Мақолалар

МУСТАҚИЛЛИК – УЛУҒ НЕЪМАТ,  ВАТАН – ЖОНДАН АЗИЗ!

Аллоҳ таоло инсонни табиатан маданий, жамоавий ҳаётга мойил ва бошқалар билан ўзаро мулоқот қилиб яшайдиган ҳолда яратди. Шу боис барчамиз бошқалар билан мулоқот қилишга, улар билан фикрлашишга ва жамоавий яшашга муҳтожмиз. Одам фарзанди учун кимлар билан яшаши катта аҳамият касб этганидек, қаерда яшаши ҳам муҳим ҳисобланади.

Одатда, барчамиз ўзимиз туғилиб-ўсган жойни яхши кўрамиз, қадрлаймиз. Маҳалламизнинг нафақат одамлари, ҳатто йўллари, уйлари, ариқлари – хуллас ҳамма нарсаси азиз. Яқинда бир танишим “дом”ини сотиб, ҳовлига кўчиб ўтди. Уй бекаси “дом”дан кўра яхшироқ масканга кўчиб ўтишига қарамасдан, қадрдон бошпанасидан айрилаётгани учун йиғлабди. Ҳатто унда-бунда “дом”и олдидан ўтиб қолса, турмуш ўртоғига бир кўриб ўтишни илтимос қилар экан.

Инсон ўзи яшайдиган жойини яхши кўради, севади. Ўз ерини, уй-жойини қадрлайди ва уни ҳимоя қилади. Чунки у жойларда унинг яхши кунлари, қувноқ ёшлиги, ота-боболарининг хотиралари ва ўз фарзандларининг жарангдор кулгилари яққол намоён бўлиб туради. Бу жой ВАТАН дейилади. Инсон ватанини севиши, унга муҳаббат қўйиши унинг табиатида бор.

Хўш, Ватанни севиш, уни ардоқлаш ва ҳимоя қилиш ҳақида муқаддас динимизда дейлган?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Макка сендан кўра менга севимлироқ ва суюклироқ шаҳар йўқ. Агар қавмим сени ташлаб чиқишимга мажбур қилмаганида асло сендан бошқа жойни макон тутмасдим”, дея Макка шаҳридан чиқиб кетаётганларида марҳамат қилган эканлар (Имом Термизий ривояти).

Ватаннинг ҳавоси, суви, тупроғи – барча-барчаси шифо. Аждодларимиз узоқ йўл босиб келган меҳмонга дастлаб қатиқ бергани боиси шуки, аввало, қатиқ чарчоқни олади, қолаверса, мусофирнинг юртга мослашишида асқотар экан.

Набий алайҳиссалом бирор киши бетоблигидан шикоят қилиб келса, бармоқларини муборак сўлаклари билан ҳўллаб, сўнгра тупроққа суриб, касалга суртиб дам солганлар. Бу ҳақда Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Қачон бир инсоннинг тоби қочса ёки ярами, жароҳатми пайдо бўлса, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам панжаларини бундоқ қилиб кўтарар ва: “Бисмиллаҳи, турбати арзина. Бирийқоти баъзина. Лиюшфа биҳи сақиймуна. Би изни Роббина” (яъни, Аллоҳнинг исми ила дам солурман. Еримизнинг тупроғи ва биримизнинг тупуги ила. Раббимизнинг изни ила бемор шифо топсин), дер эдилар» (Имом Бухорий ривояти).

Инсон ўзи яхши кўрган нарсасини ҳидласа ҳам шифо бўлади. Шунинг учун яхши кўришганлар бир-бирлари билан кўришишлари даво турларидан ҳисобланади. Яъқуб алайҳиссалом ўғиллари Юсуф алайҳиссалом соғинчида кўзлари ожиз бўлиб қолди. Юсуф алайҳиссаломнинг кўйлакларини бошларига ташлаганларида кўрмай қолган кўзлари шифо топди.

Иброҳим Халилуллоҳ ватанлари Маккаи мукаррамa учун дуо қилган: «Иброҳимнинг: “Раббим, буни омонлик юрти қилгин ва аҳлидан Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирганларини мевалар ила ризқлантиргин”, деганини эсла...» (Бақара сураси, 126-оят).

Иброҳим алайҳиссаломнинг дуолари қалбларидан тошиб чиққан муҳаббат эди. Маккага тинчлик ва ризқ сўрадилар. Зеро, бу икки неъмат Ватан фаровонлиги омилларидандир. У иккиси ёки бири топилмаса, бахт-саодат йўқолади.

Аждодларимиз қадимдан ўз Ватанига муҳаббати туфайли бошқалардан ажралиб турган. Широқнинг қаҳрамонлигини Ватан муҳаббатидан бошқа нима дея оламиз? Ўз жонини Ватан учун фидо қилишдан ҳам ортиқ иш борми?!

Буюк бобомиз, халқимиз фахри Амир Темурдек зот ҳаётининг мазмуни, бетакрор фаолияти ва ҳайратомуз ишларининг асосида Ватан озодлиги, Ватанга муҳаббат деган олий қадриятлар ўз аксини топган.

 Аллоҳ таоло шу азиз Ватаннининг муҳаббатини барчамизнинг қалбимизга жой айласин! Шу жаннатмонанд диёримизнинг мустақиллигини абадий қилсин! Турли офат, бало-қазолардан асрасин!

Мустақиллик байрами муборак бўлсин!

 

Зулайҳо СОАТОВА,

Тошкент шаҳар бош имом-хатибининг

хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси

1714 марта ўқилди

Мақолалар

Top