Мақолалар

Тўрт гумбази кумуш билан қопланган мадраса

Амир Темур даврида Самарқандда фақат иккита мадраса қурилган эди. Иккови ҳам мўъжазгина ва сулолавий даҳмалар бўлиб, булар Амир Темур мажмуасидаги Муҳаммад Султон ҳамда Сароймулк хоним мадрасаларидир. Мирзо Улуғбек даврига келиб, мадрасалар кўпайди, деб хабар бермоқда “Зарафшон” нашри.

Улуғбек мадрасаси меъморчилик асари сифатида Шарқ обидаларининг мумтоз намунасидир. ХV асрда Регистонда қурилган барча иншоотлардан фақатгина Мирзо Улуғбек мадрасаси, бир мунча хароба ҳолида бўлса ҳам, бизгача етиб келган. Мадраса икки қаватли бўлиб, 55 та ҳужра ва тўрт бурчагида катта дарсхоналар ва айвонлардан иборат.

Махсус таълим олиш учун белгиланган ҳужраларда 2-3 толиби илм ўқиган ва яшаган. Ҳар бир хона ўқиш, яшаш ва алоҳида қисмида керакли нарсаларни сақлаш вазифасини бажарган. Дарсхоналарда алоҳида гуруҳлар учун фан машғулотлари ўтказилган. Айвонлар ёзги дарсхона вазифасини бажарган. Ғарб тарафдаги икки дарсхона ўртасида масжид жойлашган. Унинг дарсхонаси ҳамда ҳовли билан боғловчи иккита эшиги бўлган.

Мадраса баланд пештоқлидир. Унинг ён томон деворлари йирик ҳандасавий нақшлар билан безатилган. Умуман олганда, мадраса нақшларга бой, ажойиб ўзига хос кўринишга эга. Оддий ғишт билан безакли ғиштларнинг бирга қўшиб ишлатилиши, кошинбуриш ва мармар ўймакорлиги намуналари яхлит бадиийликни ташкил қилади.

Нақшлардаги ранг-баранг, юлдузсимон тасвирлар ва сулс хатида битилган муқаддас Қуръондан келтирилган оятларнинг ўзи ҳам Мирзо Улуғбекнинг буюк донишманд олим эканлигига ишорадир. Мадрасанинг тўрт бурчагидаги баланд миноралар бинони яна ҳам кўркам ва салобатли қилиб кўрсатиб турибди.
Улуғбек қурдирган ушбу мадраса ўз даврининг илғор, барча шароитларга эга мукаммал олий ўқув юрти бўлиб, Шарқдаги биринчи дорилфунун ва кенг имкониятларга эга илмий муассаса сифатида катта шуҳрат қозонди. Шу билан бирга бутун дунёда Улуғбек академияси сифатида машҳур бўлди.

Улуғбек мадрасаси ҳақида Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Бобурнома” асарида қуйидаги маълумотларни ёзиб қолдирган: “Улуғбек Мирзонинг иморатларидин Самарқанд қалъасининг ичида мадраса ва хонақоҳдур. Хонақоҳнинг гумбази бисёр улуғ гумбаздур, оламда онча улуғ гумбаз йўқ деб нишон берурлар. Яна ушбу мадраса ва хонакоҳга ёвуқ бир яхши ҳаммом солибтур, Мирзо ҳаммомиға машҳурдур, ҳар навъ тошлардин фаршлар қилибдур. Хуросон ва Самаркандда онча ҳаммом маълум эмаским, бўлгай”, деб ёзади.

Мирзо Улуғбекнинг Самарқандда барпо этган мадрасаси ва унда ўша даврдаги илмга бўлган муносабат мавжуд манбаларда қанчалик улуғланса, вақт ўтиши билан мадрасанинг фаолияти чекланиб қолганлиги кейинги тарихчиларнинг асарларида қайд этилади.

В.Л.Вьяткиннинг шахсий коллекциясида рўйхатга олинган Саййид Раҳим исмли тарихчи қуйидагиларни ёзиб қолдирган: «Иморатнинг баландлиги осмон қадар, унинг оғирлигидан замин титрайди. Иморатнинг тўртта гумбази бинонинг тўрт томонида қад кўтарган ва кумуш билан қопланган. Ушбу баланд мадраса 2 қаватдан иборат. Ҳар бир қаватда икки талабага мўлжалланган ҳужралар мавжуд. Ҳозир (1701-1702 й.й.)да мадрасада аҳли илмлардан бир зот йўқ, фақатгина тўртта баланд гумбаз титраган кўзлари билан маъюс боқади”, деб, афсус билан мадраса фаолиятини тўхтаб қолганлигини айтади.

Самарқанддаги Улуғбек мадрасаси ХV-ХVII асрларда гавжум илм даргоҳи бўлган. ХVIII аср бошларидан сўнгги аштархонийлар даврига келиб, таназзулга юз тутган ва мадраса сифатидаги фаолиятини бир муддатга тўхтатган.

Манбалардан маълум бўлишича, Бухоро амири Ҳайдар даврига келиб илм-фан соҳасига бўлган эътибор яна жонланган. Улуғбек мадрасасининг ҳам фаолияти тикланган.

Аслиддин Сафаров,
Регистон ансамбли гид экскурсоводи.

1633 марта ўқилди

Мақолалар

Top