам кўрмайди. Аллоҳ таолонинг айни Ўзини бу дунёда кўришнинг имкони бўлмагани учун кўра олмайди. Мислини эса Аллоҳ таолонинг мисли йўқ бўлгани учун кўра олмайди. Лекин тушда Унинг мисолини кўра олиши мумкин. Валлоҳу аълам!

— Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни тушда кўриш учун алоҳида намоз ўқиш керак деб эшитганмиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тушда кўришнинг маълум бир дуолари ҳам бор эмиш? Шу ҳақда маълумот берсангиз?

— Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни тушда кўриш намози деган нарса йўқ. У зот алайҳиссаломни тушда кўриш учун тавсиялар келган. Жумладан, “Қадр” сурасини ҳар куни қуёш чиқиш ва ботиш чоғида 21 мартадан ўқишни одат қилган киши, “Кавсар” сурасини бир кечада минг марта ўқиган киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Аллоҳнинг хоҳиши билан тушида кўради сингари кўплаб тавсиялар бор.

 

— Одам нохуш туш кўрганда нима қилиш борасида ҳадиси шарифларда қандай кўрсатмалар келган?

— Абдуллоҳ ибн Абу Қатода отасидан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Солиҳ туш Аллоҳдан, ёмон туш шайтондан. Бирортангиз ўзи қўрқадиган бир туш кўрса, чап томонига туфласин ва унинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ сўрасин, шунда унга зарар қилмайди”, дедилар” (“Олтин силсила” китобидан Саҳиҳул Бухорий). 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси шарифларида: “Агар бирортангиз ўзи яхши кўрган нарсасини тушида кўрса, бошқаларга айтсин. Ёмон кўрадиган нарсасини тушида кўрса, чап томонига уч марта туфласин-да, бошқа томонга ёнбошлаб олсин. Аллоҳдан унинг шарридан сақлашини сўрасин. Бировга бу тушини айтмасин. Шунда туш унга зарар қилмайди”, деганлар.

 

— Халқимиз орасида “тушда тиши тўкилса, бирор кими вафот этади”, “илон душмандан далолат” ва шунга ўхшаш гаплар бор. Улар қанчалик асосли?

— Аввал айтилгандек, аввал чап тарафига туфлайди, паноҳ тилайди ва кейин туриб таҳорат қилиб намоз ўқийди. Яна муҳим шартлардан бири ўша ёқимсиз тушни бировга айтмасликдир. Валлоҳу аълам.

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

33013 марта ўқилди

Мақолалар

Top