Мақолалар

АШУРО КУНИ ҚАЙСИ КУНГА ТЎҒРИ КЕЛМОҚДА?

#қисқа_савол_жавоблар
#Ашуро_куни

❓CАВОЛ: Бу йилги муҳаррам ойининг ўнинчи куни – Ашуро куни қайси кунга тўғри келмоқда? Муаммо шундаки, турли исломий сайтларда Ашуро куни ҳар-хил кўрсатилмоқда. Шунга аниқлик киритиб берсангиз.

? ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Муҳаррам ойининг 10 куни (Ашуро куни) милодий ҳисоб бўйича 19 август пайшанба кунига тўғри келади.

Ҳозирда бу йилги Ашуро куни милодий ҳисоб билан қайси санага тўғри келиши ҳақида икки хил маълумот пайдо бўлганининг асосий сабаби, муҳаррам ойининг ҳилолини кўришдаги хилма-хиллик сабаблидир. Кўпчилик исломий тақвимларга кўра муҳаррам ойи бошланиши 9 август душанбага, муҳаррам ойининг 10-куни бўлмиш Ашуро куни эса 18 август чоршанбага тўғри келиши кўрсатилган эди. Бироқ 8 август куни Ислом оламида муҳаррам ойининг ҳилоли кўринмагани боис зулҳижжа ойи тўлиқ 30 кун дея эътиборга олиниб, муҳаррам ойи 10 август сешанба кунидан бошланиши эълон қилинди. Хусусан, Халқаро астрономия маркази, кўпгина мусулмон мамлакатлари, жумладан марказий Осиё мамлакатларида ҳам 8 август куни муҳаррам ойини кўриш имконсиз экани таъкидланган.

Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати томонидан 10-август муҳаррам ойининг 1-куни, 19-август эса муҳаррам ойининг 10-куни – Ашуро куни этиб эълон қилинди. Иордания, Бирлашган Араб Амирлиги, Жазоир, Судан, Тунис, Марокаш, Саудия Арабистони, Индонезия, Малайзия, Эрон, Покистон каби (жами 16 та) мусулмон мамлакати Ашуро куни – 19 августга тўғри келишини расман эълон қилди. Миср, Туркия, Ироқ ва Сурия каби саноқли мамлакатлар 18 август куни муҳаррамнинг 10 куни деб эълон қилишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати ҳар бир юрт аҳли ўз юртининг уламоларининг фатвосига амал қилишини ва иккиланишлар чиқармаслик зарур эканини алоҳида таъкидлайди.

Қолаверса, уламоларимиз муҳаррам ойининг ёлғиз ўнинчи кунида эмас, балки тўққизинчи ва ўн биринчи муҳаррам кунларини ҳам қўшиб рўза тутишни тавсия этганлар. Бу билан Ашуро кунининг фазилатини топишда шубҳа бўлмайди, иншаАллоҳ. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.

? Улашинг: @diniysavollar

2193 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top