Мақолалар

Янги қонун - диний бағрикенгликни таъминлашда яна бир муҳим ҳуқуқий асос

Диний эътиқод, бу - фуқароларнинг нозик туйғулари бўлиб, унинг ўзига хос ҳассос жиҳатлари мавжуд. Шу боис юртимиз фуқароларининг барча ҳуқуқлари қатори виждон эркинлигининг ҳуқуқий кафолатлари ҳамда унинг амалиётда тўла-тўкис таъминланиши эътиборга олинмоқда.

Дарҳақиқат, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикасининг «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунини имзолади. Қонун расмий эълон қилинган кундан кучга кирди.

Янги қонун аввалгиларидан анча такомиллашган, энг муҳими, виждон эркинлиги борасидаги инсон манфаатлари ва ҳуқуқий кафолатлари қамраб олинган. Чунончи, янги қонун билан диний таълим муассасаларида диний таълим берувчиларга марказий органнинг алоҳида розилигини олиш талаби, диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун нотариал тасдиқланган ҳужжатларни тақдим этиш тартиби, диний ташкилотни тузишда маҳалла фуқаролар йиғинлари розилигини олиш талаби бекор бўлди.

Шунингдек, диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш тартиби ҳам енгиллаштирилди, яъни:

– диний ташкилотни тузиш учун ташаббускорларнинг сони 100 нафардан 50 нафарга қисқартирилди;

– диний ташкилотни тузиш ҳақидаги йиғилиш ўтказилгандан кейин 6 ой мобайнида (амалда 3 ой) адлия органига мурожаат қилиш ҳуқуқи мустаҳкамланди;

– тақдим этиладиган ҳужжатлар сони қисқарди;

– рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ хизматлар тўлиқ электрон кўринишда амалга оширилиши жорий этилди;

– диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқишнинг 3 ойлик муддати 1 ой этиб белгиланди;

– рўйхатдан ўтказишни рад этиш асослари аниқ белгиланди.

Янги қонунда фуқароларнинг жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмаслигига оид чеклов бекор қилинди.

Таъкидлаб жоиз, мамлакатимиз аҳолисининг мутлақ кўпчилиги ислом динига эътиқод қилади. Виждон эркинлиги борасида бошқа динлар ва диний ташкилотлар фаолияти ҳам қонун асосида бир хил белгиланди ва воқеликда шундай ижро қилинади.

Виждон эркинлиги, бу - фуқароларнинг хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик бўйича кафолатланган конституциявий ҳуқуқидир.

Ислом дини бирор инсонни динга зўрлаб киритишга, ўз эътиқодини бошқаларнинг хоҳишига қарши ўлароқ тиқиштиришга йўл қўймайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Агар Раббингиз хоҳласа эди, Ер (юзи)даги барча кишилар ёппасига имон келтирган бўлур эдилар. Бас, Сиз одамларни мўмин бўлишларига мажбур қиласизми?!» (Юнус сураси, 99-оят).

Бош Қомусимизнинг 31-моддасида: «Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди», деб белгилаб қўйилган.

Бу Қуръони каримнинг Бақара сураси 256-ояти мазмуни билан ҳамоҳангдир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди. Бас, ким шайтонни (ёхуд бутларни) инкор этиб, Аллоҳга имон келтирса, демак, у бузилмас, ишончли ҳалқани тутибди. Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир», дейилган.

Ояти кариманинг нозил бўлишига ушбу воқеа сабаб бўлган: «Мадиналик Абул Ҳусайн деб аталувчи бир мусулмон киши насроний динидаги икки ўғлини ислом динини қабул қилишга мажбур этган. Лекин улар кўнишмаган. Шунда ота ва ўғиллар бу муаммони ҳал қилиб бериш учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга мурожаат қилишган. У зот ўғилларини Исломга мажбуран киритишдан отани қайтарганлар» («Мадорик ат-танзил ва ҳақоиқ ат-таъвил»).

Барча замон ва маконларда турли дин ва миллатларга мансуб аҳоли орасида ўзаро тотувликнинг мавжудлиги барқарор ривожланиш омили ва кафолатларидан бири бўлиб келган. Бу эса, ўз навбатида, жамиятда ҳаётий муҳим бўлган ҳуқуқларнинг, хусусан, диний эркинликларнинг таъминланганлигига ва миллий ўзига хос маданиятларнинг ҳимояланганлигига асосланган.

Хулоса қилиб айтганда, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги янги қонунда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг изчил давоми сифатида ҳар бир инсоннинг виждон эркинлигини таъминлаш учун қулай шарт-шароитларни яратишга, ҳуқуқни қўллаш амалиётига аниқликлар киритишга алоҳида эътибор қаратилган. Бу эса, 130 дан зиёд миллат ва элат яшаётган Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик, диний бағрикенгликни таъминлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Жасурбек РАУПОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

1629 марта ўқилди

Мақолалар

Top