Мақолалар

ҲАР ИЛМНИНГ БИР БИЛУВЧИСИ БОР

Нақшбандий йўлининг буюкларидан Абдулхолиқ Ғиждувоний қуддиса сирруҳу ёшлик чоғларида устози Шайх Садриддин ҳазратларидан тафсир дарси олаётганларида, ушбу оятга келдилар:

اُدْعُوا رَبَّكُمْ تَضَرُّعًا وَخُفْيَةً إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُعْتَدِينَ

яъни: “Парвардигорингизга тазарруъ билан ичингизда (махфий) илтижо (дуо) қилинг! Зотан, У (Аллоҳ) ҳаддан ошувчи кимсалар (яъни эл кўзига кўрсатиш учун риёкорлик қилувчилар)ни севмас” (Аъроф сураси 55 оят)
Шайх Садриддин ҳазратлари оятнинг тафсирини ўқиб бўлгач, Абдулхолиқ Ғиждувоний устозларидан шуни сўрадилар:
Устоз! Бу оятдаги махфий дуо ва зикр қандай қилинади? Шояд инсон, зикр ва дуони очиқ қилса, инсонлар кўради ва эшитади. Зеро бунда риё таҳликаси бордур. Агарда уни ўзи ичида қиладиган бўлса, унда уни шайтон фаҳмлаб қолади. Чунки ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

اِنَّ الشَّيْطَانَ يَجْرِي مِنْ اِبْنِ آدَمَ مَجْرَى الدَّمِ

яъни: “Албатта шайтон, томирлар ичида қон юргани каби, инсоннинг ичида юради”, деганлар. Инсонларга ва шайтонларга сездирмасдан Ҳақ таолони қандай пинҳона зикр қилиш мумкин?
Устоз ҳазратлари бу берилган саволни ҳайрат билан қарши олдилар ва "Болам! Бу ладуний, илоҳий бир илмдур. Аллоҳ таоло хоҳласа сени дўстларидан бири билан учраштиради ва у сенга бу пинҳона зикрни ўргатади" деди.
Хожа ҳазратлари ўзларига бу пинҳона зикрни ўргатувчи дўстни кута бошладилар. Ниҳоят Аллоҳ таоло аввал Хизр алайҳиссалом ила, ундан сўнг эса буюк ориф Юсуф Ҳамадоний ҳазратлари билан учраштирди. Хизр алайҳиссалом нафий ва исбот (ла илаҳа иллаллоҳ) зикрини махфий қилишни ўргатдилар. Юсуф Ҳамадоний қуддиса сирруҳу эса унинг тарбияси билан машғул бўлдилар. Натижада инсонларга иршод йулини кўрсатувчи буюк зот бўлиб етишдилар.
Хўжа Аҳмад Яссавий қуддиса сирруҳу ҳам Юсуф Ҳамадоний ҳазратларининг халифаси ва Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратларининг йўлдоши эдилар. Бу икки буюк валий айни манбалардан тарбия олганлар.

 

Бухоро вилояти Бухоро шаҳар

"Хўжа Исмат" жоме масжиди муаззини

Ҳамдамов Ҳусайн Мухторович

1577 марта ўқилди

Мақолалар

Top