Мақолалар

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳақларида Ғарбнинг буюклари эътирофи

Ҳазрати Муҳаммаднинг инсон боласи бўлганлари бутун одмизодга ифтихордир. Чунки у зот уммий бўлишлари баробарида ўн аср олдин шундай қонун ва асосларни келтирдиларки, биз – оврупаликлар икки минг санадан кейин уларнинг қиймати ва ҳақиқатини англаб етсак, энг масъуд, энг саодатли инсонлар бўламиз.

Шебол, Ғарб мутафаккири.

* * *

Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом ҳеч қандай ҳокимиятга эга бўлмаган ҳолда энг қудратли салтанатлар – Эрон ва Византияни ягона Парвардигор низоми билан яшашга даъват этгандилар.

Роже Городи, Фарангистон Комфирқаси Марказий Қўмитаси аъзоси.

* * *

Биз Оврупа миллатлари маданий имконимиз юқори бўлишига қарамай, ҳазрати Муҳаммад сўнгги поғонасига қадар чиқа олган зинанинг биринчи босқичидамиз, холос. Ҳеч шубҳа йўқки, бу мусобақада бирон кимса у зотдан юқорироққа ўта олмайди.

Волфганг Гёте, машҳур олмон шоири.


* * *

Аллоҳ таолонинг бирлиги ва борлигини Мусо алайҳиссалом ўз миллатига, Исо алайҳиссалом ўз умматига, Муҳаммад алайҳиссалом эса, бутун инсониятга маълум қилди.

 Наполеон Бонапарт, Франсия императори.

* * *

Мен дунё тарихини ўрганиб бир хулосага келдим: дунё подшоҳлари тўплаган жамики салтанату сарват-бойликлар, шоҳона қасрлару муҳташам саройлар Муҳаммад алайҳиссаломнинг ямоқ яктакларига арзимас экан.

Волфганг Гёте, машҳур олмон шоири.

* * *

Ҳазрати Муҳаммад ҳақида гапирганларимиз бир нуқта устида тўпланади. У ҳам бўлса, у зот хулқ-атворининг юксаклиги, ахлоқининг покизалигидир. Булар шундай улуғ фазилатларки, у замондаги маккаликлар орасида жуда нодир эди.

Вилям Муир, инглиз шарқшуноси.

* * *

Файласуф, нотиқ, пайғамбар, фақиҳ, саркарда, қалблар ҳимоячиси, ғоялар кошифи, имом, давлат арбоби, Ер куррасининг йигирма жойида диний салтанат ташкил этган зот. Муҳаммад (алайҳиссалом) ана шундай киши эди. У кишини дунёдаги қайси буюк шахс билан тенглаштириш мумкин? Наҳотки у зотнинг қиёслари бўлса?



Луис де Ламартин, фаранг мутафаккири.

* * *

Машҳур пайғамбарлар ва фотиҳлар ичида тарихий ҳаёти ҳазрати Муҳаммад тарихидек энг кўп ва ҳамма нуқталаригача батафсил ўрганилган тарихий шахс йўқдир.

 Жон Давенпорт, инглиз олими.

* * *

У бир вақтнинг ўзида ҳам Цезар, ҳам Папа эди. Аммо Папа бўлиб, унда Папанинг иддаолари йўқ эди, Цезар бўлиб, унда Цезар легионлари йўқ эди. Мунтазам қўшинсиз, тансоқчиларсиз, саройсиз, давлат даромадисиз (солиқларсиз) агар бирор шахс мен Аллоҳнинг изну ихтиёри билан бошқардим, дея олса, унда у Муҳаммадддир (соллаллоҳу алайҳи ва саллам). Чунки унинг қўлида ҳеч қандай ҳокимият воситаларисиз ва асосларисиз ҳокимият бор эди.

 Босворт Смит, англиялик мутафаккир.

* * *

Ўз эътиқоди йўлида Муҳаммад (алайҳиссалом) ҳар қандай машаққат ва қийноқларга тайёр эди. У уммат етакчиси бўлишига қарамай, камтар ва одамийлигича қолди. У одамларни қаттиқ ҳурмат қилар, шарафини жойига қўяр эди. Унинг буюклигига унинг зафар ва ютуқлари далилдир. Унинг шахси улуғлиги ғоясини тарқатишда муваффақият келтирди.

Вилям Монтгомери Уотт, инглиз шарқшуноси, “Муҳаммад Маккада”, “Муҳаммад Мадинада” китоблари муаллифи.

* * *

Муҳаммад (алайҳиссалом) тарғиб қилган таълимотлар туфайли унинг издошларини Пайғамбар шахсияти ўзига қаттиқ жалб қилади. Зеро, у одамларни ақл ва дин воситасида бошқарар эди.

 Эдвард Гиббон, инглиз олими.

 

Интернет маълумотлари асосида тайёрланди

1638 марта ўқилди

Мақолалар

Top