Мақолалар

Гўзал хулқ

Оила-жамиятнинг энг мустаҳкам таянчи дедик. Лекин ҳамма оилалар хақида ҳам шу гапни айтиш мумкинми? У қачон шундай даражага кўтарилади? Ким уни ана шундай мақомга олиб чиқади? Қачонки оилаларда тарбия устувор вазифа деб қаралса. Бу борада, ҳеч шубҳасиз, ота-оналаримизнинг алоҳида ўрни бор. Таъбир жоиз бўлса, энг катта тарбиячи ота-оналаримиздир.

Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тарбия хақида бир қанча ҳадислар ворид бўлган. Ким уларга эргашса, улкан ютуқларга эришади: “Менга ушбу нарсаларга кафолат беринг, мен сизларга жаннат кафолатини бераман. Сўзласангиз, рост сўзланг. Ваъда қилсангиз, вафо қилинг. Омонат топширилса, сақланг. Кўзларингизни тўсинг ва қўлларингизни тийинг” (Имом Аҳмад). Ушбу ҳадиси шариф ижтимоий ва маьнавий тарбиянинг асосидир.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бутун ҳаётларини уммат тарбиясида ўтказганлар. Бир киши қалби қаттиқлигидан шикоят қилиб келганида, етимнинг бошини силашни буюрдилар. Насиҳат қилинг деб келган саҳобага: “Ғазаб қилма!” дедилар.

Пайғамбар бўлиб келиш сабабларидан бирини баён қилиб: “Албатта мен карамли хулқларни батамом ниҳоялаш учун юборилдим”,  деб айтганлар (Имом Бухорий).

Оишадан (розийаллоҳу анҳо) у зотнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хулқлари хақида сўралганида: “Хулқлари Қуръон эди” (Имом Аҳмад), деб жавоб берган. Яьни, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қуръондаги одоблар билан хулқланган эдилар.

Бу хусусда Анас (розийаллоҳу анҳу): “Аллоҳга қасамки, мен Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўн йил хизмат қилдим. Бирор нарсани қилган бўлсам, нега бундай қилдинг, деганларини ёки бирор нарсани тарк этсам, мана бундай қилсанг бўлмасмиди, деганларини эшитмадим”, деб гувоҳлик берганлар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Пайғамбар бўлганларидан бошлаб то вафот этгунларича одамларни тарбияга,гўзал хулққа чақирганлар. Абу Зарр (розийаллоҳу анҳу) Маккада у зотнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) даъватларини эшитиб, укасига: “Бориб қарачи, бу водий соҳиби нима демоқда?” деганлар. Укалари қайтиб келиб: “Бу водий соҳиби, яьни Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларни гўзал хулққа даьват қилаётганликларини кўрдим” деб айтган.

Чиройли ахлоқнинг тури кўп. Улардан шахсга хос бўлганлари бор: ҳақда собит туриш, ширинсўзлик, ростгўйлик, ихлос, ҳилм, олийжаноблик, юмшоқлик, адолат, омонатдорлик, ва хоказо. Улардан жамиятга хослари эса ўзлари кўмаклашиши, эҳсон қилиш, вафодорлик, саҳийлик, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш кабилардир.

Кишининг хулқи гўзал, тарбияси чиройли бўлиши комил имонли эканидан нишонадир. Чунки, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мўминларнинг имони энг мукаммали хулқи гўзал бўлганларидир”, деганлар (имом Термизий).

Гўзал хулқ сабабли киши Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) энг маҳбуб ва қиёмат куни у зотга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) энг яқин киши бўлади. Бу хусусда ҳадиси шарифда: “Огоҳ бўлинг, сизларнинг менга энг маҳбубингиз ва қиёмат кунида менга энг яқин ўтирадиганлариннгиз кимлигини айтайми? Хулқи гўзал бўлганларинигиздир” (Имом Байҳақий), яна бир ҳадисда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Албатта, киши  гўзал хулқи сабабли кундузи рўза тутувчи, кечаси ибодат қилувчи киши даражасига етади”, деб марҳамат қилганлар (Имом Абу Довуд).

“Мен хулқини гўзал қилган кимса учун жаннатнниг энг олийсидаги қасрга кафилман” (Имом Абу Довуд). Уламолар бу ҳадисни келтириб, гўзал хулқ, чиройли тарбия хақидаги ҳадислар хусусида: “Шундан бошқа ҳадис бўлмаганида ҳам кифоя қиларди”, дейишган. Қарангки, чиройли ахлоқ оҳибига шунча яхшилик, мукофотлар бор. Демак, фарзанд тарбиясига бутун куч ғайратини сарф этган ота-она, тарбиячи ва мураббийлар учун ҳам шунча савоб-мукофотлар борлигига ҳеч шубҳа йўқ.

Ота-она фарзандига фақат яхшиликни хохлайди. Ҳадиси шарифда айтилганидек, отанинг фарзандига берадиган тортиқлари ичида энг афзали тарбия ва одобдир. Фарзанд туғилганидан кейин ота зиммасига унинг моддий таьминоти билан бирга, маьнавий тарбияси ҳам вожиб бўлади. Зеро, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фарзандларингизни маҳкам тутингиз ва уларнинг одобларини гўзал қилингиз” (Имом Байҳақий), деганлар.

Инсон агар эзгу ғоялар асосида тарбия топаётган бўлса, у ҳамиша зулматдан қочиб, ёруғликка интилади. Ҳар қандай давлатни, жамиятни ўзидан нур таратадиган, шунингдек ана шундай нурга, ёруғликка интиладиган шахслардан ташкил топган оилалар, шундай оилаларда камол топган инсонлар таянч устун бўлиб ушлаб туради. Халқ ва миллатнинг маьнавияти, ахлоқи, эзгу аньаналари, қўйингки, унинг бор миллий бойлиги, бисоти ана шундай қалбларда макон топиб, тадқиқ этилиб, сайқалланиб, бойитилиб бошқа қалбларга, биздан кейинги авлодларга ўтади. 

                                                                            А.ЖУМАЕВ,

Шаҳрисабз туман бош имом-хатиби

1769 марта ўқилди

Мақолалар

Top