Мақолалар

Мамлакатнинг маданий-маърифий тараққиёти асоси

Қонун жамиятда адолат, тенглик ва маданий-маънавий муносабатлар асоси ҳисобланади. Содда қилиб айтадиган бўлсак, қонун бу – маданиятли ҳаётни маданиятсиз ҳаётдан ажратадиган воситадир. Қонун инсоний жамиятда ижтимоий адолатни таъминлаш учун замин яратади.

Қонун мамлакат фуқаролари томонидан демократик давлатда қабул қилинган тариб-тамойил бўлиб, барча жамият аъзолари унга бўйсуниши мажбурийдир. Ҳар қандай давлат, жамият тараққиёти, халқнинг маънавий-маърифий юксаклиги — қонун устуворлигига риоя қилинишига боғлиқ.  

Ўзбек давлатчилиги тарихида қонун устуворлигига катта эътибор берилиб келган. Масалан, XIV-XVI асрларда Темурийлар давлатида “Темур тузуклари” салтанат Конституцияси вазифасини бажарган. Алишер Навоийнинг ёзишича, Амир Темур ўз ўғли Мироншоҳни сўроққа тортиши, шунингдек, Султон Ҳусайн Бойқаро устидан бир кампир даъвоси асосида суд мажлисига чақирилиши ва суд қарорининг қабул қилиши ушбу давлатда қонун устуворлигидан далолат беради.  

Мамлакатимизда ҳам қонун устуворлигини таъминлашга кенг эътибор қаратилмоқда. Сўнгги беш йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бир қатор ҳаётий зарурат ва халқаро талабларга жавоб берадиган қонунлар қабул қилинди. Мазкур қонунлар қишлоқ хўжалиги, тижорат, саноат, ташқи ва ички сиёсат, виждон эркинлиги бўйича мамлакатни катта ютуқлар сари йўллади. Фуқаролар учун турли соҳаларда эркин фаолият олиб бориш йўлларини очиб берди.  

Виждон эркинлиги ҳақидаги қонун давлатнинг ички сиёсати, демократик тамойиллар ва бағрикенгликка асосланганлиги билан аҳамиятлидир. Бир томондан диний ташкилотларнинг кенгайиб бориши ва диний таълимотлардан сиёсий ва ғаразли мақсадлар учун фойдаланишдан келиб чиқаётган фаолиятлар сабабли бир қатор муаммолар юзага келди. Натижада, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуннинг янги лойиҳаси инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ҳамда барча халқаро инсон ҳуқуқлари бўйича қабул қилинган нормаларга ҳамоҳанг тайёрланиб, қабул қилинди.  

Қонундаги янги ўзгаришлар қуйидаги муаммоларни ечиш бўйича ижобий роль ўйнайди: Динни сиёсийлаштириш ва шу асосда диний партиялар ва гуруҳлар пайдо бўлишининг олдини олиш, экстремистик гуруҳларнинг ғоявий ва амалий фаолиятлари йўлини тўсиш, миссионерлик фаолиятини қонун доирасида назорат қилиш, диний экстремистик гуруҳлар томонидан интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали олиб борилаётган фаолиятларни назорат қилиш ҳамда бошқа кўп муҳим масалаларни қамраб олади.  

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун демократик нормалар ва халқаро қабул қилинган меъёрларга мувофиқ тузилган. Мазкур муҳим ҳужжат Ўзбекистон учун тарихий аҳамиятга эга.  

А.Жўзжоний,  

Ўзбекистон халқаро ислом академияси профессори.

1460 марта ўқилди

Мақолалар

Top