Мақолалар

Ёшлар тарбиясида миллий қадриятларимизнинг ўрни

Маънавиятимизнинг ўзаги миллий - анъаналаримиз оила бағрида, маҳалла  остонасида  шаклланиб  камол  топган  бўлиб, асрлар давомида аждодларимиздан  авлодларга  мерос сифатида  етиб  келган  урф одатларимиз,  қадриятларимиз,  анъаналаримиз  ҳам  миллийлигимиз  рамзи  бўлиб,  катта  қадрга  эгадир. 

Ёшлар жамиятнинг энг катта ва ҳаракатчан қисми ҳисобланади. Шунинг учун ҳам уларни ҳар доим кузатиб, назорат қилиш замоннинг долзарб масалалари қаторига киради.

Ҳозирги даврда тараққиётимиз учун хавфли бўлган, ёшлар маънавиятига салбий таъсир этувчи, ёшларни душманлик руҳида тарбиялайдиган бузғунчи ғояларга қўшимча таъсирлар сифатида қуйидаги воситалардан ҳам фойдаланилмоқда, булар: интернет, спутник алоқалари, бадиий адабиёт, газета ва журналлар, санъат (тасвирий санъат, ҳайкалтарошлик, кино, сериаллар, мусиқа, рақс) орқали салбий таъсир ўтказишдир. Бундай таҳдидларнинг турлари, уларнинг хусусиятлари баъзан ошкора ва баъзан ўта махфий, ички, яширин бўлади, бу мақсадларни билиш ва ўз вақтида англаш ҳамда унга қарши жавоб бериш учун, ёшлар юксак маънавиятли, ғоявий онгли, маънавий баркамол бўлишлари шарт. Фақат шундай ёшларгина бундай таъсирлардан  ҳимояланишга қодир бўлади.

Ҳозирги кундаги мавжуд бўлган мазкур мафкуравий ва маънавий хуружларнинг мақсад ва моҳиятини ўз вақтида англаб оладиган ва уларга қарши ўз фикри ва мустақил дунёқарашига эга бўлган баркамол авлодни тарбиялашда миллий қадриятларнинг ўрни беқиёсдир. Миллий қадриятлар инсонни ўз-ўзини англаши, миллий ғурурга эга бўлиши, ўз миллати ва унинг тарихи билан фахрланувчи, юксак идеалларга интилувчи ва меҳнатсевар, иймонли ва инсофли, ўтмиш аждодлар ва кексаларга нисбатан иззат-ҳурматли ҳамда юрт тақдирини ўз тақдири билан бир деб ҳисобловчи шахс бўлиб етишиши учун хизмат қилади.

Ёшлар фаоллигини таъминлашнинг яна бир муҳим йўналиши улар онгида миллий урф-одат ва анъаналарни шакллантиришдир. Миллий урф-одатлар ҳаётимизнинг ҳар бир соҳасига сингиб кетган бўлиб, бу урф-одатлар бизни айнан қайси халқ вакили эканлигимизни кўрсатувчи изоҳ, яъни, бизнинг ким эканлигимизни исботловчи далил ҳисобланади. Чунки, маънавий баркамол ёшларни ўзига хос бўлган миллий урф-одатлар хайр-саховат, меҳр-оқибат, мурувват, андиша, ор-номус, шарм-ҳаё, иффат, босиқлик, улуғворлик, сабрлилик каби маънавий фазилатлар, меҳмондўстлик, бағрикенглик, болажонлилик, оқкўнгиллилик, меҳнаткашлик каби миллий қадриятлар айнан урф-одат анъаналарда қарор топади. Шундай экан, миллий қадриятларга ҳурмат билан қараш миллатнинг ўзига ҳурмат билан қарашнинг асосий белгисидир. Минг йиллар мобайнида шаклланган миллий қадриятларимиз ҳозирги даврда яратилган маданий-маънавий бойликлар билан қўшилиб, тараққиётимизни тезлатади, ғоявий ва маънавий покланишни таъминлашга кўмаклашади. Қадриятларнинг барча турлари инсоннинг айниқса, ёшларнинг фаровон ҳаёт кечириши, эркин яшаши, маънавий-ахлоқий камол топиши учун хизмат қиладиган воситалар бўлиб ҳисобланади. 

Ёшларимизнинг маънавий тарбиясида бепарволик ва ва лоқайдлик ҳукм сурса , энг долзарб масалалар ўзибўларчиликка ташлаб қўйилса,  ўша ерда маънавият энг ожиз ва заиф нуқтага айланади. Ёки аксинча, қаерда хушёрлик ва жонкуярлик, юксак ақл-идрок ва тафаккур хукмрон бўлса, ўша ерда маънавият қудратли кучга айланади.

Олдимиздаги турган эзгу мақсадларимиз-мамлакатимизнинг буюк келажаги хам, эртанги кунимиз, эркин ва фаравон хаётимиз хам, Ўзбекистон ХХI асрда жахон хамжамиятидан қандай ўрин эгаллаши хам – буларнинг барчаси, авваламбор ёш авлод, униб – ўсиб келаётган фарзандларимиз қандай инсонлар бўлиб вояга етишига боғлиқдир. Ёшлар тарбиясида  доимо огоҳ ва  сергак бўлиш,  ҳамда  миллий  қадриятларимизни  уларнинг  онгига  сингдириш  биз  ота оналарнинг  бурчимиздир. 

Одилжон Нарзуллаев Янгийўл туман “Имом султон” жоме  масжиди  Имом хатиби 

 

 

 

 

 

5379 марта ўқилди

Мақолалар

Top