Мақолалар

Инсонлар ҳақида ёмон гумонга борманг!

Қуръон ва Суннатда келган асосий қоида бор, агар унга амал қилинадиган бўлса, руҳониятимиз хотиржамликка чўмади, яқинларимиз қалбида хурсандчилик пайдо бўлиб, одамлар ўртасида меҳр-муҳаббат жўш уради. Агар бу қоидага асосан мусулмон жамияти шакллантирилса, ҳеч бир душман мусулмонларнинг орасини буза олмайди, чунки уларнинг орасида душманлик бўлмайди, унинг ўрнига мустаҳкам дўстлик ва бир-бирларига муҳаббат бўлади.

Бу қоида “ҳусну-занн” – “инсонлар ҳақида яхши гумонга бориш” деб аталади. Биз мусулмон биродаримизни кўрганимизда, у ҳақида яхши хаёлларни ўйлашимиз керак. Энг биринчи ўринда ҳар бир мусулмон Аллоҳ таоло ҳақида фақат яхши ўйларни ўйласин.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадиси қудсийга эътиборингизни қаратинг: “Мен бандам Мен ҳақимда қандай ўйласа ўшандайман. Энди у Мен ҳақимда қандай ўйласа ўйлайверсин”. Агар банда Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини кечиради деб ўйласа, У кечиради. Агар Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади деса, У қабул қилади. Агар Аллоҳ унинг дуоларини қабул этиб, мустажоб қилади деб ўйласа, шундай бўлади. Бунинг маъноси: “Мен у билан у Мен ҳақимда қандай ўйласа шундай муносабатда бўламан”.

Байҳақий Абу Ҳурайра (р.а) дан ривоят қилади: “Аллоҳга қасамки, Эй Эгам, мен Сен ҳақингда фақат яхши ўйладим” ва шунда Аллоҳ таоло марҳамат қилди: “Уни қайтаринглар, Мен ҳақимда қандай ўйлаган бўлса, Мен ҳам у билан шундай бўламан”.

Саид ибн Жобир Аллоҳ таолога қуйидагича мурожаат қилган: “Эй Аллоҳим, менга фақатгина Сенга умид қилишни ва Сен ҳақингда яхши ўйлашни насиб қил”. Доимо Аллоҳ таолонинг раҳматига умид қилинг ва шайтонга ҳушёр бўлинг, чунки у Аллоҳ таоло Раҳмон эмас дея сизни адаштирувчидир. Аллоҳ таолонинг Раззоқ, Раҳмон, Қодир эканлиги асло ёдингиздан кўтарилмасин. У тавба қилувчиларни севади, тавбаларни эса қабул қилувчидир.

Имом Муслим Пайғамбаримиз (с.а.в) дан ривоят қилади: “Сизлардан ҳеч бирингиз Аллоҳ таоло ҳақида яхши гумонда бўлмай вафот этмаслигингизни Аллоҳдан сўрайман”. Дуо қилаётганингизда Аллоҳ таоло дуоларингизни қабул қилишини, тавба қилганингизда тавбангиз қабул бўлишини ўйланг. Аллоҳ таоло ҳақида яхши ўйлаш инсонни яхши ишларни бажаришга чаққон қилиб қўяди, ёмон хаёл эса ёмонликларнинг бошидир.

Ҳасан ал-Басрий айтганлар: “Батаҳқиқ, солиҳ ўз Эгаси ҳақида яхши гумонга боради ва савобларини кўпайтиради, гуноҳкор еса Аллоҳ ҳақида ёмон хаёлга боради ва гуноҳ содир қилишда давом этади”. Аҳмад инб Ханбалдан қуйидаги ҳадис ривоят қилинган: “Аллоҳ таоло ҳақидаги яхши гумонлар солиҳ амаллардан келиб чиқади”.

Шунингдек, биродари ҳақида яхши ўйлаш мусулмоннинг бурчидир. Ҳусну-занн сифатининг эгалари маънавий чўққиларни забт этадилар. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади: “Эй, иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир.” (Ҳужурот сураси, 12-оят).

Аллоҳ инсонга гуноҳдан сақланиш учун кўп гумонланишдан сақланишни буюрди. Агар бугун атрофимизга яхшилаб разм солсак, ёмон гумонларнинг жамиятга салбий таъсирини кўришимиз мумкин: қанча никоҳлар бузилди, қариндошлик алоқлари узилди, кимдир ёмон гумон қилиб қўйгани учун жарима тўлади, кўплаб инсонлар озодликдан маҳрум этилдилар. Буларнинг энг катта сабаби нима? Албатта, ёмон хаёл, гумон, фикр.

Инсон ҳақида исбот-далилсиз ёмон фикрга бориш мусулмонни гуноҳкор, иккиюзламачи, сотқин дея баҳолаш билан баробардир. Солиҳ аждодларимиз биродаримиз ҳақида яхши гумонга бориш учун 70 та сабаб қидиришимиз кераклигини айтишган, агар бирорта ҳам сабаб топа олмасак, унда биз билмайдиган сабаб бор деб тахмин қилишимизни тавсия этганлар.

Расули акрам (с.а.в) бизни қуйидагича огоҳлантирадилар: “Ёмон фикрлар нотўғри қарорларнинг сабабидир” (Имом Муслим). Бошқа бир ҳадисда айтилади: “Эй, инсонлар, гумондан қўрқинглар (бошқа инсон ҳақида ёмон хаёлга борганингизда, сиз ҳеч қандай исботсиз уни гуноҳ қилганликда айблайсиз), бундай гумон – инсон онгининг энг ёмон нутқидир. Қулоқ солманг (билинтирмасдан) ва айғоқчилик қилманг…”. Ёмон гумон инсонни яна гуноҳ қилишга чорлайди: айғоқчилик қилиш, ўзгалар суҳбатига қулоқ солиш – бу эр ва хотин ўртасида кўп учраб турадиган ҳолат. Оқибатда исботсиз айбловлар бошланади: “сен анавининг мана бундай қилганини кўрдингми”, “сен анавининг мана бундай қилганидан хабаринг борми”, “айтишларича, у мана бунақа одам экан”. Натижада, мусулмонлар ўртасида ўзаро душманчилик пайдо бўлади. Кўпларимиз бу касаллик билан касалланганмиз, натижада бу катта гуноҳларга сабаб бўлишини ўйлаб ҳам кўрмаймиз.

Аллоҳ таоло инсонлар ҳақида фақат яхши ўйлашни барчамизга насиб этсин. Ҳаттоки, инсонлар ҳақида яхши ўйлаб хато қилиб қўйсак-да, бу улар ҳақида ёмон гумонда бўлишдан савоблироқдир. Иблис алайҳи лаъна доимо солиҳ кишилар ҳақида ёмон гумонга боришга чорлайди. Шариатга кўра, ўз хоҳиши билан пайдо бўлмаган фикрлар учун, агар уларни қалб тасдиқламаса ва руҳга мустаҳкам ўрнашиб олмаса, инсон гуноҳкор ҳисобланмайди. Бундай фикрлардан халос бўлиш эса бизнинг бурчимиздир.

Яхши гумонда бўлишнинг фойдалари:

Инсонлар ҳақида яхши гумонда бўлиш қалбдаги мукаммал иймон белгисидир.

Яхши хаёл шайтондан бўлган ёмонликларга эшикларни ёпади. Бир инсон ҳақида фақат шубҳаларга асосланиб ёмон гапирувчини шайтон кўпроқ шундай гуноҳ қилишга чорлайверади, оқибатда бу инсон ҳалокатга юз тутади.

Мусулмонлар ўртасидаги меҳр-муҳаббатнинг ортишига сабаб бўлади.

Бошқаларнинг хуқуқлари ва манфаатларига зид ҳаракатлар бўлишига тўсқинлик қилади.

Инсонлар ҳақида яхши гумонда бўлиш тоза қалб соҳиби эканлигидан далолатдир.

Яхши гумонга боришимизга кўмаклашувчи омиллар:

Дуо – бу барча яхшиликларнинг калитидир. Пайғамбар (с.а.в.) покиза қалб ато этишини сўраб дуо қилардилар.

Агар биродарингиз ёмон хаёлга боришимизга асос бўладиган нимадир деса ёки қандайдир ҳаракат қилса, ўзингизни унинг ўрнига қўйиб кўринг: бу ёмон хаёллардан қутулишингизга ёрдам беради.

Мусулмонлар томонидан айтилган ва ёмон хаёлларга олиб борувчи сўзларни яхшиликка буриш тавсия қилинади.
Солиҳлар худди шундай йўл тутганлар. Умар ибн Хаттоб (р.а) айтганлар: “Мусулмон айтган сўзларни ёмон дея кўрма, токи буни яхшилик дея исбот-далил топмагунингча”.

Инсонлардан бирор ёмон нарса эшитсангиз ёки кимдир сизнинг хафсалангизни пир қилса, буни ҳам яхшиликка деб ҳисобланг. Муҳаммад ибн Сирин айтганлар: “Агар сен биродаринг ҳақида қандайдир ёмон нарса билиб қолсанг, уни оқлаш учун сабаб қидиргин, агар сабаб тополмасанг, билгинки, сен бехабар бир сабаб бор”. Агар инсонлар ҳаракатларидан яхшилик қидирсангиз, нафсингиз ором топади, ёмон гумондан четда бўлиб, кўплаб ноқулай вазиятлардан омонда бўласиз.

Ёмон гумоннинг зарарларини доимо эсда тутиш. Инсонлар ҳақида ёмон ўйловчилар бошқаларни ҳар нарсада айблайверадилар ва ўзларини доимо ҳақ деб ҳисоблайдилар. Инсонлар ҳақида фақат яхшиликни ўйлаш учун инсон ўз нафси (эгоси) билан шиддатли курашмоғи даркор ва ёддан чиқармангки, шайтон доимо мусулмонлар орасини бузмоқ ҳаракатидадир.

Аллоҳ таоло барчамизни инсонлар ҳақида фақат яхшиликни ўйлашга қодир қилсин. Омин!

Манба
islom.uz

2595 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top