Мақолалар

ВАКЦИНА ОЛИШНИНГ ҲУКМИ ҚАНДАЙ?

❓759-CАВОЛ: Ҳозирги кунда ҳамма жойда вакцина олишга тарғибот кетмоқда. Динимиз бунга қандай муносабат билдиради? Вакцина олишнинг ҳукми қандай?

 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Маълумки, соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари қарийб икки йиллик кузатишлар ва изланишлардан кейин коронавирус – COVID-19 касаллигидан сақланишнинг энг самарали воситаси вакцина олиш экани тўғрисида хулосага келдилар.

Динимизда инсоннинг жони, эътиқоди, ақли, моли ва обрўсини сақлаш муҳим кўрсатмалардир. Мана шу жиҳатларга зарар етадиган ҳолатларда шариатимиз зарарни даф қилиш сабабларини қўллашга буюради. Шундай экан вакцина олиш зарурати бир неча жиҳатлар билан таъкидланади.

Биринчидан, динимиз кўрсатмаларига кўра, Аллоҳ таоло ҳар бир дарднинг шифосини ҳам берган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:

ما أنزلَ اللهُ داءً إلَّا أنزلَ له شِفاءً أخرجه البخاري

“Аллоҳ таоло ҳар бир касалликка шифосини туширгандир” (Имом Бухорий ривояти).

Бошқа ҳадисда шундай баён қилинади:

قالَتِ الأعرابُ: يا رسولَ الله، ألَا نتداوَى؟ قال: نَعمْ، يا عبادَ اللهِ تداوَوْا؛ فإنَّ اللهَ لم يَضَعْ داءً إلَّا وضَعَ له شفاءً (رواه الإمام البخاري عن أُسامةَ بنِ شَريكٍ رَضِيَ اللَّهُ عنه).

Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан аъробийлар: “Эй, Аллоҳнинг Расули, даволанайликми?”, деб сўрашди. У Зот алайҳиссалом: “Ҳа, эй, Аллоҳнинг бандалари, даволанинглар. Чунки Аллоҳ ҳар бир касалликка даво яратгандир”, дедилар. (Имом Бухорий ривоятлари).


Иккинчидан, баъзи кишилар касал эмаслигини рўкач қилиб, вакцина олишга бепарво бўладилар, ваҳоланки шариатимизда беморликдан аввал ундан сақланишга буюрилган. Бу ҳақда уламоларимиз шундай деганлар:
الوقاية خير من العلاج
“Касалликдан сақланиш уни даволашдан яхшироқдир” (“Ал-Фиқҳул исломий ва адиллатуҳу” китоби).

Демак, бемор бўлмаган кимсалар ҳам касаллик тегишининг олдини олиши ва шунга сабаб бўладиган муолажаларни қилиши динимиз талабидир.

Учинчидан, динимиздаги асосий қоидалардан бири ўзига ҳам ўзгага ҳам зарар бермасликдир. Бу ҳақда Абу Саъид ал-Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:

عن أبي سعيد الخدري رضي الله عنه: أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال:
"لا ضرر ولا ضرار" (رواه الإمام ابن ماجة).

“Зарар бериш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқ”, деганлар (Имом Ибн Можа ривояти).

Демак, вакцинани олишимиз биринчи навбатда ўзимизнинг соғлигимиз, қолаверса, яқинларимизнинг соғлигини сақлашга сабаб бўлади.

Тўртинчидан, ҳозирги кунда Ҳаж ва Умра зиёрати сафарини режалаштираётган кишилардан ҳам биринчи навбатда вакцина билан эмланган бўлиши талаб қилинмоқда. Қолаверса, дунёнинг ҳар қандай давлатига бормоқчи бўлган кишидан вакцина билан эмланганлик сўралмоқда.

Хулоса шуки, ҳозирги кунда давлатимиз томонидан фуқароларимизга етказиб берилаётган вакциналарни олишимизга динимиз рухсат беради. Эмланиш шаръан жоиз, чунки бу даволанишнинг бир кўринишидир. Валлоҳу аълам.

 

 

❓CАВОЛ: Баъзилар вакцинанинг таркибида ҳаром нарсалар борлигини айтмоқда. Шундай вакцинадан фойдаланиш мумкинми?

 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Баъзи кишиларнинг вакцина таркибида ҳаром маҳсулотлар борлиги ҳақидаги гаплари ҳеч қандай илмий далиллар билан исботланмаган. Мабодо вакцина таркибида ўшандай қўшимчалар бўлган тақдирда ҳам, у моддалар кимёвий реакциялар натижасида ўз аслини бутунлай йўқотган бўлса, унинг ҳаромлиги қолмайди ва ундан фойдаланиш жоиз бўлади. Буни шариатимизда истиҳола (яъни, бир моддани бутунлай таркиби ўзгариб, бошқа нарсага айланиб кетиши) дейилади. Шу қоидага биноан, дорилар таркибида ўз асли – ҳаромлигини йўқотган моддалар бўлса-да, улардан фойдаланиш мумкин.

Қолаверса, Мисрдаги "Дорул-ифто" фатво уюшмаси, Бирлашган Араб Амирликларидаги Исломий ишлар идорасининг Шаръий фатво кенгаши ва дунёдаги бошқа йирик фатво ҳайъатлари коронавирусга қарши вакциналарда ҳаром ҳукмидаги маҳсулотлар қўшилган бўлса ҳам истиҳола қоидасига биноан мусулмонлар учун эмланиш жоиз бўлиши ҳақида фатво чиқарганлар. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.

@diniysavollar

 

4199 марта ўқилди
Мавзулар
Другие материалы в этой категории: « Ашуро қандай кун? Муҳаррам — тавба ойидир »

Мақолалар

Top