Мақолалар

Ўйин ортидаги “ўйин”

«Техника асри», «интернет асри» деб аталаётган шиддаткор даврда яшаяпмиз. Ушбу давр инсониятга ақл бовар қилмас имкониятлар эшигини очди. Шунинг баробарида қатор муаммолар ҳам бўй кўрсатди. XXI аср нафақат юқори технологиялар асри бўлди, балки маънавий хуружлар авж олган нотинч юзйилликка ҳам айланиб улгурди. Бу хуружлар инсонга руҳий таъсир ўткаиш усулларнинг хилма-хиллиги билан хатарлидир.

Ҳозирги вақтда компьютер ўйинлари фақат ёшлар эмас, балки катталарнинг ҳам ажралмас эрмагига айлангани барчага маълум. Айни ўқиш, билим олиш, касб-ҳунар танлаш давридаги ёшларнинг компьютер ўйинхоналарини тўлдириб ўтириши бугуннинг кўз юмиб бўлмас муаммосига айлангани рост. Улар севиб, қизиқиб, ўйнаётган ўша ўйинлар бир-бирини ваҳшиёна тарзда қийнаш, ўлдириш, қувлаш  ва ҳоказолардан иборат. Бугунги болаларни оддий ўйинлару ўйинчоқлар қизиқтирмайди. Уларнинг онгу шуурини компьютер ўйинлари шу даражада банд  қилдики, бўш қолдим имкон туғилгунча ўйинлар оламига шўнғишга интилади улар. Мунтазам равишда даҳшатли ўйинлар ўйнаган болалар ва ўсмирларда  жиззакилик, бемеҳрлик, қўрслик ортиб, ўз ишига бўлган масъулиятсизлик юзага келади. Яна бир хавфли тарафи, бола онгида кечаётган виртуал ўйинлардаги зўравонлик, қотиллик, беҳаёлик, ўғирлик иллатлари эртага реал ҳаётда синаб кўрилиши эҳтимолдан холи эмас. Биргина мисол, ушбу ўйинлар ичида турли хил кўринишга эга бўлган «ГТА» ўйинини олайлик. Унда ўйин қахрамони тўғри келган одамни уриб ўлдириб, машина олиб қочиб, машинада йўлда учраган одамларни уриб кетаверади ва отишмалар билан йўлни давом эттиради. Буни эса сизу бизнинг фарзандимиз бошқармоқда. Энг даҳшатлиси, эса ўзининг бу ишидан хурсандчилиги юзида акс этиб, нима қилиб бўлса ҳам янада кўпроқ ўлдириб, ўйин охирига етишга интилмоқда. Ёки бўлмаса «CALL OF DUTE» «MEDAL OF HONOR» «COUNTER STRIKEI» каби таъсир кучи юқори бўлган ўйинларни олайлик. Бу ўйинлар моҳиятига юртпарварлик ғояси сингдирилган ўйинларга ўхшайди. Аслида эса унда бир гуруҳ одамларни ўлдириб якка ҳукмронликка эришиш мақсад қилиб қўйилган. Ўзим гувоҳ бўлган бир воқеа. Кечкурун ишдан қайтаётганимда компьютер ўйинхонасидан бир гуруҳ мактаб ўқувчиларининг сўзлари эътиборимни тортди. Улар бугун ўйинда нечта жойни ёқиб юборгани, қанча одамни ўлдирганини мақтаниб сўзлашарди. Нега улар мактабда нечта юқори баҳо олгани-ю, қайси китобни ўқиб тугатгани билан мақтаниш ўрнига бу каби зарарли ўйинлар асирига айланиб, қайси босқичдан ўтганию, қайси ўйинда ғалаба қозонгани билан мақтаняпти?

Зўравонликни тарғиб этувчи видео ўйинлар билан машғул бу ёшларнинг эртаси учун жавобгарликни, аввало, ота–она, қолаверса, маҳалла-куй ҳис қилиши керак. Фарзандини назоратсиз қолдириб айбни фақат компьютер, телефондан эмас, ўзларидан қидириш пайти келмадимикан? Қўшнимизнинг ўғли ҳар сафар репетиторга кетяпман деб онлайн ўйинларга муккасидан кетгани сабаб унверситетга киролмагач, ўз ишидан пушаймонлигини билдириб, маслаҳат сўраб келганди. У ўз  хатосини тушуниб етиб аввалгидек ўқишга меҳр қўйди. Лекин ана шу хатога муккасидан кетган ўсмирлар қанча!

Юртимизда фарзанларимизни бундай ўйинлар чангалидан халос этиш учун, уларни носоғлом ахборот хуружларидан ҳимоялаш дастури ишлаб чиқилган. «Ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида»ги қонунда ёшлар орасида шафқатсизлик, ҳаёсизлик ва зўравонликни ташвиқ қилишга қаратилган ҳар қандай хатти-харакатлар манъ этилган.

Фарзандлар – қалб райҳонларидир. Уларнинг гул-гул яшнаши ва бўй кўрсатиши учун юртимизда яратилган имкониятлардан ўз ўрнида оқилона ва унумли фойдаланиш даркор. Уларни ёт унсурлардан асраш ва муҳофаза этиш биз катталарнинг бирламчи вазифамиздир.

Ғолибжон ХИДИРОВ,

Китоб туманидаги Хожа Бухорий ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси

                                                                      

  

 

6692 марта ўқилди

Мақолалар

Top