Мақолалар

Исрофгарлик саховат эмас

Аллоҳ таоло инсонларни турли миллат ва элат қилиб яратиб, уларга Ер юзини макон тутиб, ундаги неъматлардан фойдаланиб ҳаёт кечиришни буюрди. Яна бандаларига беҳисоб неъматларни ато этиб қўйдики, буларни санаб адоғига етиб бўлмайди. Аллоҳ таолонинг Ўзи бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат этади:

“Шунингдек, сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этди. Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, инсон (ўзига) ўта золим ва (Раббига) жуда ношукрдир”.

“Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир”.

Аммо инсонларга шунча неъматларини ато этиб қўйган Аллоҳ таоло уларни бу неъматлардан оқилона фойдаланишга, тежаб-тергаб ишлатишга, асло исрофга йўл қўймасликка чақиради. Бу борада Қуръони карим бундай таълим беради:

“...Шунингдек, еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмас”.

Бошқа бир ояти каримада эса бундай марҳамат этади:

яъни: “У (Аллоҳ) шундай зотки, (сўритокларга) кўтариб қўйиладиган ва кўтариб қўйилмайдиган (узумзор) боғларни, таъми турлича (бўлган) хурмо ва мевали дарахтларини, (ранг ва таъмда) ўхшаш ва ўхшамас зайтун ва анорзорларни пайдо қилди. Мева ҳосил қилганда, мевасидан тановул қилингиз! Ҳосил йиғиш кунида (муҳтожларга) ҳаққини (ушри ва хирожини) берингиз ва исроф қилмангиз! Албатта, У исроф қилувчиларни севмайди”.

Исроф динимизда қаттиқ қораланган. Қуръони каримда исрофнинг зарари, исрофгарнинг мазаммати ҳақида бир неча ояти карималар бор. Аллоҳ таоло айтади: “(Бахиллик қилиб) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг! Акс ҳолда, маломат ва маҳрумликда ўтириб қолурсиз”.

Аллоҳ таоло Қуръонда мўминларнинг сифатларини зикр этар экан, уларнинг исрофгар ҳам, хасис ҳам бўлмасликларини баён этади:

яъни: “(Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир”.

Абдуллоҳ ибн Аббосдан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер», деганлар” (Имом Бухорий ривояти). Фахри коинот айтганларидек: “Енглар, ичинглар, садақа қилинглар, аммо исрофгарчилик ва фахрга ўтманглар»; «Ким ҳаётда тежамкор бўлса, зинҳор қашшоқликка тушмайди”. Яна бир ҳадисда: “Исрофгар жаннатга кирмайди”, дейилган.

Лекин таассуфлар бўлсинки, бугунги кунга келиб аксарият ҳолларда исрофдан сақланишга эътибор бермаймиз, исрофгарга айланиб қолаётганимизни сезмаймиз. Деярли кўп нарса, у қимматми ёки арзон, аҳамиятлими ёки аҳамиятсиз, нодирми ёки сероб, олди-кетига қарамай бирваракайига исроф қилиняпти. Хонадонларимизда ортиб қолган таомлар ташлаб юборилмоқда. Ахлат уюмлари орасида энг азиз неъмат бўлмиш нон ҳам пайдо бўлгани, айниқса, ачинарли ҳолат.

Тўйлар, байрамлар, тантаналар ва бошқа маросимлардаги исрофгарчиликлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Ейишга яроқли қанча неъматлар увол бўлиб кетади. Борган сари тўй-ҳашамларимиз дабдабали тус олиб боряпти, кундан-кунга янги-янги турдаги тантана ва маросимлар, янги-янги турдаги исрофли, дабдабали одатлар пайдо бўлмоқда. Агар аҳвол бу кетишда бўлса, келажакда бундай маросимлар халқимиз бошига не кулфатларни соларкин, деб ўйлаб қоласан киши.

Битта наҳорга ош бериш учун баъзилар камида йигирма-ўттиз минг доллар сарфлайди. Ундан кейин ёки ундан олдин яна бир талай маросимлар ҳам бор. Тўй келар, сабзи тўғрар, никоҳ базми деймиз. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Чарлар, чақириқ, ҳайит ундан кейин қовурдоқ, бешиктўй ва ҳоказолар бор. Яна бошқа турли-туман харажатлар ҳам бор ўртада. Дабдабали мебеллар, ҳашаматли пардалар, турли-туман қимматбаҳо сарполар. Хуллас, ақл бовар қилмас даражада катта маблағлар талаб қиладиган ана шундай ўткинчи маросимлар учун умримизни кеткизиб ишлайдиган бўлиб қолаяпмиз. Умр бўйи топган-тутганларимизни соғлигимизни тиклашга эмас, яхши еб, яхши ичишга эмас балки, юқоридаги дабдабали маросимларни ўтказиш учун йиғадиган бўлиб қоляпмиз.

Ундан кўра мазкур маросимларимизни бир оз қисқартирсак, бир оз ихчамлаштирсак ўзимизга яхши эмасми? Баҳонада қанча-қанча маблағ исроф бўлмасдан қора кунларимизга ярарди. Озгина ўзимизга ҳам тузукроқ қарашга, соғлигимизни тиклашга, фарзандларимизга тузукроқ эътибор қаратишга қўлимизда имконият пайдо бўларди. Катта-катта қарзларга ботиб, аҳволимиз паришон бўлиб юрмасди. Нима учун фоний бу дунёда, синов дунёсида ўзимизни бу қадар қийнашимиз керак? Нимадан қўрқамиз? Одамларни гапиришиданми? Ғийбатлардан қўрқмайлик биродарлар. Одамларни гапидан қўрқиб, қарзга ботиб, дабдабали мароисмларни ўтказганимиздан сўнг эртага аҳволимиз танг бўлиб қолса, ўша одамлар қутқарадими бизларни?! Ўша одамлар беш-ўн сўмдан пул бериб ёрдам қиладими?..

Бундан ташқари, эртага бундай исрофгарчиликлардан, албатта, қиёмат кунида сўраламиз. Битта фарзандининг тўйи учун бутун бошли бир ҳовли-жой қилса бўладиган пулларни совураётганлар қиёмат кунида нима деб жавоб беради? “Ундан кўра ўша пулингнинг ярмини қийналаётган, кам таъминланган хонадонларга бўлиб берсанг бўлмасмиди, қариндош-уруғингдаги ҳожатмандларнинг ҳожатини чиқарсанг бўлмасмиди, молу дунёни сенга нима учун бердик, мана шундай дабдабабозликлар учунми?”  дея сўроққа тутилса, исрофгар банда нима деб жавоб беради?! Ҳеч шу ҳақда ўйлаб кўрганмизми? Азизлар мана шу ҳақда яхшилаб ўйлаб қўяйлик. Эртага қиёмат кунида бериладиган саволга жавоб топиб қўяйлик. Жавобимиз ҳам тўғри бўлсин, шаръан ўринли жавоб бўлсин... Агар айтадиган жавобимиз ўринли жавоб бўлмаса, ҳолимизга вой бўлади, наъувзу биллааҳ...

Аллоҳ таоло бизга ҳаёт, соғлиқ, оила, мол-мулк каби неъматлар инъом этган. Биз улардан қандай фойдаланганимиз, қаерга сарф қилганимиз ҳақида охиратда сўраламиз. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади

«Сўнгра ана ўша Кунда, албатта, (сизларга ато этилган барча) неъматлар тўғрисида сўроқ қилинурсизлар!» (Такосур, 8).

Бизнинг бугунги кунда қилаётган дабдабали маросимларимизни саховат ҳам деб бўлмайди. Саховат деб дарҳақиқат эҳсонга муҳтож бўлган одамга қилинадиган яхшиликка айтилади. Очларга бериладиган таомга саховат дейиш мумкин. Бизнинг тўйларимизга келадиган минглаб кишилардан нечтаси қорни оч одамлар? Менимча, қорни очлар умуман айтилмаса керак бундай маросимларимизга. Тўғрироғи, қорни очларни нафақат зиёфатга айтиш, балки уларни умуман танимаймиз, ундайлар билан таниш-билиш бўлишни ўзимизга ор деб биламиз.

Хайр-эҳсон ва зиёфат беришдан асосий мақсад муҳтожларга моддий ёрдам кўрсатиш бўлмоғи даркорлиги тўғрисида Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

“Таомларнинг ёмони қорни очлар қолиб, қорни тўқлар чақирилган зиёфатдир”.

Ҳазрат Навоий "Ўт иши – қовурмоқ, ел иши – совурмоқ", дейдилар. Яна дейдиларки: «Исроф сахо эмас ва итлофни (йўқотиш, барбод қилишни) маъно аҳли сахо демас». Яъниким, исроф қилиш – сахийлик эмас, ўринсиз совуришни ақлли одамлар сахийлик демаслар. Ҳалол молни куйдирганни девона дерлар. Ёруғ жойда шамъ ёққанни ақлдан бегона дерлар.

Худо молиға қилмоқ исроф не?

Жунун аҳлидек мунча итлоф не?

Исломда мол-ашё ҳам иззатлидир. Молни исроф қилган, талофот берган жазосини олади. Аллоҳ таоло бизга молу дунё ато этган эканми, уни исроф қилмасдан, бахиллик ҳам қилмасдан, меъёрида ишлатсак, меъёрида саховат қилсак, бировга муҳтож бўлиб қолмаймиз, қарзга ҳам ботиб қолмаймиз, кўзимизнинг суви ҳам тўкилмайди, иншоаллоҳ...

Муқаддас динимиз барқарор ҳаёт кечириш учун тежамкор бўлиш ва исрофдан сақланишга буюради. Бунга амал қилган ота-боболаримиз ҳар бир неъматни эъзозлаган, исроф қилмаган, уволдан қўрқишган. Аммо сўнгги вақтларда баъзилар тўй-маърака маросимларини кимўзарли қилишга, ўзини кўз-кўзлашга ва исрофгарчиликка ўтиб кетяпти. Асли амалларни бажаришда ҳаддан ошиб, савоб эмас, гуноҳ орттириб олишяпти.

 Халқимиз тўй, турли муносабатлар билан ўтказиладиган маросимларни, шодиёналарни яхши кўради. Лекин тўй маросимларини меъёрида, ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликка йўл қўймаган ҳолда ўтказишимиз керак. Ҳукуматимизнинг бу ҳақдаги қарорларига ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг фатвосига амал қилган ҳолда иш тутишимиз лозим бўлади. Тўйларда сарфланадиган ортиқча маблағларни ёш келин-куёвларнинг келажак ҳаётларида асқатадиган зарур маиший жиҳозларга сарфланса айни савобли иш қилинган бўлади, иншоаллоҳ!

Азизлар мана шундай ҳолатларда Башарият саййиди бўлмиш суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг кечирган ҳаётларини озгина эсга олайлик. Ул зот қандай еб-ичдилар? Ҳеч тўйиб овқатланганмилар? Арпа унидан тайёрланган нонга қорнилари тўйганми? Оқ нон деган нарсани кўрганмилар? Субҳоналлоҳ... Аллоҳнинг энг азиз бандаси бўлмиш Набиййимиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўпинча қоринлари очлигидан ошқозонда пайдо бўлган очлик алангасини сўндириш учун қоринларига тош боғлаб юрардилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам боқий дунёга кўчганларидан йиллар ўтиб, бир куни Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуни қовурилган қўй гўштига таклиф қилишганда, кўзларига ёш келиб, “Аллоҳнинг элчиси бу дунёдан бундай таомни кўрмасдан ўтдилар”, дея бурилиб кетган эканлар...

Исрофгарчиликка берилган пайтларимизда шу нарсаларни ҳам бирров эсга олсак фойдадан холи бўлмас...

Одилхон қори ЮНУСХОН ўғли,

Шайҳонтоҳур туман бош имом-хатиби

 

 

5540 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top