Мақолалар

Аллоҳ таолони кўриш

Имом Нававий «Саҳиҳи муслим» китобининг шарҳида шундай келтирадилар: «Албатта, Аҳли сунна вал жамоа уламолари Аллоҳ таолони кўриш мумкинлигини таъкидлайдилар. Шунингдек улар бу ҳодисанинг охиратда бўлишига ҳам ижмо қилганлар. Аллоҳ таолони фақатгина мўминлар кўрадилар, кофирлар эмас. Бидъат аҳли бўлган баъзи тоифалар – мўтазилалар, хаворижлар ва баъзи муржиалар Аллоҳ таолони махлуқотларидан ҳеч бири кўрмайди, бу ақлга тўғри келмайдиган иш дейдилар. Аммо уларнинг бу қарашлари очиқ-ойдин хато ва жоҳилликдир. Китоб ва суннатда, саҳобалар ва улардан кейинги уламоларнинг ижмоларида Аллоҳ таолони охиратда кўриш собит эканига далиллар етарличадир. Бу ҳақда йигирмага яқин саҳобалар томонидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадислар ривоят қилинган. Кўплаб аҳли сунна мутакаллим уламоларининг адашган тоифаларга берган жавоблари ҳам машҳурдир. Аллоҳ таолони бу дунёда кўриш мумкинлиги ҳам хабарларда келган. Лекин мутакаллим уламоларнинг жумҳури Аллоҳ таоло дунёда кўрилмаслигини таъкидлайдилар».

 

Мутакаллим уламолардан Нажмиддин Умар Насафий роҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг «Ақоиди Насафий» матнларида бу борада шундай келтирадилар: «Аллоҳ таолонинг бандаларига кўриниши ақлан жоиз, нақлан вожибдир. Ҳа, охират диёрида мўминларнинг Аллоҳ таолони кўришларини тасдиқловчи самъий далиллар келгандир. Бас, бирор маконда бўлмасдан, бирор муқобил тарафда бўлмасдан, ёки нурга чулғанмасдан, ёки кўрувчи билан Аллоҳ таоло ўртасида масофа собит бўлмасдан кўринади».

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: «У кунда чиройли юзлар бор. Ўз Роббисига назар солувчилар». (Қиёмат сураси 22 23-оятлар)

Мўминлар Жаннатга киргач,уларга кўзлар кўрмаган ва қулоқлар эшитмаган сон-саноқсиз неъматлар берилади. Ўша неъматларнинг энг улуғи Аллоҳ таолога назар солиш ҳисобланади. Бандалар Аллоҳ таолони шаклсиз, идроксиз ва бирор тимсолсиз кўрадилар. Бу ҳақда Сўфи Оллоҳёр бобомиз ўз байтларида шундай келтирганлар:

Кўнгулда кечса, кўзга тушса ҳар шай

Эрур андин муназзаҳ Холиқи Ҳай.

Яъни инсоннинг кўнглида Аллоҳ таолонинг қандайлиги тўғрисида қандай фикр ўтса ҳам, унинг кўзига қандай улуғвор нарса кўринса ҳам Аллоҳ таоло барчасидан бошқа бўлган, олий ва буюк Зотдир. 

Идроксиз кўриш деганда эса кўрилган нарсани тасвирлаб бера олмайдиган, унинг қандайлигини тушунтириб бера олмайдиган ҳамда ёдида сақлаб қола олмайдиган даражада кўриш маънолари тушунилади. Шу маънода мўминлар Аллоҳ таолонинг жамолига шаклсиз, идроксиз ва бирор тимсолсиз равишда назар ташлайдилар.

Кофирлар эса ўша кунда Аллоҳ таолони кўришдан тўсиладилар. Бу ҳақида Қуръони каримда қуйидагича хабар берилган: «Йўқ!!! Албатта, улар ўша кунда ўз Роббиларини кўришдан тўсилурлар» (Мутоффифин сураси 15 оят).

Имом Шофеъий роҳматуллоҳи алайҳ: «Ушбу оятда мўминларнинг Аллоҳ таолони кўришларига далил бор»,-деганлар.

Имом Молик роҳматуллоҳи алайҳ: «Унинг душманлари тўсилган ва Уни кўра олмаганларидан кейин, Ўзининг дўстларига тажаллий (Ўзини намоён) қиладики, У Зотни кўрадилар»,-деганлар.

Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бизлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик, у зот тўлин ой кечасида ойга назар солдиларда: «Сизлар яқинда Роббиларингизни бу ойни кўргандек кўрасизлар, Уни кўришда қийналмайсизлар, агар қуёш чиқишидан олдин ва ботишидан олдин намозга куч сарфлашга қодир бўлсаларингиз, албатта, уни адо қилинглар»,-дедилар”. (Муттафақун алайҳ)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Бу ойни кўргандек кўрасизлар» дейишлари кўриладиганни кўриладиганга ўхшатиш эмас, балки кўришни кўришга ўхшатишдир. Аллоҳ таолони кўришни ойни кўришга ўхшатишда икки хил маъно бор:

  1. Тўлин ой кечасида ойни кўриш тўғрисида ҳеч қандай шак-шубҳа бўлмайди.
  2. Ойни кўришда кўрувчилар қанча кўп бўлишларидан қати назар ҳеч бир машаққатсиз барчалари баравар кўраверадилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Баъзи одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, қиёмат куни Роббимизни кўрамизми?»,- дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тўлин ой кечасида ойни кўришда бир-бирингизга зиён-заҳмат еткизасизларми?»,-дедилар. Улар: «Йўқ, эй Аллоҳнинг расули», дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Булут йўқ кунда қуёшни кўришда бир-бирингизга зиён-заҳмат еткизасизларми?», дедилар. Улар: «Йўқ», дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, сизлар У Зотни ана шундай кўрасизлар»,-дедилар. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилишган)

Аллоҳ таолони тушда кўриш борасида эса қуйидаги ривоятлар келган. Албатта, бу кўриш ҳам оддий кўз билан эмас, балки қалб кўзи билан бўлади:

Имом Аъзам роҳматуллоҳи алайҳ Аллоҳ таолони тушларида юз марта кўрганликлари ривоят қилинган.

Таъбир берувчиларнинг имоми Муҳаммад ибн Сийрин шундай деганлар: «Ким Аллоҳ таолони тушида кўрса, Жаннатга киради ва ғам-ташвишларидан халос бўлади».

Имом Аҳмад роҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: “Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони тушимда кўрдим ва ибодатларнинг энг афзали ҳақида сўрадим. Шунда Аллоҳ таоло «Қуръонни тиловат қилиш».- деди”.

Ривоят қилинганки, Ҳамза Қори роҳматуллоҳи алайҳ тушларида Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзига Қурънни бошидан то охиригача ўқиб берганлар.

Аллоҳ таоло барчамизга жамолини кўришлик бахтини насиб этсин. Омин.

Тошкент ислом институти талабаси

Нуриддин Турғунбоев

10660 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top