Мақолалар

Исломда аёлларнинг илм олишдаги хақлари

Ислом динида аёллар масаласига алоҳида эътибор берилган бўлиб, уларнинг оилада, жамиятда ва умуман, ҳаётда муносиб ўринга эга эканлари баён қилинган. Ушбу юксак эътиборни Қуръони каримдаги бир нечта суранинг аёлларга бағишлангани, уларда аёллар масаласи кўтарилгани, аёлларнинг номи билан номланганида ҳам кўриш мумкин.

Аёллар Исломда она, опа-сингил, жуфти ҳалол ва қиз сифатида ҳурматланиб, аёл кишига латофатли хилқат, ибо ва хаё тимсоли сифатида қаралиб, уни химоя қилиш, асраб авайлаш лозим эканлиги уқтирилади ва бу вазифа эркакларнинг зиммасига юкланади. Қиз ота кафтида, аёл эр бағрида ва оналар фарзандлар боши узра кўтарилиб, қадрланиши буюрилган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) видолашув хажида хутба қилиб, унда ўта муҳим масалаларни баён қилдилар. Жумладан,  эркакларни ўз аёлларига нисбатан яхши муомалада бўлишга буюрдилар. Хадисларнинг бирида эса: “Мўминларнинг энг имони комили гўзал хуқлисидур. Сизлининг энг яхшингиз аёлига яхши муомалада бўлганингиздир”. деганлар.

Ислом дини эркаклар билан бир қаторда аёлларни хам илму маърифатли бўлишга тарғиб этади. Қуръни каримнинг умумий маънода келган оятлари эркака ва аёлларга бирдек тааллуқли бўлгани жихатидан: “Эй Роббим! Менга илмни зиёда эт!”  (Тоҳо, 114) оятидан аёллар хам илмларини ошириш йўлида саъй-харакат қилмоқлари лозим экани келиб чиқади. Зотан, Пайғамбаримиз (алайхиссалом) илм талаб қилиш хар бир мусулмон эркак ва аёлга фарз эканини таъкидлаб ўтганлар.

Ўз юртимиз тарихига ҳам назар солсак, Нодира, Увайсий, Анбар отин, Бибихоним каби ҳам дунёвий, ҳам диний илмларда илғор бўлган аёлларнинг номларини санаб ўтиш мумкин.

Ёки самарқандлик олима Фотима бинти Муҳаммад Самарқандийни олайлик. У аёл фақиҳалардан бири бўлган. Буюк фақиҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абу Аҳмад Алоуддин Самарқандийнинг қизи, “уламолар подшоси” деб лақаб олган Алоуддин Косонийнинг турмуш ўртоғи эди. Олима Туркистонда, Шошнинг орқа томонидаги Косон шаҳрида таваллуд топган. У отасидан ҳадис ва фиқҳдан таълим олган. Отасининг машҳур “Туҳфатул фуқаҳо” (“Фақиҳлар туҳфаси”) асарини ёддан билган.

Ислом дини аёл кишини илмли, маърифатли бўлишга буюради. Тарихдан маълум, аёллар ҳам Ислом раҳна­молигида илм ва маданиятнинг энг юқори даражасига кўтарилганлар. Аёллардан машҳур табиблар етишиб чиққан. Мисол учун турли кўз касалликларини аниқлаб, давосини топган Зайнаб ва Қози Абу Жаъфар Тоф­жолийнинг қизи Уммул Ҳусно араб дунёсининг машҳур табибаларидан ҳисобланган. Яна Карима Утрузия, Сай­йида Нафийса бинту Муҳаммад каби аёл муҳаддислар ҳам бўлган.

Ҳозирда аёллар фақат уйда ўтиришлари керак, илм олмасалар ҳам бўлади, уй юмушларини қилиб, фарзанд тарбияси билан машғул бўлсин, дейдиганларга қарата Ислом мўмину мўминаларга баробар равишда илм олишни тарғиб қилади, деб баралла айта оламиз. Чунки Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм олиш мўмин ва мўминага фарздир”, деб марҳамат қилганлар.

Шунингдек, уламолар ва фақиҳлар фарзи айн илмларда аёллар ҳам эркаклар каби тенг ҳуқуқли эканларига ижмо қилишган.

Ал­лоҳ таоло марҳамат қилади: “Ким, у хоҳ эркак бўл­син, хоҳ аёл, мўминлик ҳолида савобли ишлар қил­са, айнан улар жаннатга кирурлар ва уларга хур­мо данагининг ипича ҳам зулм қилинмагай” (Нисо сураси, 124)

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида қилган барча ишлари, муаммо-ю юриш-туришларини нақл қилишда у зоти шарифнинг покиза аёлларининг ҳиссалари кўп эканини биламиз. Набий алайҳиссаломнинг аёлларидан кўплари шариат аҳкомларини ўргатувчи устоз, Қуръон ёд олган қория, ҳадисларини етказувчи муҳаддиса ва фақиҳа бўлиб, ўткир қобилиятлари, нодир заковатлари билан машҳур бўлганлар. Хусусан, Ойша онамиз мерос масаласида математикани пухта билганлари боис ҳаттоки баъзи машҳур саҳобалар ҳам мерос тақсимлашда улардан маслаҳат сўрар эдилар. Ислом келгунига қадар каср сон ҳақида кишиларда тушунча бўлмаган. Қуръони каримда мерос масаласида келган ҳукмларни эса Ойша онамиздек пухта биладиган ва тақсим қилиб берадиган фақиҳа бўлмаган.

Баъзи ота-оналар қизларини кўчага чиқармай, ҳеч қаерда ўқитмай, жойи чиқса, тезроқ турмушга бериш ҳақида ўйлашади. Модомики, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг покиза аёллари, муборак оналаримиз аёлларга илм ўргатиш, шариат ҳукмларини етказишда Расули акрам ёнларида туриб, у зотга кўмакдош ва маслакдош бўлганлар.

Ислом дини аёл-қизларни улуғлаб қўйган, улар илм олиш ва касб-ҳунар эгаллашда етарлича ҳақ-ҳуқуққа эгалар

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хаммадан олдини аёллари Хадича онамиз (розияллоху анхо) ёрдам кўрсатганлари маълум. Ҳазрат Ойша онамиз (розияллоху анхо) бу уммат аёлларнинг олимаси ва Қуръон вазифаси эди. Абдуллох ибн Маъсуд (розияллоху анхо) энг етук фақиха эди. Зайд ибн Собит (розияллоху анху) хофиз бўлса, Хафса бинту Умар (розияллоху анхо)хофиза бўлган. Хасан Басрий (рахматиллохи алайх) йирик машойих бўлса, Робия Адавия (рахматиллохи алайх) катта машойихлар мақомида эди.

Динимиз ва жамиятимизда аёл-қизларимизнинг илм олишда ва ўргатишда ҳақ-ҳуқуқлари бор. Бу дунёда иззат охиратда шараф бўлган илмни аёл-қизларимизга ўргатиб, келажакда ватанимиз равнавқи йўлида хизмат қиладиган, буюк аждодларимизга хос ва мос авлодлардан бўлишларини Яратгандан сўраб қоламиз. 

 

Одилжон Нарзуллаев Янгийўл туман Имом Султон жоме масжиди Имом хатиби

2100 марта ўқилди

Мақолалар

Top