Мақолалар

Тарбияланган шахс жамият учун етакчи куч, аммо у фикрлай бошласагина суянчиқ бўла олади

Бугун халқаро майдонда, ривожланган мамлакатларда устоз-муаллимга қандай баҳо берилмоқда, деган ҳақли савол туғилса, асло иккиланмасдан жонкуяр соҳа фидойилари юксак эътирофга муносиб эканлигини кузатамиз. Мисол учун, Япония императоридан бу давлатнинг шунчалар илдам ривожланиш сири нимада деган саволга, у: «Мен ўқитувчига президент обрўсини, бош вазир маошини, дипломат дахлсизлигини бердим», деган экан.

Бундан 3 йил муқаддам Германия канцлери Ангела Меркелга бир гуруҳ шифокорлар маошлари устозлариникидан кам эканлиги учун шикоят қилганда, унга жавобан канцлер: «Мен сизларга устозларингиздан кўп пул тўлашимга умид ҳам қилманглар. Ахир мен сизларга устозингиздан қандай қилиб юқори маош тўлайман», дейди. Эътиборли жиҳати, кунчиқар мамлакатда энг обрўли хонадонга қўшни бўлиш ниятида устоз билан қўшни бўлишар экан.  

Швециялик бир обрўли хонадан вакилидан «Сиз насиб қилса, фарзандингизни қаерда ўқитмоқчисиз?» деб сўрашса, у «Бирор-бир яхшироқ жойда, яъни, иложи бўлса ўқитувчи бўлади», деб жавоб қайтаради.  

УСТОЗ МАҚОМИ  

Устозсиз ҳеч бир жамият, инсон капитали шаклланиб камолга етмаган. Қолаверса, устознинг ҳам ота-онадек ҳақлари бор. Фарзандларимизни устозни ҳурмат қилишга ўргатишимиз лозим. Шунда улар ҳарф ўргатган, ёмон йўллардан қайтарган кишининг қадрига етади.

Ҳасан Басрий розиёллоҳу анҳу айтадилар: Устозлар, олимлар юлдузларга ўхшайди. Агар кўриниб турса, одамлар улар билан йўл топишади. Агар кўздан йўқолиб зулматда қолса, қаёққа юришини билмай, ҳайрон қолишади. Олимлар ўлими билан Исломда бўшлик пайдо бўлади. Вақт ўтса-да, бу бўшлиқни бирор нарса тўлдира олмайди.  

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Отанинг юзига қараш – ибодатдир, Мусъҳафга (Қуръон) қараш – ибодат, Каъбатуллоҳга (қибламиз)га қараш ибодатдир. Олимнинг юзига қараш ҳам ибодатдир».

Табиийки, муаллимни ҳурматлаб, унинг меҳнатини дарахтга, яъни мевали дарахтга ўхшатишади. Шогирд ҳар доим устозига тавозели бўлиши, ҳар ишда ундан маслаҳат олиши лозим. Устоз олдида ўзини хокисор тутиши ҳам, кибрланмаслик ҳам фарз ва шартдир.  

Имом Шофеий розияллоҳу анҳу: «Моликнинг ҳузурида у кишини ҳурматлаб, қоғознинг шитирлашини эшитмасин деб, китобни секин варақлардим, дедилар».  

 ЗАМОН ВА ДАВР УСТОЗИ

Ўтган асрда яшаб, фаолият олиб борган алломаларидан бири, Амин Умарий таъкидлаганидек: «Сен ўзингдан шундай шогирдларни тарбиялагинки, сенинг қариган чоғингда ҳам сен берган тарбия сезилиб турсин».  

Мазкур фикрни келтириб ўтишимиздан мақсад шуки, қайси бир устоз берган сабоқ бир умрга татийди, яна қайси бери берган билим маълум бир муддатга татийди, яна бошқасиники, ўша куниёқ қумга қуйилган сувдай изсиз йўқ бўлиб кетади.

Албатта, бу ерда кимдир замон алломаси сифатида жамият ўқитувчиси, яна кимдир мактаб ўқитувчиси ва яна кимдир синф ўқитувчиси сифатида гавдаланади. Устоз ўз касби, билими ва ҳаётда тўплаган тажрибаси билан обрў топади.  

«Қарс икки қўлдан», деганларидек, бир томондан ўқитувчи маълум маънода обрўйи ва имижининг тушишига ўзи сабабчи бўлиб қолади. Ўз устида мунтазам ишламаслик, илм ва ижодда, педагогик фаолиятда инновацион ғояларга асосланмаслик, консерватив тарзда касбига ёндашиш, албатта, салбий асоратлар қолдиради.  

Иккинчидан, ўқитувчига ва умуман, ҳар қандай касб эгасига нисбатан имкон қадар муносабатни ижобий томонга ўзгартириш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш ва шундан кейин талабни қўйиш мақсадга мувофиқдир.

Бу эса энг аввало, давлат ва жамият томонидан амалга оширилиши керак. Бунга тарихдан ўнлаб мисолларни келтириш мумкин. Ҳазрат Алишер Навоий, соҳибқирон Амир Темир, Мирзо Улуғбек боболаримизнинг устозларга оталарча ғамхўрлик қилганларини унутмаслигимиз керак. Манбаларда муаллимларга нисбатан риоя қилиш лозим бўлган одоблар саналганда айрим диққатни тортадиган жиҳатларга дуч келамиз: «Ўқувчи агар муаллимини бир тўда инсонлар ичида учратиб қолса, жамоага салом бергач, муаллимига алоҳида салом бериб, мулозамат қилиши керак».

Зотан, ҳақиқий илм соҳиби ичи бошқа, таши бошқа бўлмайди.  

РEНEССАНСНИ ЯРАТУВЧИ ЛОКОМОТИВ

Табиийки, бугунги кунда янгиланаётган Ўзбекистон шароитида барча муаммолар, охир-оқибат рақобатлашган меҳнат бозорида кадрлар масаласига келиб тақалади. Бунинг учун нима қилмоқ керак ва устозлар олдида турган зиёлилик масъулияти нима билан ўлчанади, деган савол пайдо бўлади.  

Кейинги йилларда биргина халқ таълими тизимига 160 мингдан зиёд эркак ўқитувчи қайтгани қувонарли ҳодиса, албатта. Зеро, бугун жамиятимизда билим беришдан кўра, ёшлар тарбияси оқсаётгани ва шунга жиддий аҳамият бериш зарурлиги кечиктириб бўлмайдиган вазифамизга айланди.

Учинчи Ренессанс ҳақида гапирар эканмиз, шунга мос тарзда бу жараёнда устоз-педагогнинг касбий маҳорат мақомини белгилашда жамият бугун устоз-мураббийдан нимани кутади? Бу борада гап касбий, маънавий, педагогик, қолаверса, илмий-назарий жиҳатдан мезонларни белгилаш ҳақида кетмоқда. Узоқ йиллар мобайнида педагогик фаолият билан шуғулланиш ва жараённи ичидан кузатиш, уни икир-чикирларига қадар билиш ҳамда бир қатор чет мамлакатларида (Жанубий Корея, Германия, Россия, Украина ва бошқалар) ташрифларимиздан келиб чиқиб соҳанинг айрим жиҳатлари бўйича фикр билдириш ўринли. Биринчидан, фикримизча, кадрларни четдан олиб келиш масаласини ўйлаб кўриш лозим. Уларга бу ерда анчагина пул тўланишини назарда тутсак, шу пулни улар оқлайдими, деган масала кўтарилади. Бир вақтлар турк мактабларини очганимизда, ёки ёшларимизни у юртга жўнатганимизда, мафкуралаштириш қандай оқибатларга олиб келганлигини яхши биламиз. Чет элда бир қатор устозлар билан малака оширганимиз ёки хизмат юзасидан борганимизда, у ёқдаги кадрлардан кўра, бизнинг устозларимиз билими ва малакаси, ахлоқ ва маънавияти юқори бўлганлигига амин бўлганмиз.ОМОНАТ

Чиндан ҳам, ҳар бир ўқувчи, ёш-авлод ота-онаси ва жамият томонидан устознинг қўлига топширилган буюк омонат! Бу борада устознинг зиммасига улкан масъулият юклатилган бўлади. Устоз ўқувчи-талаба шахсиятининг шаклланиши, фикрларининг ўсиши, нафсининг тарбияланиши, илм олиши, маърифат ҳосил қилиши каби бир қанча ўта аҳамиятли нарсаларда масъулдир. Зеро, устоз шарафи унинг ақл-идроки, билими, маданияти ва маънавияти билан гўзал. Устози қандай бўлса, унинг шогирди ҳам шундай сифат ва хислатларга эга бўлиб улғаяди. Ҳатто, ҳуснихати бошланғич синфда чиройли бўлмаган устоздан чиройли ҳуснихатга эга шогирдни тарбиялаб бўлмайди. Комил ва камолга етган устозгина ўзидан кучли, баркамол шахсни тарбиялайди. Аллома бобомиз Абу Али ибн Синонинг ёшлик чоғларида устози уйига келиб машғулот ўтса-да, беш-олти сабоқдан сўнг бўлажак алломага дарс беролмасдан, унинг зеҳнига қойил қолган экан. Бу шундан далолат берадики, бугунги талабга жавоб бераман, деган устоз тинмасдан, муттасил ўз устида ишлаши ва шу орқали шогирдларга ҳам маънан, ҳам илм борасида баҳсга кириша олиш санъатини ўргатиши, билим билан озиқлантириши керак. Ҳар бир мамлакатнинг тақдири муаллимга, таълим тизимининг сифатига боғлиқ. Биз тарбиялаётган шахс жамиятда етакчи куч, аммо фикрлай бошласагина, у давлатга суянчиқ бўла олади.  

Mуаллимлар –  инсон руҳининг инженерлари ёхуд учинчи Ренессанс локомотивлари ҳисобланади. Юртбошимиз тили билан айтганда, ўқитувчи – келажак бунёдкори!  

 

 

Ваҳоб  Қўчқоров, Ўзбекистон халқаро ислом  

академияси профессори, сиёсий фанлар доктори.  

Бахтиёр Омонов, Ўзбекистон миллий университети профессори, сиёсий фанлар доктори

1700 марта ўқилди

Мақолалар

Top