Мақолалар

Ўзгалар қалбини хурсанд қилишлик

Бир ажойиб воқеа эсимга тушиб кетди. Мен бу воқеани падари бузрукворим раҳматуллоҳи алайҳдан эшитганман. Жуда ибратли воқеадир. Ҳазрат Мавлоно Ашраф Али Таҳановий раҳматуллоҳи алайҳнинг икки аёллари бор эди. Бири ёши катта ва бири ёши кичик эди. Иккиси Ҳазратга жуда боғланган эдилар. Лекин катта аёллари узоқ вақтдан бери бирга эдилар ва Ҳазратга кўпроқ ором етказишлик фикрида турар эдилар. Ҳайит яқинлашаётган эди. Катта аёлларининг қалбига Ҳазрат учун бирор энг яхши матодан узун камзул тикиб берилса деган ўй келди. Ўша пайтда “Кўз завқи” номли бир кийим кийилар эди. У жуда севимли турдаги кийим бўлар эди. Энди, Ҳазратдан сўрамасдан материал сотиб олиб, ўша узун камзулни тикишни бошлаб юбордилар. Камзул тикилгандан кейин тўсатдан уни тақдим қиламан, ўшанда тўсатдан тақдим қилиниш сабабли хурсандлик кўпроқ бўлади деган ўйда Ҳазратга буни айтмадилар. Бутун Рамазон уни тикишда машғул бўлдилар. Чунки, у пайтда тикув машинаси ривожланмаган эди. Қўл орқали тикилар эди. Чунончи, у тикилиб тайёр бўлгач, ҳайит кечаси у камзулни Ҳазратга тақдим қилиб, мен сиз учун бу камзулни тайёр қилдим, қалбим шуни хоҳлаяптики, буни кийиб ийдгоҳга борсангиз ва ҳайит намозини ўқисангиз деди. Энди, Ҳазратнинг дидлари қаёқдаю, бу гўзал камзул қаёқда. Ҳазратнинг дидларига мутлақо хилоф эди. Лекин Ҳазрат айтадиларки, агар мен кийишни рад қилсам, у ҳолда унинг қалби тилка пора бўлади.

Чунки, у бутун Рамазон уни тикишда ғайрат қилди ва муҳаббат ила меҳнат қилди. Шунга кўра, Ҳазрат унинг қалбини риоя қилишлик учун, маша Аллоҳ, Сиз жуда яхши камзул тикибсиз дедилар ва камзулни кийдилар. Ийдгоҳга етиб бориб, намоз ўқидилар. Намоздан фориғ бўлгач, бир одам Ҳазратнинг олдиларига келиб, Ҳазрат! Сиз кийиб олган бу камзул сизга ярашмабди. Чунки, бу жуда қимматбаҳо камзулдир деди. Шунда, Ҳазрат: Ҳа, Биродар! Сен тўғри айтяпсан деб жавоб бердилар. Шундай деб, Ҳазрат у камзулни ечиб, ўша шахсга, бу сенга ҳадя, уни сен кийиб ол деб бериб юбордилар.


Шундан кейин Ҳазрат Таҳановий раҳматуллоҳи алайҳ бу воқеани менинг падари бузрукворим Ҳазрат Муфтий Муҳаммад Шафиъ раҳматуллоҳи алайҳ жанобларига сўзлаб бердилар. Мен бу камзулни кийиб, ийдгоҳга кетаётганимда, асти сўраманг, қалбим қанчалар тилка пора бўлаётган эди. Чунки, бутун умр бу турдаги қимматбаҳо кийимни хеч қачон киймадим. Лекин ўша пайт қалбда, меҳнат ила уни тикган Аллоҳнинг бандасини қалби хурсанд бўлсин деган ният бор эди. Унинг қалбини хурсанд қилишлик учун у машаққатга чидадим ва уни кийишдаги таънага ҳам дош бердим. Чунки, одамлар қанақа либос кийиб келдингиз деб, уни кийганимга таъна ҳам қилдилар. Лекин уйдагиларнинг қалбини хурсанд қилишлик учун бу ишни қилдим.


Ҳар ҳолда, инсон энг яхши кийимни ўзининг қалбини хурсанд қилишлик учун кийса, уйидагиларининг қалбини хурсанд қилишлик учун кийса ва бирор туҳфа-ҳадя берувчининг қалбини хурсанд қилишлик учун кийса, унда бирор танглик йўқ. Лекин яхши кийимни одамлар мени улуғ деб билсинлар деган мақсадда кийса, мен дабдабали кўринсам, мен дунё аҳлининг олдида буюк бўлсам ва хўжакўрсинлик учун кийса, у ҳолда у азобга сабаб нарсадир ва ҳаромдир. Ундан сақланишлик лозимдир.

Шайхул ислом, Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ.

“Ислаҳий хутбаат” китобидан. 5-жилд, 274-бет.

Абдулқайюм Комил таржимаси.

2016 марта ўқилди

Мақолалар

Top