Мақолалар

Улуғ айём муборак бўлсин!

Мана, мамлакатимиз мустақил бўлганига ҳам 30 йил бўлди. Ўтган йиллар давомида ватанимизда ва шахсий ҳаётимизда кўплаб ижобий ўзгаришлар бўлди. Айниқса, диний соҳада қилинган ислоҳот ўзининг яхши самарасини бера бошлади. Ислоҳотлар туфайли рўй берган янгиликларнинг барчасини бу мўъжазгина мақолада айтиб ўтишнинг имкони йўқ.

Маълумки, бутун дунёда коронавирус хасталиги тарқаб инсоният ҳаётига хавф солмоқда. Қўшни Афғонистонда эса нотинчлик ҳукм сурмоқда. Ўз юртидан бошқа юртларга кетаётган қочқинлар кўпайган, бегуноҳ кишиларнинг қони тўкилмоқда. Мана шундай даврда ўз юртимизда соғ-саломат, тинч-хотиржам яшашимиз катта неъмат эканини англашимиз лозим.

Ушбу неъматларга Аллоҳ таолога қанча шукр қилсак, шунча оз. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: ”... агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қиламан...” ( Иброҳим сураси, 7-оят).

Мазкур оят ҳақида “Тафсири ирфон”да бундай дейилади: “Шукр” сўзи аслида миннатдор бўлиш, раҳмат айтиш маъноларида бўлиб, неъматларни ёлғиз Аллоҳ таолодан деб билиш ва у рози бўладиган тарзда сарфлашни англатади.
Аллоҳ таоло бандаларига беҳисоб неъматларни ато этиб қўйган. Ҳаммамиз энг афзал неъматлар ичидамиз. Нафасимизнинг кириб-чиқиб тургани, танамизнинг соғлиги, юртимизнинг тингчлиги, етарли озуғимиз ва кийим-кечагимизнинг борлиги, ҳаво ва сувнинг мавжудлиги. Фарзандлар бериб қўйилгани-буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг улуғ инъомидир. У моддий маънавий неъматларни мукаммал бериб қўйган. Бунинг эвазига эса биздан фақат бир нарсани – Ўзига итоат қилишимизни, неъматларга шукр айтишимизни талаб қилади, холос”.

Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллик байрами барча юртдошларимизга муборак бўлсин!

Руҳиддин Акбаров,
Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими

1694 марта ўқилди

Мақолалар

Top