Мақолалар

“Тавозени бой бермаймиз”

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Қайси ёш киши кексани икром қилса, у ёш кишига Аллоҳ таоло кексанинг ёшига етганида уни икром қиладиган кишини тақдир қилади” (Термизий ривояти).

Ҳусайн Байқаро тахтга ўтирганидан сўнг ўша вақтда Самарқандда бўлган дўсти Алишер Навоийни ҳузурига чорлаб унга муҳрдорлик лавозимини топширади. Вазият шуни тақозо қиладики, Навоий ўша вақтнинг ўзидаёқ вазифасини бажаришни киришиши керак эди. Унга муҳр босиш учун бир ҳужжатни берадилар. Ҳазрат қараса, подшоҳнинг имзоси йўқ. Савол назари билан Султонга қарайди. Султон Ҳусайн дўстига муҳр босаверинг, мен кейин қўл қўяман, маъносида ишора қилади. Шунда Навоий қоғознинг шундай жойига муҳр босадики, ундан пастга қўл қўйишнинг асло иложи йўқ эди.

Шоирнинг ҳукмдорга, дўстига кўрсатган ҳурматига, эҳтиромини ифода этиш борасидаги фаросатига сарой аҳли ҳайратда қолади. Миллатимиз тарихида катталарга ҳурмат, кичикларга иззат кўрсатиш борасидаги ана шунга ўхшаш ажойиб ҳикоятлар жуда ҳам кўп.

Истиқлол арафасидаги вақтларда жамоат транспортлари бағоят тирбанд бўларди. Ёшларга ўтиришга ҳеч қачон жой тегмасди. Биз ёшлар трамвай ёки автобусда биргина ўтириб юришни орзу қилиб баъзи-баъзида ишимиз бўлса-бўлмаса тунги соат 21 дан кейин бекатга чиқардик. Ўша кунларнинг бирида метрода ёшгина жуфтлик ўтирган эди. Уларнинг бошига бир рус аёли келди ва пастгина овозда, мулойим оҳангда: “Болаларим, қаердан келдинглар?” деб сўради. Улар: ”Москвадан”, деб жавоб беришди. Шунда аёл: “Меҳмон эканликларингни нимадан фаҳмлаганимни биласизми?” деди аёл. “Йўўқ”, деди улар ҳайрон бўлиб. “Чунки бу юртнинг фарзандлари катталар тик турган жойда асло ўтирмайди”, деди аёл. Бу гапни эшитгани заҳоти йигит-қиз ўрнидан отилиб туриб кетди...

Бурунги йили хорижга борганимда бекатда туриб тўхтаган бир автобусдан “Дудуллига борадими?” деб сўрадим. “Боради, чиқинг!” дейишди. Чиқиб ўтириб олдим. Қўлимда бесўнақай, оғир сумкам ҳам бор эди. Автобус бир неча бекат юргандан сўнг бир кампир чиқди. Унга ўзимизнинг одатимиз бўйича жой бўшатдим. Шу вақт менинг қаршимда ўтирган аёл: “Бизнинг миллатга нима бўлди! Бир бегона, бир меҳмон жой бўшатди-я, шарманда бўлдик, шарманда!” дея жаврай бошлади. Жой бўшатишдек, оддийгина ишга шунча кўп шовқин солаётганига чидай олмаган бир ёш аёл: “Нега бунча ваҳима қиласиз, кўрганимда мен ҳам жой берган бўлардим, нима бўлибди шунга”, деди.  Аёл “О сингилжон, сизнинг-ку, орқа тарафингиздан келгани учун кўрмадингиз, аммо қаршингиздаги ухлаб бораётган мана бу болалар ҳам кўрмадими? миллат ухлаяпти, миллат ухлаб шарафини олдириб қўйяпти!” дея баттар аййуҳаннос солди аёл.

Уларнинг гапига бошқалар  ҳам аралашди. Қилган ишим шунчалар катта муҳокамага айланиб кетганидан хижолат бўлиб ерга қараб турганимда ёшлардан бири жойини бўшатиб мени мажбурлаб ўтқазди ҳам. Муҳокама эса авжига чиқиб бораверди. Улар шундай ажойиб гапларни айтишар эдики, эшитиб улар шоирми деб ҳайрон бўласиз. Баъзилар ёшларга дашном берса, баъзилари аёлни ваҳимачиликда айблар эди. Шунда мен сабабли яхши-ёмон гапни эшитаётган куйинчак аёлни ёқлаб: 

“Азизлар, сиз ҳаммангиз яхши биладиган бир воқеани айтиб беришимга ижозат беринг, – дедим. Ҳаммаси ялт этиб менга қаради. – Жалолиддин Румий шогирдлари билан кетаётган экан, қаршисидан насронийларнинг попи чиқиб қолибди. Румий ҳазратларининг салобати босиб ўзларининг одати бўйича кулоҳини қўлига олиб бош эгмоқчи бўлибди. Шу ниятда бош кийимини қўлига олгани заҳоти қараса, Румий ҳазратлари бош эгиб турган эмиш, яна шундай қилмоқчи бўлибди, яна қараса, ҳазрат яна ўша ҳолатда турганмиш. Хуллас, неча бор уриниб, ҳар сафар улгурмай қолаверибди. Поп ўтиб кетганидан сўнг Румийнинг шогирдлари устозининг бу ишининг замирида бир ҳикмати борлигини фаҳмлагани боис: “Нега оддий попдан олдин бош эгдингиз?” деб сўрашибди. Устоз уларга жавобан: “Тавозени уларга олдириб қўямизми!” дебди. Сиз ҳаммангиз ана шундай буюк зотнинг авлодисиз. Бу опа шунга куйиняпти – тавозени ҳимоя қилган аждоднинг авлодлари ҳурматни олдириб қўйди деб ачиняпти. Аммо мен ҳам бегона эмасман, туркийларданман, дедим.

Ўшанда нима бўлди, биласизми, ҳаммаси баробар енгил тортиб кулиб юборди. Кейин ота юрти, яъни бизнинг Ўзбекистонимиз ҳақида кўп гапларни сўрашди. Уларнинг саволларига билганимча жавоб бердим. Манзилга етиб улар билан хайрлашиб автобусдан хуш кайфиятда тушдим. Йўлда юриб борар эканман, миллатимизга хос бўлган ҳурмат-эҳтиром туйғуси қанчалар ажойиб фазилат эканидан қувониб кетдим. Ва яна орзу қилдимки, қанийди, миллатлар, давлатлар бир-бирлари билан ана шундай самимий туйғулар, инсоний фазилатлар юзасидан баҳслашса, мусобақалашса – дунёнинг қиёфаси қанчалар гўзал бўлар эди!

Дамин ЖУМАҚУЛ,

журналист

5496 марта ўқилди

Мақолалар

Top