Мақолалар

“Тараққий” газетаси

 

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, миллий тарихимизни ўрганишга бўлган эътибор ортиб борди. Жумладан, ўзбек матбуотининг тарихи кенг ўрганила борди. Бундай тадқиқотлар натижасида биринчи миллий газетамиз “Тараққий” газетаси ташкил топган кун 1995 йил 27-июндан “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни” деб эълон қилинди.

Чунки Туркистон жадид зиёлилари миллий газета чиқариш йўлида ҳаракатлари самараси сифатида 1906-йил 27-июнида Тошкент шаҳрида “Тараққий” номли газета чиқаришга эришдилар.

“Тараққий” таҳририяти ўша вақт Тошкент шаҳар Ўратепа кўчаси 97-уйда жойлашган. Газета баҳоси бир йиллига 5 сўм, олти ойлиги 2 сўм 50 тийин, 3 ойлиги 1 сўм 50 тийин, бир ойлиги 50 тийин бўлиб, бир донаси 5 тийиндан сотилган.

Жадидларимизнинг илк нашрида эълонлар ҳам босилиб, биринчи саҳифада 40 тийиндан, охирги саҳифада эса 20 тийиндан тўланган.

“Тараққий” газетаси шиори: “Нажот: маслакда сабот; тўғрилиқна ижобат” деб номланган. Фаолияти “илмий, адабий,сиёсий, фажий, тижорий газета” бўлган. Исмоил Обидий ушбу газета муҳаррири бўлган. Унга Мунаввар Қори Абдурашидхонов энг яқин ёрдамчи бўлган.                               

“Тараққий” фаолияти узоққа чўзилмади. Атига 20 сонигина дунё юзини кўрди. Аммо илк миллий-тараққийпарвар газетамиз мана шу оз вақт давомида катта ютуқларга эриша олган. Энг муҳим миллий журналистикамизга тамал тошини қўйиб, унинг давомийлигини таминлаган.

 Аслида газета катта мақсадларни ўз олдига қўйган. Жумладан: “биз бир монеъ сабабидан газетамиз бир оз вақтгача қадимий тараққий исми ила таслим қилинуб нашр этулса ҳам иншоллоҳ тез фурсатда “Шарқ” исми ила тасмиҳ қилинур” - деб “Тараққий” газетасининг илк сонида маълум қилган эди.  Газетани “Тараққий” газетаси ҳақида тадқиқот олиб борган Чўлпон, Авлоний, Зиё Саидлар бир овоздан ҳукумат томонидан ёпилганини ёзади. Ҳақиқатдан озодлик, эркинлик ғоялари яширинган ҳур фикрли мақолалар мустабид тузум амалдорларига ёқмаслиги аниқ эди.       

 “Тараққий” газетасида Исмоил Обидий ва Мунаввар Қори Абдурашидхонов билан бирга Шокир Мухторий, Исмоил Алиев, Малзу ал Фиқор, “Қаламкаш” каби публицистлар ўз мақолалари билан иштирок этиб туришган.

Ушбу газета фаолияти тўхтатилгандан кейин тараққийпарвар зиёлиларнинг журналистик ишлари тўхтаб қолмади, аксинча ривожланиб борди ва кўплаб газета ҳамда журналлар дунё юзини кўрди.

Тошкент ислом институти

“Ижтимоий фанлар” кафедраси

мудири О.Э. Тангиров

 

 

2051 марта ўқилди

Мақолалар

Top