Мақолалар

Ҳаётнинг ҳар дами ҳикмат

Ҳаётимиз ҳикматга, атрофимиз донишмандга, миямизга ақлга тўла. Фақат ана шу ҳикматларни, донишларнинг ўгитларини англаб олиш учун закомизни ишга солишимиз даркор. Аммо шунга қолганда эринчоқ томирларимизга ўрнашиб олган  дангасалигимиз панд берадими, билмадим, кўз олдимизда рўй берган оддийгина ҳикматнинг маъносини тушуниб олгунимизча жуда кўп йиллар ўтиб кетган бўлади.

Яқинда ҳурматли дўстлардан бирининг уйига меҳмонга борган эдик. Дастурхонга тортилган ноз-неъматлар қаторида ғилбиндига кўзимиз тушди. Меҳмонлар бундай сермеҳнат таомни эринмасдан тайёрлагани учун мезбоннинг аҳли-аёлига миннатдорчилик билдирди. Шунда эсимга ургутлик Фахриддин қори келиб қолди. У киши менинг онам пиширган ғилбиндини яхши кўрардилар. Қишлоғимизга келганларида тўғри бизнинг уйимизга келиб тушар ёки бўлмаса бошқа уйга тушсалар ҳам ўша ерда кўп қолмасликка ҳаракат қилиб: “Фозила келинга айтинглар, ғилбинди пишириб турсин бир оздан сўнг бориб қоламиз”, деб хабарлатиб қўяр эдилар.

Бу хабарни эшитгани заҳоти хамир ёйишга тушиб кетган онажоним ғилбиндини завқу шавқ билан пиширар ва бу ишидан роҳатланаётгани юз-кўзидан сезилиб турар эди. Беш-ўн чоғли ҳамқишлоқларимиз қуршовида уйимизга келган  Фахриддинхон ғилбиндини еб бўлганларидан сўнг узоқ ўтирмасдилар – бир-икки пиёла чой ичиб озроқ суҳбатлашардилар-да, дастурхонга дуо қилиб қайтишга изн сўрардилар. Қиблагоҳимиз ва бошқа азизлар “яна бир оз ўтиринг”, деб қанча илтимос қилсалар ҳам тўхтамасдилар.

Ана шу  воқеани дўстларга шунчаки ўтмишдан ширин хотира сифатида гапириб бераётганда тасодифан ҳикматини англаб қолдим. Ўша кезларда биз  бола эдик. Ота-онам ёш оила бўлган. Фахриддинхон ҳали ўнгланиб олмаган ёш оила катта харажатлар қилиб  қийналиб қолмасин деган ниятда ўзлари хуш кўрадиган таомни айтиб, “Шундан бошқасини емайман!” деб қатъиян таъкидлаган эканлар.

Узоқ вақт ўтирмасликларининг сабаби ҳам суннатга мувофиқ экан. Абу Мижлаз Анас ибн Моликдан нақл қиладилар: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнабга уйланганларида қавм кириб таом тановул қилди, сўнгра суҳбатлашиб ўлтираверди. Бир қараганда, қавм туриб кетмоқчидек кўринса-да, ўрнидан қўзғолмас эрди. Жаноб Расулуллоҳ буни кўриб ўринларидан турдилар, шунда қавмнинг бир қисми ҳам ўрнидан туриб чиқиб кетди, қолганлари эса яна ўлтираверди. Жаноб Расулуллоҳ уйга қайтиб кирмоқчи бўлганларида боягилар ҳануз суҳбатлашиб ўлтирар эрди. Кейин, улар туриб чиқиб кетгач, мен ул зотга бу ҳақда хабар бериб эрдим, ичкарига кирдилар...” (Бухорий).

Ушбу ҳадиси шарифдан меҳмондорчиликда кўп ўтириб қолиш мезбонларга бир оз азият етказиши мумкинлиги аён бўлади. У киши азбаройи мезбонларга ҳурмати боис шундай қилган эканлар.

Ҳосили калом, ана шу оддийгина ҳикматни англаб олишимга қирқ йилдан кўпроқ вақт ўтибди. Шунда ҳам олдинроқ айтганимдек, ўзим ҳам билмаган тарзда тасодифан англаб қолдим. Баъзида ҳар нарсага ақли етадиган ниҳоятда донишманд одам ҳақида гапирганда “У ҳаёт китобини ўқиган” дейдилар. Бинобарин, ҳаёт китобини ўқиш, ҳар дамда учрайдиган ҳикматларни уқиб олиб, улардан ибрат олиб яшаш учун одам ниҳоятда закий бўлмоғи керак экан. Шу хотирани қоралар эканман, Аллоҳдан  сиз, азизларнинг ва ўзимнинг ҳам закомизни юксалтиришини сўраб дуога қўл очдим.

Дамин ЖУМАҚУЛ,

журналист

 

 

 

     

5264 марта ўқилди

Мақолалар

Top