Мақолалар

Бировга қози бўлманг!

Машойихларимиз айтади: “Биров-бировни ёмонлаяпти, ўша ёмонлаётган томонга ёмонланаётган томон гапиряпти: “Сен менда нимани кўраётган бўлсанг, билгингки, бу сеники. Мен сенда нимани кўрсам, у меники бўлади”. Яъни, ҳақиқат қандай нигоҳ билан қарашга боғлиқдир. Сиз бировда кибрни кўраяпсизми, унга нисбатан мутакаббир, деган даъвони қилаяпсизми, билингки, кибр ўзингизда бўлади. Бир олим киши айтдики: “Тилингни бировларнинг айбини излаш билан булғама. Тил сендан бошқада ҳам бор. Гуноҳ, айб сенда ҳам бор. Балки гуноҳ қилаётган одамнинг айби охиргиси бўлиши мумкин. Балки сенинг ибодатинг ҳам сен учун охиргиси бўлиши мумкин”. “Гуноҳкорлар ва жамиятнинг ёмон кишиларидан яхши гумонда бўлиш авлиёларнинг ишидир”, деганлар уламолар.

Бу улкан қоида. Одамлар орасида муносабатларнинг тўғриланишига хизмат қиладиган қоида. Сиз бировга қараганингизда ўзингизни кўрасиз. Сизга кимдир қараса, у ўзини кўради. Шу сабаб, дарров хулоса чиқаришга шошилмаслик лозим. Бир шайхдан ёш йигит сўради: “Эй Шайх, намозни тарк этган одамнинг ҳукми нима бўлади?” Йигит бу билан бир бенамозни мот қилишни мақсад қилган эди. Шайх машойихларга хос тарзда жавоб қайтардилар: “Намозни тарк этган одамнинг ҳукми уни ўзинг билан масжидга олиб боришингда. Сен қози бўлма, балки даъват қилувчи бўл”. Энг адолатли қози – Аллоҳдир. Унинг ўзи дунё ва охиратда ҳукм қилади. Бизнинг ишимиз биров учун қози бўлиш эмас, аксинча, бизнинг вазифамиз эзгуликка даъват қилиш, яхшиликларга чақиришдир.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,

Юнусобод тумани бош имом-хатиби

 

8091 марта ўқилди

Мақолалар

Top