Мақолалар

Ҳаётингизни гўзаллик сари ўзгартиринг ёхуд Расулуллоҳнинг 12 суннатлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким менинг суннатимни тирилтирса, менга муҳаббат қилибди. Ким менга муҳаббат қилса, жаннатда мен билан бирга бўлади", дедилар (Имом Термизий ривояти).

 

  1. Уйқуга эрта ётинг ва барвақт туринг.

Кечқурун ухлашга вақтли ётинг, шунда таҳажжуд ва бомдод намозларини адо этишга қийналмайсиз. Натижада эрта тонгдан ишингизни бошлайсиз ва кунингиз баракали ҳамда хайрли ўтади.

 

  1. Табассум қилинг.

Динимиз қовоқ солиб юришдан ҳам, доимо ҳазил-мутойиба билан қаҳқаҳа уриб юришдан ҳам қайтаради. Балки жиддийлик, виқорлик ҳамда хушчақчақлик ва ишонч билан юришга буюради. Юзни тириштириб, қовоқ солиб юриш кишининг нимадандир норозилигига ишора қилади.

Ислом динида табассум одатий амал эмас, балки ибодат ҳисобланади. Табассум инсон жисми ва ақлига фойда беради, қон босимини ошишидан ва юрак хасталикларидан ҳимоя қилади.

Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтадилар:Мен мусулмон бўлганимдан кейин қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган бўлсам, албатта юзимга табассум билан қараганлар” (Имом Бухорий ривояти).

 

  1. Мисвок ишлатинг.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мисвок оғизни покловчи ва Аллоҳни рози қилувчидир”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Насоий ривояти).

Мисвок милкни бақувват қилади. Тиш тошларини, оғиздаги нохуш ҳидлар ва бактерияларни йўқотади. Хотирани мустаҳкамлайди, нутқни равон қилади. Кўз нурини равшанлаштиради, ошқозон-ичак хасталикларининг олдини олади.

 

  1. Сочни парваришлаб туринг!

Афсуски, бугунги кунда аксарият одамлар соч тўкилиши муаммосидан шикоят қилмоқда. Айниқса, бу касаллик кундан кунга ёшлар орасида ҳам тобора авж олиб бормоқда. Унинг сабаблари кўп, аммо сочини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашиш учун парваришлайдиганлар жуда кам.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг сочи бўлса, унга эҳтиром кўрсатсин”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Сочни мой суртиб парваришлаш ҳам фойдали, ҳам унутилган суннат амаллардан биридир.

 

  1. Овқатланишнинг олтин қоидаси – "уч бирини тўлдириш"га амал қилинг.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсон қорнидан ёмонроқ идишни тўлдирмайди, одам боласига белни қоим қиладиган кичик луқма кифоядир. Бас, қориннинг учдан бири таом, бири сув ва қолгани нафас учундир”, деганлар (Имом Термизий, Имом Аҳмад ривояти).

Мутахассислар айтишича, ошқозоннинг тўла бўлиши, инсоннинг чуқур нафас олишига тўсқинлиқ қилар экан. Эркин нафас олмаслик оқибатида қон кислород билан тўйина олмайди. Қолаверса, танадаги модда алмашинуви бузилади ва қоннинг кислород билан тўйиниши учун етарли миқдорда кислород кирмайди. Бу турли касалликлар келиб чиқишига сабаб бўлади.

 

  1. Сувни тик туриб ичманг!

Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сувни тик туриб ичишдан қайтарганлар (Имом Муслим ривояти).

Овқат ва сувни ўтирган ҳолатда ейиш ва ичиш соғлиқ учун фойдалидир. Бунда инсоннинг ошқозони тинч ва бўшашган ҳолатда бўлади, бу эса ўз навбатида сувни ошқозонга ҳеч қандай тўсиқларсиз тўғри келиб тушишини таъминлайди. Ўтириб ичилганда сув аввал ошқозонга тушиб, кислотали муҳит билан қоришади, сўнгра организмдаги микробларни тозалайди ва ўн икки бармоқ ичакка ўтади. Инсон тик туриб сув ичганда эса, сув тўғридан-тўғри ўн икки бармоқ ичакка ўтиб кетади. Бу инсон саломатлиги учун хавфли ва зарарлидир.

 

  1. Гапирсангиз фақат яхши сўзларни сўзланг ёки жим туринг!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса (фақат) яхши сўзларни сўзласин ёки сукут сақласин”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

 

  1. Беморларни зиёрат қилиб туринг.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки бир бетоб мусулмонни эрталаб бориб кўрса, албатта, унга кечқурунгача етмиш минг фаришта салавот айтади. Агар кечқурун бориб кўрса, унга етмиш минг фаришта эрталабгача салавот айтади. Яна унга жаннатда бир боғ яратилади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

 

  1. Ўнг томонга қараб ётинг.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамиша ўнг томонга ёнбошлаб, ўнг кафтларини юзларига қўйиб ётганлар.

Набий алайҳиссалом Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳуга: "Қачон ётмоқчи бўлсанг, намозга қиладиганингдек таҳорат қил. Сўнг ўнг томонинг билан ёнбошла ....", деганлар.

Олимларнинг таъкидлашларича, ўнг ён билан ётиш Альцгеймер, Паркинсон ва бошқа асаб касалликларининг юзага келиш хавфини камайтиради.

Ўнг ён билан ётилганда жигар осилиб қолмасдан бир текисда туради. Ошқозон ҳам жигарнинг тепасида қулай жойлашади. Ошқозон озиқ-овқатни ҳазм қилиб бўлгач, осон ва енгил тозаланади.

Ўнг томонга қараб ухлаш чап ўпканинг нафас олиш йўлларидаги шиллиқсимон суюқликларни чиқариб юборишидаги вазифасини енгиллаштиради.

 

  1. Уйга кирганда салом беринг.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “…Бас, қачон уйларга кирсангиз, бир-бирларингизга Аллоҳ ҳузуридан бўлган муборак, покиза саломни айтинг (яъни “Ассалому алайкум” денг!)…” (Нур сураси, 61-оят).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: "Эй бола, агар уйингга кирсанг аҳлингга салом бер, сенга ва аҳли байтингга барака бўлади", дедилар".

 

  1. Шайтон боғлаган уч тугунни ечинг.

Ширин уйқудан кечиб бомдод намозини адо этиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Агар сизни ҳам шу муаммо қийнаётган бўлса, ушбу ҳадисга амал қилишга ҳаракат қилинг. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз қачон ухласа, шайтон унинг боши орқасига учта тугун тугади. Ҳар бир тугунни боғлаб: “Сени устингда узун кеча бор, ухлай қолгин!” дейди. Агар у уйғониб, Аллоҳни зикр қилса, бир тугун ечилади. Агар таҳорат қилса, яна бир тугун ечилади. Агар намоз ўқиса, тугунлари ечилиб, фаол, руҳи пок бўлиб ўйғонади. Агар ундоқ қилмаса, руҳи чиркин, ўзи дангаса бўлиб ўрнидан туради”, дедилар.

 

  1. Қон олдириб туринг!

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Даволанадиган яхши нарсаларингиз ичида энг яхшиси қон олдиришдир", деганлар (Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд ривояти).

Қон олдириш орқали хасталикка сабаб бўлаётган зарарли қонлар чиқиб кетади.

Қон суюқлашиб томирлар юмшайди, қон айланиш жараёни яхшиланади.

Қон олдириш кўзни равшанлаштиради. Қон олдиришнинг яна бошқа жуда кўплаб фойдалари бор.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

2386 марта ўқилди

Мақолалар

Top