Мақолалар

“Ҳалол-ку Аллоҳга мақбул эмас”

Аллоҳ таоло, инсон ҳаётини маълум низом асосида, иффат ва поклик асосида, муҳаббат ва севги асосида, ўзаро ҳурмат ва ишонч асосида бўлиши учун никоҳга амр этган. Никоҳ туфайли “оила” деб аталган муҳташам ошён қурилади. Унда эр-хотин, улардан пайдо бўлган ўғил-қизлар, невара-аваралар бир-бирлари билан муқаддас ришта орқали боғланиб яшайдилар. Шундай йўл билан оила номли кичик жамият пайдо бўлади. Ана шундай “жамиятча”ларнинг қўшилишидан катта жамиятлар юзага келади.

Бу борада катта жамиятларни бино деб тасаввур қилсак, оила унинг ғишти ҳисобланади. Ғиштлар бўлмаса бино ҳам бўлмаслиги турган гап. Ана шу ғиштлар чиройли бўлса, иморат ҳам чиройли чиқади, ғиштлар пишиқ бўлса иморат ҳам пишиқ бўлади. Никоҳ билан оила қуришнинг бундан бошқа фойдали томонлари ҳам кўп.

Шунинг учун ҳам Ислом динида никоҳга қаттиқ тарғиб қилинади. Уламоларимиз никоҳни ибодат даражасига ҳам кўтарганлар. Никоҳ – маданият,  тараққиёт ва илғорлик белгисидир. Никоҳ туфайли инсон ўз иффатини асрайди ва зинодек қабих, харом ишдан ўзини сақлайди.

Эр-хотин орасидаги оилавий алоқалар ўзаро муҳаббат, бир-бирини тушуниши асосига қурилиши лозим.

Аммо, табиийки, оилавий ҳаётда турли ҳолатлар содир бўлиб туради, шу жумладан, эр-хотин ўртасидани келишмовчиликлар ҳам. Бундай пайтда аёл киши оқилона йўл тутмоғи лозим. Оқила аёллар тезда ўзини ўнглаб, сулҳга ўтади ва бу борада эрига эсидан чиқмайдиган дарс беради.  У ўз ўрнида эрига энг яқин дўст, дардкаш, маслаҳатчи бўла олади.

Баъзи аёллар эса эрининг ҳаёлида ҳам йўқ масалани кўндаланг қилиб қўйиб, ўз айтганида туриб олади. Ушбу нотўғри иш оқибатида гап кўпайиб, жанжал кучаяди ва иш талоқ билан тугайди. Шундай аёллар ҳам борки арзимаган нарсалар учун мени талоғимни беринг деб туриб оладилар.

Саҳобалардан бири Савбан розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир мажлисда: “Қайсики аёл бир узрли сабабсиз эридан талоқ қилишини сўраса, унга жаннатнинг ҳиди ҳам харом қилинади” деганларини эшитдим дедилар. Ҳуда-беҳудага эридан талоқ сўраган аёл жаннатга кириши у ёқда турсин унинг ҳидини ҳам ҳидлай олмас экан.

Турмушда ҳар хил ҳолатлар бўлиши турган гап. Одам бир хил туравермайди: эркаклар ҳам хато қилиши, баъзан зулм қилиб юбориши мумкин. Лекин, ўша ҳолатни орага талоқ сўзини ишлатмасдан ҳал қилса бўлади-ку!

Эр-хотин ўртасидаги можароларни аввало, ваъз-насихат билан, уларни инсофга чақиришлик билан ҳал қилиш, бу ҳам ёрдам бермаса қариндошларлардан бири орага тушиб, уларни яраштириш чораларини кўриш керак.

Дунё тарихи ва бугунги кунимизга бир назар соладиган бўлсак, талоқ масаласида турли тушунча ва ҳукмлар мавжудлигини кўрамиз. Ислом динида бу маслада ҳам ўртача йўл тутилган ва талоққа рухсат берилган. Аммо бу нарса маълум бир шарт-шароит ва чегара доирасида бўлиши йўлга қўйилган. Аввало, талоқ ноилож қолганда қўлланилади. Чунки, у Аллоҳ учун энг ёмон кўрилган ҳалол ишдир.

Исломда талоқ хаққи эрака кишига берилган. Чунки эркак киши оилада раҳбар ҳисобланади. Чунки аёллар табиатан аччиғи тез ва эҳтиросли бўлганликлари туфайли шошиб ҳукм чиқарадилар.

Энг муҳими мусулмон эр иложи борича талоқ қилмаслик руҳида тарбия топган бўлади. Умуман, Ислом жамиятида талоққа энг нохуш нарса сифатида қаралади. Талоқ сўзи ишлатилганда “Аллоҳнинг арши ларзага келади” деган тушунчага эга бўлган мусулмон эр ўзининг бу ҳуқуқини охирги чора сифатида қўллайди.

Каттами-кичикми, ҳар бир инсон ўз сўзига жавобгардир. Ҳар қандай сўзнинг салмоғи каттадир. Инсон бир сўз билан мўмин бўлиб, бир сўз билан иймондан чиқади. Ақди никох пайтида келин-куёв бир сўз билан эр-хотин бўладилар ва яна биргина талоқ сўзи билан аксинча бўлиши мумкин. Бундай хатоликка йўл қўйган оилалар бир оз вақт ўтгандан кейин иккиси ҳам: “Талоққа йўл борми?, Қандай қилиб ярашиш мумкин?” – дея чор-атрофга югуришни бошлайдилар. Шундай экан оғзимиздан чиқаётган ҳар бир сўзга эҳтиёткорлик билан ёндошмоғимиз лозим.

Оилаларимизни мустаҳкамлиги, бахтиёрлиги барчамиз учун зарурдир. Шунинг учун ҳам хар биримиз ушбу аҳамиятли ишга ўз хиссамизни қўшайлик.

Аллоҳ Таоло барча оилаларимизни ва уларнинг барча аъзоларини ўз паноҳида асрасин!

 

 

 

Янгийўл туман бош имом-хатибининг

хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси       

Нишонова Ханифахон

6528 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top