Мақолалар

Фарзандга исм қўйиш

Фарзанд дунёга келгач, унга чиройли исм қўйиш отанинг энг муҳим вазифаларидандир. Зеро, исм киши ҳаёти давомида унга ҳар жиҳатдан таъсир қилиши бор ҳақиқат. Бу нарса тарихдан, хусусан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар тарихидан маълум ва машҳурдир. Масалан, Ҳудайбияда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Саҳл ибн Амрнинг келаётганини кўриб: “Аллоҳ ишингизни енгиллаштирадиганга ўхшайди”, деганлари шунга далолат қилади.

Яна бир муборак ҳадисда Абу Дардо розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Албатта сизлар Қиёмат куни ўз исмларингиз ва оталарингиз исми билан чақириласизлар. Бас (шундай экан), исмларингизни чиройли қилинглар!” (Абу Довуд, Имом Аҳмад, Доримий, Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да,Байҳақий “Шуъабул иймон”да ривоят қилган).

Ушбу ҳадисда бандалар қиёмат кунида ўз исмлари ва оталари исми билан чақирилиши таъкидланиб, уларни чиройли ва маънодор исмлар қўйишга тарғиб қилинмоқда. Вақти соати келиб қиёмат қоим бўлганида, барча инсонлар ҳисоб қилиниш учун Аллоҳ таолонинг ҳузурига тўпланадилар. Ана ўшанда Аллоҳ бандаларини Ўз ҳузурига бирма-бир чақириб, уларни ҳаёти дунёда қилиб ўтган амаллари ҳақида ҳисоб қилади. Кишини отаси исми билан чақириш унинг яхшироқ танилиши ва бошқалардан ажралиб туришини таъминлайди.

Мўмин киши ўзи ва фарзандларининг исмини чиройли қилишга, шунингдек қиёмат кунида нажот топишига, унинг жаннатга киришига сабаб бўладиган амалларни қилишга қаттиқ эътибор бериши керак.

Хайсама ибн Абдураҳмон Ибн Абу Сабрадан ривоят қилишича, унинг отаси Абдураҳмон бобоси билан Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига борганида, у зот: “Ўғлингнинг исми нима?” деб сўраганлар. Шунда у: “Азиз”, деб жавоб берган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эса: “Уни “Азиз” деб номламагин, балки унга “Абдураҳмон” деб исм қўйгин. Чунки исмларнинг энг яхшиси “Абдуллоҳ”, “Абдураҳмон” ва “Ҳорис”дир” деб айтганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Кейинги пайтларда одамлар анча тушуниб фарзандларига маънодор исмларни топиб қўймоқдалар. Олдингиларга ўхшаб Теша, Болта каби исмларни қўйиш кузатилмаяпти. Бироқ, кўп ҳолларда гўзал ва маънодор исмларни тўлиқ айтиб чақирмаслик натижасида қўпол хатога йўл қўяётганимзни ҳам англаб етиш вақти келди.

Масалан, Азиз дейишади, Карим дейишади ёки Жаббор дейишади. Лекин аслида шуни қўйганда, Абдулазиз, Абдулкарим, Абдулжаббор деб қўйилган. Азиз Аллоҳнинг исми "Абд" қўшилса бандаси бўлади, Азиз исмли Аллоҳнинг бандаси бўлади, Карим исмли Аллоҳнинг бандаси, Жаббор исмли Аллоҳнинг бандаси бўлади. Аллоҳнинг исмига тўғрилаб исм қўйиш эмас, балки Аллоҳга бандалик маъносини англатувчи исм қўйиш керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳадисларидан бирида, "Исмларнинг энг яхшиси, бандалик маъносини англатувчи ва Аллоҳга ҳамд, мақтов маъносини англатувчи исмлардир, исмларнинг яхшиси Абдуллоҳ, Абдураҳмондир", деганлар. Аллоҳнинг исмларини билар эканмиз уларнинг олдига "Абд" сўзини қўшиб, Абдуллоҳ, Абдураҳмон, Абдураҳим, Абдумалик деб гўзал исмларни қўйишимиз керак. Бизда аксинча Абдуллоҳ, Абдумалик, Абдуғаффор деб қўйилган, ҳужжатларини ўқисангиз шу гаплар турибди, лекин муомалада Ғаффор, Рахим дейилади. Бу нотўғри нарса, бу нарсани тушунишимиз керак, фарзандларимизга исм қўйишда ниҳоятда эҳтиёт бўлишимиз ва бу хатоларимизни тўғрилаб боришимиз лозим ва лобуддир.

Саҳобийлардан бўлган Абу Ваҳб ал-Жушамийдан ривоят қилинганда ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Пайғамбарлар исми билан исмланинглар", дедилар.

Аллоҳ таоло бандалари ичида маълум зотларни Ўз рисолатини одамларга етказиш учун танлаб олди. Улар одоб-ахлоқ, муомала ва бошқа кўпгина жиҳатларга кўра инсониятнинг энг комили саналадилар ва уларнинг исми ҳам энг гўзал ва чиройлидир. Шу сабаб ҳам ҳадисда Аллоҳ таолонинг пайғамбарлари исми билан исмланишга тарғиб қилинмоқда. Қуръони каримда номлари зикр қилинган йигирма бешта пайғамбар исми билан исмланиш, айниқса пайғамбарлар саййиди бўлган Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг исмлари билан исмланиш марғуб ва маҳбуб бўлган амаллардан саналади.

Ушбу ҳадисда кўпчилик орасида тарқалган бузуқ бир эътиқодга қаттиқ раддия берилмоқда. Баъзилар фарзандига бирон-бир пайғамбарнинг исмини қўйганларидан сўнг, маълум сабабларга кўра ўша фарзанд хасталаниб қолса, буни исмдан кўриб, пайғамбарнинг исмидан шумланадилар, “Пайғамбарнинг исми унга оғирлик қилмоқда”, деб турли хил нотўғри тасарруфларни қиладилар. Аслида пайғамбарларнинг исми бандага фойдали бўлса бўладики, ҳеч қачон зарар келтирмайди.

Амруллахон ЖАЛОЛОВ,

Китоб тумани “Баҳовуддин Нақшбанд” номли жоме масжиди имом ноиби

3212 марта ўқилди

Мақолалар

Top