Мақолалар

Даврий нашрларда: Ижозанинг таърифи, шаръий асослари ва аҳамияти

Қуръони карим таълимида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга боғланадиган санад билан ижоза беришнинг ушбу қоидалари Маккаи мукаррамада 1439 ҳ. ражаб ойининг 2-санаси (2018 й. 19 март)даги мажлис раиси ва Ислом олами Уюшмаси бош котиби доктор Муҳаммад ибн Абдулкарим раислигида ўтган халқаро қироат шайхлари кенгаши аъзоларининг 2-сонли йиғилишида ишлаб чиқилди.

Қуръон қироатини таълим бериш жараёнида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга боғланадиган санад билан ижоза беришнинг асосий меъёрлари бор.

Қуръоний ижоза Қуръони каримни авлоддан-авлодга оғизма-оғиз етказиш амалиётидир. Бунда ижоза берувчи ижоза олувчининг бир ривоят ёки ижоза бераётган бир нечта ривоятларда тиловати тўғри ва хатосиз эканига гувоҳликка ўтиб, Қуръони каримни ўқиши ва бошқаларга ўргатишга изн беради.

Ижоза шаръий асосга эга бўлиб, бунга Парвардигорнинг ушбу сўзи далил: “Албатта, сенга бу Қуръон ўта ҳикматли ва ўта илмли Зот томонидан берилур” (Намл сураси, 6-оят). Оятдаги “талаққий” икки зотнинг бири биридан ниманидир олишини ифодалайдиган сўздир. Жаброил алайҳиссалом Аллоҳ таолодан, Пайғамбаримиз алайҳиссалом Жаброил алайҳиссаломдан, саҳобалар розийаллоҳу анҳум Набий алайҳиссаломдан талаққий этишган.

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ “Са­ҳиҳ”ида “Қуръон фазилатлари” бобида Масруқдан ривоят қилади: «Абдуллоҳ ибн Амр Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳуни зикр қи­либ: “Мен уни яхши кўраман. Набий алай­ҳиссаломнинг: “Қуръонни тўрт кишидан олинг – Абдуллоҳ ибн Масъуд, Солим мавло Абу Ҳузайфа, Муоз ибн Жабал ва Убай ибн Каъб”, деганларини эшитганман”, деган».

Ушбу ҳадисдан Қуръон қироатини пухта, муқриларнинг оғзидан талаққий қилиш; пухта, моҳир қориларни алоҳида яхши кўриш келиб чиқади. Чунки улар Аллоҳ таолонинг Китобини ёдлаган, уни пухталаш, ўқиш, таълим беришдаги омонатдорлигида улуғ, мукаррам фаришталар каби эканлари маълум бўлади.

Ўқиш ва ўқитишда Қуръоний

ижозанинг аҳамияти

Қуръон тиловати билимли, моҳир устоздан мукаммал тарзда олинади. Сўнг устоз таълим беришга ижоза беради ва талаба ўзгани ўқитиши дуруст бўлади.

Аммо Қуръонни бир қанча марта мустақил ўқиб чиққан, лекин изн олмаган бўлса, ўзгаларни ўқитиш жоиз эмас. Зеро, лаҳн (хато)лар кенг ёйилган замонда Қуръоннинг адоси (яъни, лафзлари ижоза олиш талабига жавоб беради) тўғри бўлишда эшитиш ва ўтказишнинг ўзи кифоя қилмайди. Балки булар билан бирга ўқиш ва ўқитиш учун ижоза ва изн лозим.

Гоҳида талаба устозига Қуръонни тўла равишда бир неча маротаба ўқиб беради-ю, адони (яъни, лафзлари ижоза олиш талабига жавоб бермайди) пухта қилолмайди. Натижада устози унга ижоза бермайди. Бунга мисол: «Имом Жазарий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Имом Аҳмад ибн Аҳмад ибн Иброҳим Ҳошимий раҳимаҳуллоҳга Абу Жаъфар ибн Зубайр раҳимаҳуллоҳ Варш ривоятини бир неча бор хатм қилган, лекин ижоза ололмаган”».

Шу боис салаф уламолардан айримлари баъзи талабаларининг пухта эгаллаганига ишонч ҳосил қилиш учун Қуръонни қайта-қайта ўқиб беришини талаб қилишган. Шулардан, Мужоҳид ибн Жабр Маккий Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо ҳузурида 30 марта хатм қилган. Имом Абу Жаъфар ҳам Абдуллоҳ ибн Аййош, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳумга ўқиб берган. Шунингдек, Имом Нофеъ ибн Абу Нуъайм раҳимаҳуллоҳ: “Тобеинлардан етмиш нафарига ўқиб берганман”, деган. Шу жумладан, Ҳишом ибн Аммор қироатни Суламий Айюб ибн Тамим, Ирок ибн Холид, Валид ибн Муслим, Садақа ибн Холид ва бошқаларга ўтказиб олган.

Бу борада энг кўп ёдга олинадиган ҳолат “ал-Камил фил қироат” китоби муаллифи Имом Юсуф ибн Али ибн Жубора Ҳузалийдир. У ўзи ҳақида бундай дейди: “Бу илм (қироат)да мен учратган устозларим Мағрибдан Фарғонагача, шимолу шарқда, тоғу денгизларда жами 365 нафардир. Агар Ислом диёрларида бу борада пешқадам яна бирор инсонни билсам, албатта, олдига борардим”. Имом Жазарий Ҳузалийнинг ушбу сўзига муносабат билдириб: “Устозларимиз илм талабида мана шундай ҳимматга эга эдилар”, дейди.

Муқрий зотлар инсонларга Қуръонни ўргатишдан олдин ўзлари энг мўътабар шайхларга ўтказиб, уларнинг қироат, адо ва пухталикда гувоҳликларини олишган. Ушбу ҳолатлар Аллоҳ таолонинг Қуръони каримни сақлаш воситаларидан биридир: “Албатта, Зикрни Биз нозил қилдик ва, албатта, уни Биз муҳофаза қилурмиз” (Ҳижр сураси, 9-оят).

Бу Аллоҳ таоло томонидан мутлақ сақлашдир. Яъни, ояту суралари, талақ­қийсию адоси, тафсиру маънолари. Аллоҳ Ўзи сақлагувчи ва сақлаш сабабларини ҳам ҳозирловчидир. Пайғамбаримиз алай­ҳиссалом даврларидан ҳозирги кунга қадар Қуръони каримни ўрганиш асосий илмлардан бири бўлиб келган. Ҳеч бир давр ва ҳеч бир авлод Қуръон ўқитиш ва таълим беришдан холи бўлмайди. Шунинг учун ким умрини Қуръон ўқитишга бағишлар экан, Қуръонни тўлиқ – бошидан охиригача санади Набий алайҳиссаломга боғланган шайхлардан талаққий қилган устозлардан ўтказиб, ўқитишга ижоза олмасдан таълим бериши жоиз бўлмайди.

Имом Бухорий номидаги

Тошкент ислом институти

“Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири

Жаҳонгир қори НЕЪМАТОВ

тайёрлади.


“Ҳидоят” журналининг 7-сонидан олинди

2173 марта ўқилди

Мақолалар

Top