Мақолалар

Тонг вақти киргач бомдоднинг суннатидан бошқа бирор нафл намоз ўқиш мумкинми?

Савол: Ассалому алайкум! Муҳтарам Шайх Ҳазратлари, бир биродарим бомдод  намозига масжидга келганда аввал масжид ҳаққи намозини ўқиб, кейин бомдод намозининг суннатини ўқийди. Мен: “Биродар субҳ киргандан кейин фақат бомдоднинг суннати ўқилади, бошка нафл намоз ўқиш мумкин эмас”, деб айтдим.

Бир неча кундан кейин биродарим: “Бомдоднинг суннатини ўқигунча нафл намозини ўқиш мумкин экан, менга фалон домла айтдила”, деди ва яна нафл намозини ўқишни давом эттирди.

Сиздан илтимос, шу саволимга аниқлик киритиб берсангиз. Жавоб учун олдиндан раҳмат!!!

Жавоб: Ва алайкум ассалом! Субҳ (тонг) вақти киргач бомдоднинг суннатидан бошқа бирор нафл намоз ўқиш макруҳ бўлади. Бурҳонуддин Марғиноний раҳимаҳуллоҳнинг “Ҳидоя” асарида бу ҳақда қуйидагича баён этилади: “Тонг отгандан сўнг бомдоднинг икки ракат (суннат)идан ортиқча нафл намоз ўқиш макруҳ бўлади. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқишга ҳарис-рағбатлари кучли бўлса-да, айнан шу вақтда икки ракат суннат намозидан ортиқ нафл намоз ўқимаганлар”.

Аллома Абдулҳай Лакнавий раҳимаҳуллоҳ бу сўзнинг шарҳида “Ҳарис бўла туриб, нафл ўқишни тарк қилиш нафл ўқишнинг макруҳлигига далил”, деганлар.

Мулла Али қори раҳимаҳуллоҳни “Фатҳу бобил иноя би шарҳин-Нуқоя” китобида бундай дейилган: “Тонг отгандан сўнг фақатгина нафл намоз ўқиш макруҳ. Бомдоднинг суннатини ҳамда қазо намозларни ўқиш, тиловат саждасини қилиш, жаноза намозини ўқиш эса макруҳ эмас”. Бунга далил сифатида бир неча далилларни айтиб ўтганлар. Жумладан: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаи киромларига: “Сизлардан шоҳид (шу жойда ҳозир) бўлганлар ғоиб (шу жойда ҳозир бўлмаган)ларга тонг отгандан сўнг икки сажда (бомдоднинг икки ракат суннати)дан бошқа ҳеч қандай (нафл) намоз ўқиш йўқ эканини етказиб қўйсин!” деганлар (Абу Довуд ривояти).

Ҳафса розияллоҳу анҳо: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам тонг отгач қисқагина икки ракат намоздан бошқа (ҳеч қандай нафл) намоз ўқимас эдилар”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Ривоят қилинишича, Умар розияллоҳу анҳу тонг отгандан сўнг (қуёш чиқишидан илгари) Каьбани етти марта тавоф қилганлар ва (тавофдан сўнг ўқилиши вожиб бўлган икки ракатлик тавоф) намозини ўқимаганлар. Йўл юриб, то “Зий Туваа” деган жойга етиб борганларида қуёш чиқиб, кўтарилиб бўлгандан сўнг тавофнинг икки ракат намозини адо этганлар.

Ҳанафий фиқҳига оид барча китобларда айнан шу маъно ифодаланиб, тонг отгандан сўнг бомдоднинг икки ракат суннатидан бошқа бирор нафл намоз ўқиш макруҳлиги таъкидланган. Валлоҳу аълам.

ЎМИ фатво ҳайъати / savollar.muslim.uz

10569 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top