Мақолалар

«Ясин» сурасининг фазилати

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “«Ясин» Қуръоннинг қалбидир. Ким уни Аллоҳ (розилиги) ва охират куни (нажот топиш)ни истаб тиловат қилса, унинг гуноҳлари мағфират қилинади. Уни ўликларингизга ўқинглар” (Насоий, Аҳмад, Ҳоким, Байҳақий ва Табароний ривояти).

Мазкур ривоятдан, «Ясин» сурасини ихлос билан ўқиган кишининг гуноҳлари кечирилади. Бошқа ривоятда эса, «Ясин» сурасини тунда ўқиш билан банданинг гуноҳлари мағфират қилиниши айтилган.

«Ясин» сурасини ўликларга ўқишни уламолар икки хил изоҳлашган:

  1. Ўлим тўшагида ётганларга ўқиш;
  2. Вафот этган маййитларни унинг савобидан баҳраманд бўлишлари учун ўқиш.

Аксарият уламолар биринчи изоҳни маъқуллашган. «Ясин» сурасини ўлим тўшагида ётган кишиларга ўқинглар, деб амр қилинишининг сабабини уламолар қуйидагича тушунтиришган: “Ушбу суранинг фазилатларидан бири шуки, агар у қийин ва оғир дамларда ўқилса, Аллоҳ таоло банданинг аҳволини енгиллаштиради. Хусусан, жон чиқиш пайтда ўқиш раҳмат ва бараканинг тушиши ва жон чиқишининг осон кечишига сабаб бўлади”. «Ясин» сурасида Аллоҳнинг зикри, қайта тирилиш ҳолати, қиёмат, жаннат, шайтон фитнасидан эҳтиёт бўлиб юриш кабилар зикр қилингани учун ўлим тўшагида ётганлар мазкур сура ўқилганда ўзларида енгиллик ҳис қиладилар.

“Муснадул-Фирдавс” китобида: “Агар қайси маййитнинг ҳузурида «Ясин» сураси ўқилса, албатта унга енгиллик берилади”, деб айтилган. Шайх Совийнинг “Тафсир”ида эса: “Қуръонда бир сура борки, у ўша сурани ўқувчиларни шафоат қилади, унга қулоқ тутувчиларнинг ҳаққига истиғфор айтади. У «Ясин»  сурасидир. Ушбу сура Тавротда Муъимма (яъни, умумлаштирувчи) деб номланган. Сабаби у соҳибини дунё яхшиликларига ноил қилиб, охират қўрқинчи ва азобидан ҳимоя қилади”, дейилган.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар бир нарсанинг қалби бор. Қуръоннинг қалби «Ясин» (сураси)дир. Ким уни (ихлос билан) ўқиса, Аллоҳ ўша бандага Қуръонни ўн марта ўқиганлик савобини беради”, деганлар” (Термизий, Доримий, Байҳақий “Шуабул-иймон”да ривоят қилган).

«Ясин» сурасининг “Қуръон қалби” дейилишига сабаб – бу сурада қалб билан боғлиқ масалалар, жумладан, Аллоҳнинг ваҳдонияти, рисолат, қайта тирилиш ва шу кабилар баён қилинган. Бу ривоятга кўра, банда «Ясин» сурасини ихлос билан бир марта ўқиш орқали кичик гуноҳлардан фориғ бўлади ва Қуръони каримни ўн марта ўқиганлик савобига эришади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аллоҳ таборака ва таоло осмонлар ва Ерни яратишидан минг йил аввал «Тоҳа» ва «Ясин» сураларини ўқиди. Фаришталар Қуръонни эшитиб, “бу нарса тушган умматга Тубо бўлсин! Буни кўтариб юрадиган қалбларга Тубо бўлсин! Буни гапирадиган тилларга Тубо бўлсин!” дедилар” (Доримий, Байҳақий ва Табароний ривояти). “Тубо” сўзи “жаннат”, “жаннатдаги дарахт”, “бахт-саодат” каби маъноларни англатади. Ушбу ривоятда Қуръони карим, хусусан Тоҳа ва «Ясин» суралари қанчалик фазилатли экани, уларни ўқиш, ёд олиш билан банда бахт-саодатга эришиши айтилмоқда.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ким «Ясин» сурасини кечаси ўқиса, унинг гуноҳлари ўша кечада мағфират қилинади” (Доримий, Ибн Ҳиббон ва Байҳақий ривояти). Бундан келиб чиқадики, кечаси уйқудан аввал «Ясин»  сурасини ўқиш кишининг кичик гуноҳларига каффорат бўлади.

Жундуб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким кечаси Аллоҳ азза ва жалланинг розилиги учун «Ясин» сурасини ўқиса, (Аллоҳ) у бандани мағфират қилади”, деганлар” (Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ривоят қилган).

Ато ибн Абу Рабоҳдан ривоят қилинади: “Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким «Ясин»ни куннинг аввалида ўқиса, ҳожатлари раво қилинади”, деб айтганлари хабар қилинган” (Доримий ривояти). Ким бомдод намозидан кейин «Ясин»  сурасини ўқиса, унинг гуноҳлари мағфират қилинади, бундай банда Қуръонни ўн ёки ўн икки марта хатм қилганлик савобига эришади ва ҳожатлари раво қилинади. Шундай экан, бошига бирон кулфат тушганлар, мушкул аҳволда қолганлар «Ясин»  сурасини ихлос билан ўқисалар, муродларига етадилар.

Шаҳр ибн Ҳавшаб Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Ким «Ясин»ни тонг отганда ўқиса, кечгача куни енгил ўтади. Ким уни туннинг аввалида ўқиса, тонггача туни енгил ўтади” (Доримий ривояти). Бу ривоятда юқоридаги ҳадис изоҳланмоқда. Демак, ишим енгил бўлсин, деганлар, нажот ва муваффаққиятга эришмоқчи бўлганлар бу тавсияга амал қилсалар, мақсадга мувофиқ бўлади. Динимиз Исломда бандаларга фақат охират саодати йўллари эмас, балки дунёда ҳам ютуқларга эришиш усуллари ўргатилган, банда икки дунё саодатига эришишга тарғиб қилинган.

Ҳасандан ривоят қилинади: “Ким кечаси Аллоҳ розилиги учун «Ясин»ни ўқиса, унинг гуноҳлари мағфират қилинади. Менга хабар қилинишича, у (сура) тўлиқ Қуръонга тенгдир” (Доримий ривояти).

Юқоридаги ривоятлардан «Ясин» сурасининг қуйидаги фазилатлари маълум бўлади:

  1. «Ясин» Қуръоннинг қалби;
  2. Ўлим тўшагида ётганлар «Ясин» сураси тиловатидан манфаат оладилар;
  3. «Ясин» Қуръоннинг ҳаммасига тенг;
  4. «Ясин»ни ўқиган банда Қуръонни ўн марта хатм қилиш савобига эришади;
  5. «Ясин»ни ихлос билан ўқиган банданинг гуноҳлари кечирилади;
  6. Тонгда ёки кеч кирганда «Ясин» сурасини тиловат қилган банданинг ишлари енгил бўлади ва ўзи нажотга эришади, иншааллоҳ. 

                                                     Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

8548 марта ўқилди

Мақолалар

Top