Мақолалар

Табиатга муносабат

Аллоҳ таоло инсонни ўзи яратган барча нарсаларнинг энг шарафлиси қилиб яратди. Унга чексиз неъматлар берди. Ўзи яратган бу ажайиб оламни инсонга бўйунсунадиган қилиб қўйди. Аллоҳ таоло бандаларига шунчалик улуғ неъматлар бериши билан бирга, мазкур неъматлардан ўзи учун ва ўзгалар учун қайта фойдаланишни таълим берган. Аллоҳ таоло инсонни дунёни, табиатни асрашга, Аллоҳ таолонинг неъматларидан манфаат олишга, уларни ҳалок этмасликка, яхшилик йўлида ишлатиш ва ёмонликка ишлатмасликка буюрган.

Муқаддас китобимиз Қуръони каримнинг икки юз эллик оятида табиат, уни асраб авайлаш мавзулари зикр этилгани Исломнинг бу масалага қанчалик катта эътибор қаратишини кўрсатиб турибди. Ҳар биримизга маълумки Аллоҳ таоло оламни ажойиб аниқлик билан ва ўзаро боғлиқ ҳолатда яратган. Бу ҳақида Қуръони каримни Қамар сураси 49-оятида шундай марҳамат қилган: “Албатта, биз ҳар бир нарсани ўлчов билан яратдик”.

Демак, дунёдаги ҳар бир нарса: сув ҳам, ер ҳам, тоғ ҳам, ҳайвоноту наботот ҳам Аллоҳ таоло тамонидан ўлчов билан ва бир-бирига боғлиқ қилиб яратилган. Агар бу боғланиш бир оз бўлса ҳам бузилса, инсоният учун қатор жиддий муаммолар келиб чиқади. Шунинг учун ҳар бир инсон дунёни, табиатни асраб-авайлашга қаттиқ ҳаракат қилмоғи лозимдир. Инсон ўз уйига қандай эътибор берса, пок сақласа, атрофга ҳам ҳудди шундай муносабатда бўлиши шарт. Чунки бутун ер юзини Аллоҳ таоло инсонлар учун маскан қилиб бердики, буни “Зориёт” сураси 48-оятида бундай билдириб қўйган: “Ва ерни тўшаб қўйдик. Биз қандоқ ҳам яхши тайёрлагувчидирмиз”. Гўдак учун бешик қандай қароргоҳ бўлса, ер ҳам инсон учун шундай қароргоҳдир.

Инсоннинг бу дунёдаги масъулияти ҳақида кўплаб ҳадису шарифлар ворид бўлган, улардан бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бас, барчангиз масъулдирсиз ва барчангиз ўз масъулиятингиздан сўралурсиз”, деганлар. Бу қисқа сўзларда олам-олам маъно бор. Масъулиятдан сўраладиган кун келишидан олдин, табиат, атроф-муҳит олдидаги масъулиятимизни тўғри адо этайлик.

Ислом дини доим иймонли инсонларни ҳайвонот яъни жониворларга зарар келтирмасликка, ҳайвонларга меҳрибон бўлишга чақиради. Қуръони каримдаги кўпгина оятлар Аллоҳ таолонинг ҳайвонот оламини яратишдан мақсади, уларни муҳофаза қилиш тартиби, инсон ҳайвонот дунёсидан қандай фойда олиши мумкинлиги, ҳайвонларни тарбия қилиш йўлларини батафсил тушинтириб берган. Қуръони каримнинг “Бақара”, “Анъом”, “Фил”, “Намл”, “Наҳл” каби бир неча суралари ҳайвонлар номи билан аталади. Бу сўзларнинг таржимаси “Сигир”, “Чорва ҳайвонлари”, “Фил”, “Чумоли”, “Асалари” деганидир.

Қуръони каримда барча жонзот ва қушлар инсонлар каби “Уммат” эканлиги таъкидланади. Мана шу таъкид инсонни ўзи каби уммат бўлган барча жонлиларга нисбатан меҳрибон бўлишга ундайди. Ҳақиқатда, Аллоҳ таоло ҳайвонларни инсонларга фойда келтирадиган неъматлар қилиб яратди. Шу жиҳатдан, инсонлар бу неъматлар учун Парвардигорларига шукр қилиб, ўзлари учун фойдали ва зарур бўлган ҳайвонот дунёсини қўриқлашлари ва сақлашлари лозим бўлади. Шукр қилиш эса, икки йўл билан бўлади. Биринчиси, бундай неъматларни ато этган Аллоҳ таолога ҳамд айтиш бўлса, иккинчиси Парвардигор ато қилган неъматлардан фойдаланишда унинг кўрсатмасига мувофиқ иш юритишдир. Исломда ҳайвонот оламига ҳеч қандай зарар етказиш мумкин эмаслиги қатиқ таъкидланади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларидан юзига тамға босилган эшак олиб ўтилди. Шунда у зот: “Менинг ҳайвонларнинг юзига тамға босган ва уларнинг юзига урганларни лаънатлаганим сизларга етмаган эдими? ” -дедилар”. Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир аёл ўзининг мушиги туфайли дўзахга кирди. Уни боғлаб қўйиб, унга таом ҳам бермади, уни ердаги нарсалардан емоғи учун қўйиб ҳам юбормади. Ҳатто, у озиб-тўзиб ўлди” деганлар. Кўриниб турибдики, Ислом ҳайвонларни мақсадсиз ўлдиришни катта гуноҳ ҳисоблаб, қатъий ман қилади. Чунки, Аллоҳ таоло ҳайвонларни инсонлар фойдаси учун яратган. Аллоҳ таоло яратган жонворларни беҳуда ўлдириш унинг неъматларига нисбатан ношукурлик ва нон кўрликдир. Худди ҳайвонат олами каби наботот яъни, ўсимликлар олами ҳам Аллоҳнинг инсонларга ато қилган улуғ неъматларидан бири бўлиб, бу олам бўлмаса, ер юзида ҳаёт ҳам бўлмас еди. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ бу оламни инсонга ҳаёт воситаси бўлсин, унга ва унинг чорвасига ризқ бўлсин деб яратган. Буни Аллоҳ таоло “Абаса” сураси 24-32-оятларида ҳам батафсил баён қилган. Аллоҳ таоло набатот оламини инсоннинг барча фойда, манфаати учун ростлаб қўйгандир. Ислом таълимоти инсонга ва унинг жамиятига фойда етказувчи барча нарсаларни йўқотиш, зарар етказиш ва исроф қилишни ҳаром қилган.

Аллоҳ таоло “Қоф” сураси 9-11-оятларида шундай марҳамат қилган: “Ва осмондан барака сувини туширдик, ҳамда у билан боғ-роғларни ва дон ҳосилини ўстирдик. Ва зич мевали шингиллари бор хурмоларни ҳам. Бандаларга ризқ қилиб. Ва у (ёмғир) билан улкан шаҳарни тирилтирдик”. Бу оятлардан биламизки, наботот олами бандалар учун ризқдир, бандаларнинг эса ўз ризқларини эҳтиром қилишлари ҳамда улар учун шукр келтиришлари, наботат оламига нисбатан тўғри муомалада бўлиши лозим. Аксинча наботот оламига нисбатан ёмон муомила Аллоҳнинг ғазаби ва азобига олиб келади. Наботот олами, ундан фойдаланиш йўл-йўриқлари ҳақида Қуръони каримда кўплаб оятлар келган.

Деҳқончилик ва боғдорчилик ишларига тарғиб қилувчи кўплаб ҳадиси шарифлар ҳам мавжуд. Шулардан баъзиларини келтирамиз: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир мусулмон бир кўчат экса ёки бирор бир зироат қилса, ундан қушми, инсонми, ҳайвонми еса, албатта унинг учун бундан садақа ҳосил бўлади”, деганлар. Демак, барчамиз ўзимиз яшаб турган ҳовлиларимизга, маҳаллаларимизга дарахт ва гул кўчатларини эксак ва ундан кимдир манфаат олса бундан бизга савоб ҳосил бўлишини тушиниб саъй-ҳаракат қилишимиз лозим.

Яна бир ҳадиси шарифда айтилишича: “Экилган ҳар бир дарахтнинг айтаётган тасбеҳи ўша дарахтни эккан кишининг номаи аъмолига ёзилади”.

Бошқа бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Банда вафот этиб қабрга кирганидан сўнг ҳам етти нарсадан унга ажр бориб туради: илм ўргатган бўлса, масжид қурган бўлса, Қуръон мерос қолдирган бўлса ёки ўлганидан сўнг истиғфор айтиб турадиган фарзанд бўлса”, дедилар. Бу ҳадисда табиатни обод  қилиш билан боғлиқ ариқ ўтказиш, қудуқ қазиш ва хурмо экиш каби ишлар илм ўргатиш, масжид бино қилиш ва Қуръони карим мерос қолдириш каби улкан савобли ишлар билан бир қаторга қўйилган.

Ривоят қилинишича, бир куни бир одам ёши улуғ саҳобий Абу Дардо розияллоҳу анҳу ёнғоқ дарахти кўчатини экаётганликларини кўриб: “Эй муҳтарам зот, қариб, улуғ ёшга кирган бўлсангиз ҳам кўчат экасизми, ахир бу ёнғоқ фалон йилдан сўнг мевага кирадику?” дебди. Абу Дардо розияллоҳу анҳу бунга жавобан: “Менга савоби етса бўлди. Мевасини бошқалар истеъмол қилаверсин”. деган эканлар.

Аллоҳнинг инсонган берган улкан неъматларидан, ризқидан бири сувдир. Сув ҳаётнинг асосий унсури эканлиги Қуръони каримда ҳам таъкидланган. Ҳақиқатда ер юзида сувсиз ҳаётни тасаввур қилиб бўлмайди. Аллоҳ таоло, “Анбиё” сураси 30-оятида: “Барча тирик мавжудотни сувдан (пайдо) қилганмиз”, деб марҳамат қилган.

Яна, “Нур” сураси, 45-оятида: “Аллоҳ ҳамма жониворни сувдан яратди”. дейди. Бундан барча жонли коинотнинг асли ҳам, таркиби ҳам сув экани келиб чиқади. Буни илмий тажрибалар ҳам кўрсатган. Инсон жисмининг 76 фоизини сув ташкил қилади. Шунингдек, сув бошқа тирик жонзотларнинг ҳам асосий унсурини ташкил қилади. Наботот оламини ҳам сувсиз тасаввур қилиш қийин.

Ислом дини нуқтаи назаридан қараганда сув Аллоҳнинг улкан неъмати бўлиб, уни зое ва исроф қилиш ҳаромдир. Ҳар бир инсон сувни ифлослашдан ва исроф қилишдан тийилиши, ундан тежамкорлик билан фойдаланиши, қадрига етиши шартдир. “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилаётган Саъд исмли саҳобанинг ёнидан ўтаётиб, бу қандоқ исрофгарчилик, эй Саъд, дедилар. Сувда ҳам исроф бўладими, деб сўради. Саъд: “Агар оқиб турган дарёдан олсанг ҳам”, дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам”:

Маълумки, ғусл ва таҳорат мусулмон бандаларга фарз ибодатларидир. Агар шу нарсаларда сувни исрофи жоиз бўлмаса, ибодатмас бошқа ишларга исроф қилиш асло дуруст эмас.

Атроф муҳитга, табиатга нисбатан меҳр-шафқатли ва адолатли бўлишга ўқитишнинг, ўргатишнинг ўзигина катта фойда келтирмайди, албатта, у билимлар, тарбиялар ҳам биз катталар томонидан амалга қўлланилиши, кўрсатилиши лозим. Ислом нуқтаи назарида табиатни муҳофаза қилиш тарбияси жамиятнинг катта ёшдаги аъзолари вазифасидир. Катта ёшдагилар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва қўриқлашда доимо ёшларга ибрат кўрсатишлари шарт. Улар ёш авлодни табиатни муҳофаза қилишда етук онгли, ҳайвонот ва наботот оламига раҳмдил қилиб тарбиялашлари зарур.

Бобо-бувиларимизнинг чиқиндини ариққа супурма, сувга тупурма, нолойиқ жойларга ўтирма, кўчаларга ахлат ташламоқ деган ўгитлари доимо ёдимизда бўлмоғи зарур. Ҳаётимизда шу ер устида яшаётган бўлсак, вафот этганимиздан кейин ҳам шу ер бағрида ётамиз. Ўзимизнинг узоқ муддат масканимиз бўладиган бу ерни обод қилиш, ўзимиз ва келажак авлодларимиз учун фойдадир. Атрофимизни, табиатни турли зарарли чиқиндилардан ва ифлосланишдан сақласак, ўзимиз ва келажагимиз ҳаётини сақлаган бўламиз. Ким уйи ифлос бўлишини, чиқиндилар сочилиб ётишини истайди, ҳеч ким. Фақат ҳовли ва уйларимиз эмас, маҳалла, шаҳар ва мана шу ватан ҳам ўзимизники. Унинг озодлигига барчамиз масъулмиз. Ватанимиз ободлигига ўз ҳиссамизни қўшайлик.

 

              М. Қораев,

ЎМИнинг   Қашқадарё   вилоятидаги вакили   ўринбосари

1779 марта ўқилди

Мақолалар

Top