Мақолалар

Қадим Бухорода ўтган етти пир

БИРИНЧИ ПИРИ МУРШИД

Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний қуддиса сирриҳу – Хожаи Жаҳон. 1103 йилда туғилган. Муборак хоклари Бухоро вилоятининг Ғиждувон шаҳри марказида.

ИККИНЧИ ПИРИ МУРШИД


Хожа Муҳаммад Ориф ар-Ревгарий қуддису сирриҳу Хожа Ориф Моҳи- тобон номи билан ҳам машҳур бўлган. Хожа Ориф Бухоро вилоятининг Шофиркон туманидаги Ревгар қишлогида туғилган, юз йилдан зиёд умр кўриб, 1259 йилда вафот этган. Қабри Шофиркон марказида обод зиёратгоҳга айлантирилган.1996 йил Хожа Ориф жомеси қурилди.
Нақл этилишича, Хожа Ориф ўрта бўйли, очиқ юзли, катта кўзли, камон қошли, вужудидан мушку анбар ҳиди анқиб турадиган зот бўлган экан.
Хожа Ориф Ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг тўртинчи халифаси ҳисобланади. Ҳазрати Махдуми Аъзам Даҳбедийнинг “Мақомоти Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний” асарида нақл қилинишича, Ҳазрат Хизр алайҳиссалом ҳазрати Абдулхолиқ ҳузурларига келардилар. Ўша чоқ ҳазратнинг ҳамма шогирдларини уйқу босарди. Суҳбат тугаб, Хизр алайҳиссалом кетганларидан сўнг шогирдлар беихтиёр уйқудан уйғонарди. Шогирдлар орасида энг ёши бўлган Хожа Муҳаммад ар-Ревгарий Хизр алайҳиссаломнинг суҳбатидан баҳраманд бўлай деб кўзларига туз сепдилар ва оғрикнинг қаттиқлигидан у кишига уйқу ғалаба қилолмади. Суҳбатдан баҳраманд бўлдилар. Бу ҳолни кўриб Хизр алайҳиссалом дедилар: Сиз ориф бўлгайсиз, иншаоллоҳ!” Хожа Хизр алайҳиссалом нафасларининг баракотидан бутун дунёга Хожа Ориф номи билан машҳур бўлдилар. Хожа Ориф ар-Ревгарий “Орифнома” китобининг муаллифи. “Орифнома” 1994 йил нашр этилди. “Орифнома”да ёзилганки, “Одоб нек одамлар зийнатидур!.. Авлиёлик аломати учтадур: биринчиси – баланд даражани эгаллаганда ҳам камтар бўлмоқ; иккинчиси – сабру тоқати етгунча парҳез қилмоқ, учинчиси – то кучи етгунча инсоф қилмоқ. Очлик – зоҳидлар, зикр – орифлар таоми”.

УЧИНЧИ ПИРИ МУРШИД


Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий қуддису сирриҳу Вобкент туманидаги Анжир Фағни қишлогида туғилиб, ўша ерда вафот қилган. Бу қишлоқнинг ҳозирги номи Анжирбоғдир.
Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий илми қол ва илми ҳолни ҳазрати Хожа Ориф Ревгарийдан ўрганган. Али Сафийнинг “Рашаҳоту айнул ҳаёт” китобида ёзилишича, Хожа Али ар-Ромитаний Хизр алайҳиссаломдан: “Шу асру айёмда пир деб кимнинг этагидан тутса булади?” деб сўраганида Хизр алайҳиссалом: “Шу асру айёмнинг муршиди Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавийдир!” деганлар. Хизр алайҳиссаломнинг. тавсиясига мувофиқ Хожа Али ар-Ромитаний Хожа Маҳмудга мурид бўлади. Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий қабрлари устида янги макбара, мақбара ёнида ҳовуз ва жомеъ масжиди қурилиб ушбу жой обод зиёратгоҳга айланган.

ТЎРТИНЧИ ПИРИ МУРШИД


Хожа Али Ромитоний қуддису сирриҳу Хожаи Азизон номи билан машҳур. Бу зоти шариф Ромитоннинг Кўргон қишлогида туғилган. Мақомати гоят олий, каромати бисёр, касблари тўқувчи бўлган. “Рашаҳот”да ёзилишича, 1310 йил, “Мақомати Шоҳи Нақшбанд”да таъкидланиши- ча, 1321 йилда вафот қилган. Қабри Кўҳна Урганчда, обод зиёратгоҳдир.
Хожа Алининг Ромитондаги Қўрғон қишлоғида табаррук қадамжолари бор. У ер обод қилинмоқда. Хожа Алининг тўртта машҳур халифалари бўлган: Хожа Муҳаммад Кулоҳдуз, Хожа Муҳаммад Халлож, Хожа Муҳаммад Бовардий, Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий.
Ҳожи Теша бобо Нақшбандийнинг айтишича, Нақшбандхон ибн Султонхон (1958 йил вафот қилган) Хожа Али ар-Рометани авлоди эди.
Хожа Али Ромитонийнинг “Рисолаи Азизон” китоби машҳур. Бу китобни форс тилидан ўзбек тилига нақшбандийшунос олима Гулчеҳра Наврўзова таржима қилиб нашр эттирди.

БЕШИНЧИ ПИРИ МУРШИД


Хожа Мухаммад Бобойи Самосий қуддиса сирриҳу. Бу муборак зотнинг муборак қабри Бухоро вилоятининг Ромитон туманидаги Симос қишлогида.

ОЛТИНЧИ ПИРИ МУРШИД


Саййид Амир Кулол қуддису сирриҳунинг асли исми Саййид Амир Калон бўлиб, Бухоро яқинидаги Сухор қишлоғида туғилган. Бу зот тахминан 1287 йилларда дунёга келган. Кулолчилик билан шуғуллангани сабабли Мир Кулол номи билан машҳур бўлган. Мир Кулолнинг бир юз ўн тўртта авлиё бўлган халифаси бор эди. энг етуклари Баҳоуддин Нақшбанд, Мавлоно Ориф Дегароний, Шайх Ёдгор Валий, Шайх Жамолиддин Деҳаи Осиёи, Шайх Шамсиддин Кулол, Хожа Дарзунийлардир.
“Мақомоти Амир Кулол”да нақл қилинишича, Ҳазрат Мир Кулол мужаррад (бўйдоқлик) даврида тенгқурлари билан боғда иттифоқ бўлиб, чопонларини ювибтилар ва биродарларига айтибтики, “Эй ёронлар, чопонларни пахса девор устига ёймайлик, чунки у ердаги тиканларга озор берилур. Зинҳор дарахтлар шохига осмайлик, шохлар эгилиб, жабр булур. Заминга ҳам ташламайлик, ўт-ўланлар хароб бўлур”. Бу гапларни эшитиб, не қиларини билмай қолган биродарлар сурабтики: “Амир, сиз чопонингизни қандай қилиб қуритасиз?” Ҳазрат дебти: “Мен чопонимни устимга ташлаб, офтобрўяда ўтираман ва шундай қилиб қуритаман. Эй ёронлар, агар пахса девордан бир парча узилиб эрга тушса ё дарахт шохи синса, ё чорва ейдиган ўтларга зарар этса, Худовандга не узр билдирурмиз? Зинҳор номашруъ (шариатга зид) ишлар, кичик бўлса ҳам қилманг. Чунки кичик гуноҳ такрорланаверса, дўзахга олиб борур. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам истиғфор (кечирим сўраш) билан катта гуноҳлар кечирилади, муттасил қилинаверилса, кичик гуноҳлар ҳам каттага айланади, деганлар”.
Собиқ Иттифоқ даврида Ҳазрат Мир Кулол жомеси йиқитилди, зиёратгоҳи эса шўр босган, қаровсиз ҳолга келган эди. Истиқлол йилларида Мир Кулол зиёратгоҳида янги жоме масжид, меҳмонхона, дарвозахона қурилди. 2007 йилда Сайид Мир Кулол қабри устида маҳобатли мақбара қад ростлади. Атрофида улкан боғ барпо қилинди.


ЕТТИНЧИ ПИРИ МУРШИД


Ҳазрати Саййид Муҳаммад Баҳоул-ҳақ вал-миллат вад-дунё уд-дин Нақшбанд ибн Саййид Жалолиддин. Бу киши соҳиби каромат, олими раббоний, Қуръони карим ва пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларини халққа етказиб, ислом дини ривожига муҳим ҳисса қўшган валиюллоҳдир.
Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари 1318 йил Бухоро шаҳри яқинидаги Қасри Ҳиндувон қишлоғида туғилган. Ул зоти шариф шарофатидан қишлоқнинг номи Қасри Орифонга айланган.
Абулҳасан Муҳаммад Боқир бин Муҳаммад Алининг “Мақомоти шоҳи Нақшбанд” китобида ёзилишича, Баҳоуддинга бевосита Саййид Мир Кулол устозлик қилган. Ҳазрат она томонидан сиддиқийдир, яъни насаблари Абу Бакр Сиддиққа бориб тақалади.
Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари 1389 йил Қасри Орифонда вафот этган.

Жобир ЭЛОВ,
Мир Араб мадрасаси мудири

37307 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Уч саволга бир жавоб Ҳовли олма, қўшни ол... »

Мақолалар

Top