Мақолалар

Зулҳижжа ойининг ўн кунлиги – дунё кунларининг энг афзали

Зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунлигида катта фазилатлар бор. Бу ўн кунликда Ислом динининг бешинчи рукни бўлган ҳаж амаллари бажарилади.  Қурбон ойининг тўққизинчи кунида ҳажнинг аркони бўлган Арофотда туриш амали бажарилса, ўнинчи куни ҳайит намози ўқилиб, қурбонликлар қилинади.

Аллоҳ таоло “Қуръони карим”да “Тонгга қасам. Ўн кечага қасам. Жуфтга, тоққа қасам” (Фажр сураси, 1-3-оятлар).  Ушбу оятнинг тафсири ҳақида “Тафсири ирфон”да: “Юқоридаги тўрт ояти каримада Аллоҳ таоло табаррук ойлардан зулҳижжанинг дастлабки ўн куни қадридан мўмин бандаларини огоҳ этиб, шу кунларга қасам", дейиляпти. Ушбу кунлар ичида энг улуғ ибодатлар – намоз, рўза, садақа, ҳаж жамланган. Қурбон ҳайити ана шу зулҳижжанинг ўнинчи кунидан бошланади, мазкур ой ҳаж ибодатини адо этиш вақтидир. Бу ўн кунликда Арафа ва наҳр(қурбонлик сўйиш) бор. Шунинг учун, Аллоҳ таоло фазлу карами ва ҳикмати билан айрим кунларни бошқалардан афзал, мўътабар қилган. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: "Маълумки кунларда Аллоҳ уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонлари (ни қурбонлик учун сўйиш) устида Аллоҳ номини зикр қилиш учун (келишади)" (Ҳаж сураси, 28-оят). 

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ушбу оятдаги “маълум кунларни” зулҳижжанинг ўн куни, деб тафсир қилганлар. Ушбу оят ва ҳадисларда келган далилларга биноан, зулҳижжа ойининг олдинги ўн куни дунё кунларининг энг афзали саналади, ушбу кунлари қилинган амаллар бошқа кунлардагига қараганда Аллоҳ таолога суюклироқдир”.

Қурбон ойининг биринчи ўн кунлиги ҳақида Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Aллоҳ таолога энг маҳбуб бўладиган амаллар мана шу кунлардадир", деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Ҳозир давом этаётган Қурбон ойининг биринчи ўн кунлигида ҳар бир лаҳзани қадрига етишимиз, Аллоҳ таолога ҳамд, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавотлар айтишимиз, тавба ва истиғфорларимизни кўпайтиришимиз, хайрли дуолар қилишимиз лозим. Аллоҳ таоло ушбу фазилатли кунларда қилаётган дуоларимизни ижобат айлаб, барчамизни икки дунё саодатига мушарраф айласин!

Р. Акбаров,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими

1581 марта ўқилди

Мақолалар

Top