Мақолалар

Динда саволим бор: Гуноҳларим туфайли ниятларимга етиша олмаяпман деб ўйлаяпман?

— Гуноҳи кўп инсонлар бу дунёда кўп қийналади-ми? Негадир ниятларимга етишим қийин, ташвишларим кўп. Баъзан гуноҳларим учун шунақа бўлса керак, деб ўйлайман...

— Улуғ уламолардан Шамсуддин Димашқий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Гуноҳкорлик барча нарсадаги – умрдаги, ризқдаги, илмдаги, тоат-ибодатдаги барча баракотни ўчириб юборади. Умуман олганда, дину-дунёдаги бирор баракотни қолдирмай барчасини батамом маҳв этади. Аллоҳ таолога гуноҳкор бўлган банда, дини-ю дунёсидаги барча баракотдан маҳрум этилган кишидир деб айтилса, хато бўлмайди. Ер юзидан баракотнинг кўтарилиб кетишининг бирдан-бир сабаби ҳам бандалар тарафидан содир этилган гуноҳлардир”.

Банда гуноҳи туфайли баракотли ризқдан маҳрум қилинади. Гуноҳкорлик ризқдаги ва умрдаги баракотни ўчириб юборишининг сабаби шуки, гуноҳкор шахсларни шайтон жиловлаб олади. Улар эса ўзларини шайтонга бутунлай топшириб кўядилар, натижада у уларнинг устиларидан ҳокими мутлаққа айланади. Шайтон эгалик қилган ўринлардан баракот батамом ўчиб кетади. Шунинг учун тоат-ибодатда, зикрда, яхшилик қилишда бардавом бўлиш, истиғфорни кўп айтиш лозим. Зеро, ҳадислардан бирида Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ким истиғфор айтишни ўзига лозим тутса, Аллоҳ унинг мушкулини кушойиш қилади, оғирини енгил қилади ва ўзи ўйламаган томондан ризқ беради”, деганлар (Имом Абу Довуд, Имом Ибн Можа ривояти).

Банданинг “Астағфируллоҳ” ва шу маънодаги калималарни тилида айтиб, дили билан тасдиқлаши истиғфордир. Умумий маънода эса истиғфор диндорликни ифода этади. Валлоҳу аълам!

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

1360 марта ўқилди

Мақолалар

Top