Мақолалар

Соғлом ақиданинг мўмин ҳаётидаги аҳамияти

Ҳар бир балоғатга етган ақли расо мусулмон учун дастлаб соғлом ақидани ўрганиши фарз бўлади. Шунингдек Исломни қабул қилган кишига ҳам амалий ҳукмларни ўргатишдан олдин соғлом ақида ҳукмлари ўргатилади. Бунга Имом Муслим ривоят қилган қуйидаги ҳадис далилдир. Пайғамбаримиз соллалллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга юбораётганларида шундай деганлар:

إِنَّكَ تَقْدَمُ عَلَى قَوْمٍ أَهْلِ كِتَابٍ فَلْيَكُنْ أَوَّل مَا تَدْعُوهُمْ إِلَيْهِ عِبَادَة اللَّهِ عَزَّ وَجَلَّ فَإِذَا عَرَفُوا اللَّهَ فَأَخْبِرْهُمْ أَنَّ اللَّهَ فَرَضَ عَلَيْهِمْ خَمْسَ صَلَوَاتٍ فِى يَوْمِهِمْ وَلَيْلَتِهِمْ

“Сиз аҳли китоб бўлган қавмга бораяпсиз, уларни аввал чақирадиган нарсангиз Аллоҳ азза ва жаллага ибодат қилиш бўлсин. Қачон Аллоҳни танисалар Аллоҳ уларга бир кеча кундузда беш вақт намоз фарз қилганини хабар беринг”.

Ҳа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисларида мусулмон кишининг энг аввал тўғри ақидани ўрганиши лозимлигини хабар берганлар.

Соғлом ақида Ислом динининг асоси бўлгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар этиб юборилганларидан сўнг деярли ўн уч йил давомида у зотга асосан ақидага тааллуқли ҳукмлар ваҳий қилинган.

Уламолар “Соғлом ақидани қисқача қилиб Аллоҳ таолога, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, қадарнинг яхшиси ҳам ёмони ҳам Аллоҳдан эканига ва ўлгандан сўнг қайта тирилишга иймон келтиришдир”, деб тушуниш мумкин, деганлар.

Мазкур еттита нарсага қатъий равишда ишониш соғлом ақиданинг асослари бўлиб, иймон келтириш лозим бўлган барча нарсалар мазкур асослардан келиб чиқади.     

Баён қилинган ушбу ақида, турли замонлар ва маконлар туфайли ўзгармаган,  юборилган барча пайғамбарларда фарқланмаган ягона қатъий эътиқоддир.

Соғлом ақиданинг аввали Аллоҳ таолонинг борлигига, бирлигига ва комил сифатлар билан сифатланганига иймон келтириш ҳисобланади. Мусулмон киши номусулмон кишидан “Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ” (Аллоҳдан ўзга маъбуд йўқлигига гувоҳлик бераман) деб шаҳодат калималарини айтиши ва уларнинг тақозосига кўра ҳаёт кечириши билан ажралиб туради. Ушбу гувоҳлик бериш мусулмонликнинг асоси ҳисобланиб, мусулмон кишининг ҳамма қарашлари мазкур асос устига қурилади.     

Шунга кўра соғлом ақида мўминнинг ҳаётида мислсиз аҳамиятга эгадир:

  • Соғлом ақида мўмин банда ва Аллоҳ таоло ўртасидаги алоқанинг моҳияти нимадан иборатлигини тушунтириб беради. Уламолар соғлом ақидали мусулмоннинг тасарруфи қандай бўлишига қуйидагича мисол келтирганлар. “Бир кишига дўсти маълум миқдорда маблағ бериб уни қаерларга сарфлашини тайинласа, дўсти мазкур жойларга ортиқча қийналмасдан, ичи ачишмасдан сарфлайди. Чунки унда қўлидаги маблағ тўғрисида “бу маблағ менинг шахсий молим эмас, менинг қўлимда турган омонатдир, мен уни фақатгина эгаси тайинлаган жойларга сарфловчиман холос” деган соғлом ақидаси бўлади. Шу маънода соғлом ақидали мўмин киши ўзидаги барча нарсаларни Роббисининг омонати деб билади. Молидан закот ё ушр ёки етим-есирларга бирор эҳсон қилар экан, ўз ёнидан бераётгандек оғриниб эмас балки зиммасидаги омонатини адо этаётганидан хурсанд бўлиб сарфлайди. Бу эса ундаги соғлом ақиданинг самараси ҳисобланади;   
  • Соғлом ақида қилинган ибдатларнинг қабул бўлишига сабаб бўлади. Чунки соғлом ақидасиз қилинган амаллар қабул бўлмайди;
  • Дунёда саодатли ҳаёт кечириш соғлом ақидага боғлиқ;
  • Соғлом ақида кишини нафси талпинаётган ҳаром ишлардан тўсиб туради;
  • Соғлом ақида кишини доимо Роббисига ибодат қилишга чорлаб туради. Чунки эътиқодий ҳукмлар ва амалий ҳукмлар пойдевор ва унинг устига қурилган бинодек бир-бирига чамбарчас боғлиқдир. Шунинг учун ҳам эътиқодий ҳукмларга қалб боғланмасдан туриб амалий ҳукмларни ҳаётга тўғри татбиқ этиб бўлмайди.
  • Охиратда нажот топиш соғлом ақидага боғлиқ.

Демак дунёда бахтли ҳаёт кечириб охиратда жаннатга киришни  хоҳлаган инсон албатта соғлом ақидани ўрганиши ва унинг тақозосига кўра яшаши лозимдир.

Аллоҳ таоло барчаларимизни дунё ва охират саодатига муваффақ қилсин.

Оламлар Роббисига ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога ҳамда у зотнинг оилаларию саҳобаларига салавот ва саломлар бўлсин! 

Абдулқодир Абдур Раҳим 

8231 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top