Мақолалар

Диний-маърифий соҳадаги эзгу ташаббуслар ва улкан ислоҳотларнинг мустаҳкам пойдевори

Ўзбекистон тараққиётининг янги даврида юртимизда дин ва эътиқод эркинлиги борасида жуда кўп ишлар қилинди. Сўнгги йилларда барча соҳаларда бўлгани каби диний-маърифий жабҳада ҳам кенг кўламли ислоҳотлар, ўзгаришлар, янгиликлар амалга оширилмоқда. Буни барчамиз кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз.

Республикамизда яшаётган турли миллат ва элатлар ўртасида ўзаро дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, диний бағрикенглик тамойилларини қарор топтириш борасидаги ишлар халқаро ҳамжамият томонидан ҳам юксак эътироф этилаётгани мазкур йўналишдаги сиёсатимиз тўғри ўзанда еканидан далолатдир.

Жорий йил 5-июл куни давлатимиз раҳбари диний-маърифий соҳадаги езгу ташаббуслар ва улкан ислоҳотларнинг мустаҳкам пойдевори бўлмиш янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунни имзолади. Ҳужжат билан виждон еркинлигини таъминлашнинг асосий устуворликлари, диний ташкилотларнинг ҳуқуқлари, имтиёзлари ва мажбуриятлари доираси аниқ белгилаб берилди.

Жумладан, қонун билан диний таълим муассасаларида диний таълим берувчиларга марказий органнинг алоҳида розилигини олиш талаби, диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун нотариал тасдиқланган ҳужжатларни тақдим этиш тартиби, диний ташкилотни тузишда маҳалла фуқаролар йиғинлари розилигини олиш каби талаблар бекор бўлди.

Шунингдек, унда диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомиллари тубдан енгиллаштирилди. Хусусан, диний ташкилотни тузиш учун ташаббускорларнинг сони 100 нафардан 50 нафарга қисқартирилди. Диний ташкилотни тузиш ҳақидаги йиғилиш ўтказилгандан кейин 6 ой мобайнида (амалда 3 ой) адлия органига мурожаат қилиш ҳуқуқи мустаҳкамланди ва тақдим етиладиган ҳужжатлар сони қисқарди. Шу билан бирга, ендиликда рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ хизматлар тўлиқ электрон кўринишда амалга оширилиши ва диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқишнинг 3 ойлик муддати 1 ой етиб белгиланди.

Қадимдан заминимизда миллат ва элатлар бир-бирига елкадош бўлиб яшаб келган. Шунинг учун хурсандликда ҳам, тўй-у маъракада ҳам кўп миллатли халқимиз бир-бири билан ҳамкор-у ҳамжиҳат бўлган. Юртимизда яшовчи турли дин вакилларига диний маросимларини ўтказиши ва мамлакат ҳаётида фаол иштироки учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилган. Янги таҳрирдаги қонун бу борада ҳам мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Қонунни тайёрлашда тегишли халқаро меъёр ва талаблар, биринчи навбатда, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг умумий тартибдаги шарҳлари пухта ўрганилиб, улардаги асосий қоида ва тамойиллар инобатга олинди.

Юртимизда тарихан шаклланган анъана, урф-одат ва қадриятларни ҳисобга олган ҳолда, қонунда ҳамкорларимиз — Европа Кенгашининг Венеция комиссияси, Йевропада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси каби нуфузли халқаро тузилмалар експертлари томонидан берилган тавсиялар ўз аксини топди.

Қонундаги принсипиал янгиликлар ҳақида гапирганда, улар диний-маърифий соҳадаги кенг кўламли ислоҳотларнинг изчил давоми сифатида, аввало, ҳар бир инсоннинг виждон эркинлигини таъминлаш учун қулай шарт-шароитларни яратишига, ҳуқуқни қўллаш амалиётига аниқликлар киритишига алоҳида эътибор қаратилганини қайд этиш лозим.

Дарҳақиқат, ислом дини аввал бошдан бошқа дин вакилларига ҳам ҳурмат билан муносабатда бўлишни ўргатган. Ислом ўзидан олдинги самовий динларни эҳтиром қилиш билан чекланмай, ўша дин аҳлларига чексиз мурувват кўрсатган. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини қонун билан мустаҳкамлаб қўйган. Aсрлар давомида бу қоидаларга амал қилиб яшаган мусулмонлар орасида яшайдиган аҳли зиммага мурувват кўрсатиб, бутун инсониятга ўрнак бўлди.

Aллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни бошқа миллат ва дин вакилларига яхши муносабатда бўлишга буюради ва уларга нисбатан адолатли бўлиш лозимлигини таъкидлайди. Жумладан, самарқандлик фақиҳ Aбу Лайс Самарқандий “Баҳрул улум” китобида ушбу оят тафсирида: “Ўзга дин вакиллари билан борди-келди қилинг, улар билан адолатли муомала қилинг”, деб қайд қилган. Мовароуннаҳрлик машҳур муфассир Aбул Баракот Насафий “Мадорикут танзил” асарида мазкур оят шарҳида: “Ўзга дин вакилларига еҳтиром кўрсатинг, уларга сўз билан ҳам, иш билан ҳам яхши муомалада бўлинг”, деб баён етган.

Қайси жамиятда диний бағрикенглик тамойиллари ҳаётда ўз талқинини топса, ўша жамиятда ўзаро ҳурмат ва самимият барқарор бўлади, барча инсонлар тинч ва осойишта ҳаёт кечиради.

Aйни кунларда дунёда геосиёсий рақобат тобора кучайиб, айрим кучлар томонидан халқлар онгига эгалик қилиш орқали турли дин вакиллари ўртасида ўзаро низо ва нифоқ келтириб чиқариш, мамлакатнинг куч-қудратини камайтириб, ҳудудни ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий томондан ўз таъсир доирасига олишга уринишлар кучаймоқда.

Ҳозир жаҳонда юз бераётган диний тоқацизлик ҳолатлари бошқа дин вакилларига ўта муросасизлик, бир дин ичидаги можароли муносабатлар ҳамда дунёвий тузумга қарши кураш ёки халқаро даражадаги қарама-қаршиликлар билан боғлиқ бўлиб турибди.

Ислом доимо барча дин ва еътиқод вакилларини адолат ўрнатишда, хавфсизликни таъминлашда ва бегуноҳ одамлар қони тўкилишининг олдини олишда ҳамкорлик қилишга чақиради.

Ислом дини мусулмонларни ўз диндош биродарларига ва барча инсонларга яхшилик, меҳр-мурувват қилишга чорлаш билан бир қаторда, ўзаро тинчлик ва тотувликда бўлган бошқа дин вакилларига ҳам яхшилик қилиб, меҳр-шафқатли бўлишга буюрган.

Хулоса шуки, ушбу янги таҳрирдаги қонун инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар билан кафолатланган, диний соҳада умумеътироф етилган ҳуқуқ ва эркинликлар, юртимиздаги ҳозирги диний вазиятнинг ўзига хос хусусиятлари ва бевосита Ўзбекистонда динлараро муносабатлар шаклланишининг тарихий шароитларини ўз ичига олгани билан янада аҳамиятлидир.

Aллоҳ таоло диёримиздаги дин ва эътиқод эркинлиги борасидаги эзгу ишларни янада бардавом айласин, бутун дунёда юртимизнинг мақоми ва нуфузини зиёда қилсин.

Усмонхон AЛИМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

1379 марта ўқилди

Мақолалар

Top