Мақолалар

Китобга муҳаббат...

Инсонлар ичида илм ва китоб шайдоси бўлганлар маърифатлидир. Улар эзгу мақсадлари йўлида ҳеч нарсани аяшмайди. Салоҳиддин домла билан бир неча йил "Хўжа Исмат" масжидида китоб савдоси билан шуғулланиб, халқимизга маърифат тарқатамиз. Шу аснода кўп китоб шайдоларининг гўзал хислатларига гувоҳ бўламиз.

Ёши элликдан ошган бир опахон бор эди. Ҳар ой, гоҳида икки ойда бир Туркманистондан келиб бир дона китоб олиб кетарди. Айнан ўша битта китоб учун Республика ошиб келарди. Бир куни опахон келганларида сўрадик: “Шунча жойдан келиб, бир донагина китоб олиб кетасиз, нега кўпроқ китоб олмайсиз"? Шунда опахон: "Қонун бўйича чегарадан битта китоб олиб ўтишга рухсат экан, кўп олсам ўтказишмайди", дедилар маъюслик билан. Қойил қолдик: ана илмга муҳаббат, мана китоб шайдоси...

Муҳтарам юртбошимиз ташаббуси билан Республикамиз ёшларини китоб билан маънавий боғлаш учун қанча хайрли ишлар қилинмоқда, мусобақалар ўтказилиб, қимматбаҳо совғалар берилмоқда. Натижада фарзандларимиз маърифатли бўлиб боришмоқда. Бунинг учун Аллоҳга шукрлар бўлсин...

Танганинг ҳам икки томони бўлгани каби халқимиз ичида баъзи хонадонларга бориб, ручка, дафтар сўраганимизда уйидан тополмай, сотувчидан олиб келганлар ҳам бўлди. Айрим хонадонларда мўътабар китобларни варақларини йиртиб, олов ёқишга ёки ҳожатхоналарда ишлатаётганларга ҳам гувоҳ бўлганмиз. Аллоҳ инсоф берсин!

Кимики нимани хор қилса, оқибат ўшанга зор бўлади, кимки нимани иззат қилса, оқибат ўша нарса эгасини иззатли қилади. Азиз ватандошлар, китоб, газета-журналлар қадрига етайлик! Уларни ўқиб, илму маърифатимизни ошираёлик!
Аллоҳ таоло халқимизнинг маърифатини, китобга муҳаббатини янада зиёда айласин!

М.Исоев,
Шофиркон тумани "Қори Фазлиддин"
масжиди имом-хатиби

1656 марта ўқилди

Мақолалар

Top