Мақолалар

Белингда белбоғинг борми, Бек?..

Халқимизнинг жуда кўп ибратли удум ва одатлари бор. Шулардан бири белбоғ билан боғлиқ қадрият. Халқимиз ўғил фарзандининг белига ҳали бола ёшидан белбоғ боғлайди. Эл орасида “эркак кишининг белида белбоғи бўлсин”, деган гап ҳам юради. Бу эса эркак бу ҳаётда эл-юрт корига камарбаста, оила равнақи, фарзандлар тарбияси учун масъул эканининг ифодаси. У Оллоҳ томонидан ерда халифа этиб тайинланган зот ва унга эл-юрт равнақи, оила фаравонлигини таъминлаш, фарзандлар тарбиясига собит туриш вазифаси юкланган. Белига белбоғ боғлаши шундан.

Полвонлар белини боғлаб кураш майдонига тушганига ҳаммамиз гувоҳмиз. Демакки, белбоғда бир ҳикмат, маъно ва моҳият мавжуд. У инсоннинг танасидаги куч, ғайрат ва шижоатни муайян бир мақсадга йўналтиришга хизмат қилади. Унинг урфимизга кириб келишида табиатдан олинган андоза алоҳида ўрин тутган десам, муболаға бўлмас. Фикр қилинг, одам боласи сой ва дарёларнинг белига банд ташлаб, саҳроларга сув олиб чиқди: қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган чўлларга обиҳаёт улашди. Ёки оддий бир қамишни олиб кўринг: белини боғлаб ундан бўйро тўқидилар, тўшама бўлиб кўпнинг корига ярай бошлади.

“Бел боғлаш” сўз бирикмасининг тилимизда қўлланишига ҳам эътибор қаратайлик. У қарор, аҳд, азм, жазм қилиш, лафзида туриш сингари маъноларни ифодалайди. Бу эса мана шу сўзнинг таркибида бурч ва онт маънолари ҳам мавжуд эканини билдиради.

Янгиланаётган Ўзбекистон сиёсати бугун барчамиздан халқ орасига кириб, унинг дарду ташвишларидан хабардор бўлиш вазифасини қўяяпти. Раҳбарлар жойларда бўлиб, оддий одамларнинг муаммоларига қулоқ тутяпти. Кўп масалалар ечимини топяпти, аммо шундай дарду ҳасратлар борки, уларни эшитиб оғир ўйга толасан киши.

Куни кеча бир муштипар аёл ва унинг болалари билан мулоқотда бўлдик. Беш нафар боласи билан ўн беш йилдирки хорижга кетган эрини кутиб яшаркан. Шу йиллар мобайнида у ҳаётнинг залворли юкини ожизгина елкасига олишга мажбур бўлганидан, юзларини ажин босиб, кафти қадоққа айланибди. Беш боланинг оғзи бор: ейман, дейди. Орзу-ҳаваси бор, тенгдошлари қатори кийинишни истайди. Мактаби, мақсади, қолаверса иссиқ жоннинг иситмаси – барисининг харажати бор. Шу пайтгача у ана шу залворни зиммасида тутиб келаётган экан. Болалари катта бўлиб, ташвиши ҳам тош боса бошлагани сабаб ёрдам сўраб келбди. Ҳокимиятга, тегишли мутасадди ташкилот вакилларига ва саховапеша инсонларга раҳмат, ёрдам беришди. Аммо.

Ҳа, худди юзидаги ажинлар каби, қалбида қат-қат бўлиб ётган армонлари-чи, аридими?.. Камина ана шу ҳақда сўзлашга қарор қилдим.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Нисо” сураси 34-оятида: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб, Аллоҳ эркакларни айрим жиҳатларда аёллардан ортиқ қилгани, эркаклар ўз оиласига ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришга бурчли эканликларидандир” деб марҳамат қилади.

Минг афсуски айрим эракларимиз ана шу бурчларини унутиб қўймоқдалар. Хотин, бола-чақасини тақдирнинг измига ташлаб, ўзларининг тинчини кўзлаб, хорижга йўл олаётганлар ҳам учраб турибди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассаллам ҳадисларининг бирида: “Киши ўз қарамоғидагиларини нафақасиз ташлаб қўйиши унинг қаттиқ гуноҳкорлигига кифоя қилади”, деб марҳамат қилганлар.

Оиламни ораста, рўзғоримни бут, болаларимни бировдан кам қилмайман, деб белни маҳкам боғлаб хорижга кетган Бек! Сиз-чи, ортга қайтишингиз учун нима халақит қиляпти? Сувга тушган тошдек, тубанликнинг тубига тушиб кетганингизга изоҳингиз борми?

Хотинингиз, андишали аёл экан. Мулоқот чоғи сизни бирор марта сенсираб тилга олмади. “Бегим”, деди, тилидан бол томиб, гарчи ботқоқларга булғаб кетган бўлсангиз ҳам. Кўз ёшларини кўрсатмасликка ҳаракат қилди. Аммо, ёш деганча бор-да, бир томчиси барибир ёшлик қилиб пастга думалади...

Бир шўрликка шу қадар жабр...

Болаларингизда нима гуноҳки, уларни тирик етим қилиб қўйибсиз, Бек! Мабодо, бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб, ғаразли кишиларнинг этагини тутиб жанггоҳларга улоққан бўлсангиз яна ҳам тезроқ бу йўлдан қайтинг, дейман!

Мўъжазгина оиласига бир мирилик нафи тегмаган текинхўрдан, дунё қандай манфаат топиши мумкин?! Агар исломнинг равнақи учун ўз ўрнингизни ўша ёқдан ахтарган бўлсангиз, адашибсиз: на ислом ва на асл мусулмон қавми бунинг каби жонбозликларга муҳтож эмас. Аксинча, диним деган одам унинг аввало аҳкомларини, ўзи учун фарз бўлган амалларини адо этади. Уларнинг мағзини юқорида оят ва ҳадислар мисолида айтиб ўтдик. Донога бир ишора кифоя, англаган бўлсангиз айни муддао.

Агар, белингизда ҳали ҳам белбоғингиз бўлса албатта...

Зайниддин Эшонқулов,

Самарқанд вилояти бош имом-хатиби

Манба: https://uza.uz

 

273 марта ўқилди

Мақолалар

Top