Мақолалар

Гўшанга одоби

Халқимиз орасида миллий қадриятларимиз ила йўғрилган жуда кўп удумларимиз бор. Бу одатлар ота-боболаримиз замонасидан бери  риоя қилиниб келингани боис, одатлар асосини дин ташкил қилади деган тушунчада бўлишган.

Маълумки никоҳ икки ёшнинг оила деб аталмиш жамиятнинг бир бўлагини яратилишидир. Никоҳ маросими билан боғлиқ турли  одатлар борки, шулар  борасида фикр юритмоқчимиз.

Никоҳнинг илк кечаси  янгалар томонидан турли иримлар қилинади. Бу одатлардан ойна, косада ширин сув ва Қуръон китоб олиб кирилади. Келин-куёв ойнага қараб ўз ниятларини баён қилишлари керак. Бу каби одатларнинг ҳеч бири шариатда кўрсатилмаган. Аммо бу олдинги вақтлар жорий қилинган одат бўлиб, келин-куёвлар илк бор  бир-бирларини чимилдиқда кўришганлари учун ойна орқали бир-бирлари билан танишишган. Ҳозирги вақтда эса бундай удумга ҳожат йўқ, чунки никоҳдан олдин келин-куёв бир-бирларини таниб улгуришади. Ширин сувдан ичиб яхши ниятлар қилинади. Буларнинг ҳаммаси чаққон янгалар орқали амалга оширилади.

Ҳаммасидан ҳам ўтиб тушадигани куёв томондан бир аёл, келин томондан бир аёл бўлиб, келин-куёвларнинг кроватида ётиб беришади. Кейин “туғди” маросими қилинади. Янгалар ёстиқни ўраб, унга алла айтишни бошлашади. Алла айтганга эса атрофдагилар пул беришади.  Шундан кейин “патнис чалиш” ирими бошланади.  То келин томонидан бирор нарса ундиришмагунча патниснинг овози тинмайди.
Аслида Аллоҳнинг каломидан ўқиб, келин-куёв учун чиройли дуолар қилиниши зарур.

Бошқа  ҳудудларда куёв келинни хонадонга олиб киришидан аввал аланга атрофида айлантириш  одати бор. Бу амал ҳам бидъат амаллардан бўлиб, одатда жинлардан асраш ёки бир-бирига иситиш мақсадида ўтказилади.

Келин-куёвни баланд қилиб тўшалган ўринга ётқизиб, устига кўрпа солиб қўйишади.   Ўрин атрофида аёллар эса тонг отар турли воқеаларни айтиб, гўёки келин-куёвларга ҳаётдан сабоқ беришади.

Никоҳ деб аталмиш бахт қасрининг илк кечасида турли одатлари-у, ирим-сиримлар эмас, балки  Яратгандан гўзал ниятлар ила шукрона намозларини ўқиш, дуолар қилиш даркор. Намоз ўқиб, дуолар қилиш  бир оз қўрқувда ва ҳаяжонда турган икки ёшни  тинчлантиради.

Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

“Қачон бирингиз бирор аёлга уйланса, қўшилиш кечасида икки ракаат намоз ўқисин, ун(келин)га ҳам ортида икки ракаат намоз ўқишини айтсин. Албатта, Аллоҳ уйда яхшиликни (пайдо) қилувчидир” (Баззор ривоят қилган).

Шунинг учун ҳам ёшларга куёв жўра, келинга янга танлашда диний илмга, тиббий маданиятга эга инсонлар танланади. Бу инсонларнинг янги ҳаёт қураётган ёшларга берадиган маслаҳатлари нафақат  никоҳнинг илк кечаси, балки ҳаёт давомида дуч келадиган муаммоларда биргалашиб ечим топиш, эр ва аёллик вазифалари,  бир-бирларини тушуниш, ишонч, қайнбўйинлар билан муносабатларда ўз самарасини беради. Келин янга ва куёв жўранинг вазифалари ўта масъулиятли бўлиб, уларни кўрсатган тўғри йўллари келин-куёвларнинг янги ҳаётга кўникишларида ёрдам беради.

Ўзаро ишонч, меҳр-муҳаббат, бир-бирини қувватлаш эса ҳайрли дуолар ила юзага келади. Жамиятимиздаги қурилаётган ҳар бир янги оила мукаммал бахтга, тинчлик-хотиржамлик ва болалар кулгусига тўла бўлишини Яратгандан сўраб қоламиз.

 

Мунира АБУБАКИРОВА

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

 

13475 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top