Мақолалар

Конфессиялараро тотувлик – тинчлик ва барқарорлик омили

Мамлакатимизда барча йўналишлар қатори диний-маърифий соҳада, хусусан, дин ва эътиқод эркинлиги жабҳасида, жаҳолатга қарши маърифат билан кураш борасида жуда катта ва салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Айниқса, Ўзбекистонда турли миллат ва элатлар, диний конфессия вакиллари ўртасида ўзаро дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, улуғ алломаларнинг бой илмий меросини ўрганиш каби йўналишларда илгари сурилган эзгу ташаббуслар, диний бағрикенглик тамойилларини қарор топтириш, ислом динининг тинчликпарвар ва маърифатга асосланган таълимоти халқаро ҳамжамият томонидан ҳам юксак эътироф этилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, юртимизда фуқароларнинг виждон эркинлиги соҳасидаги конституцион ҳуқуқларини таъминлаш, жамиятда диний бағрикенглик ва динлараро дўстлик-ҳамкорлик ғояларини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, 2017-2021 йилларда Ўзбе­кистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи йўналиши — хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликка бағишлангани ҳам мазкур масалага давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида қаралишини билдиради.

Шундан келиб чиқиб, тегишли давлат органлари ва жамоат ташкилотлари томонидан фуқароларнинг Конституция билан кафолатланган виждон эркинлиги ҳуқуқини таъминлаш ҳамда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 16 ди­ний конфессияга мансуб 2313 та диний ташкилот фаолият юритади. Шундан 2122 таси исломий, 174 та христиан диний ташкилоти, 8 та яҳудий, 6 та баҳоий жамоалари, 1 та кришнани англаш жамияти, 1 та буддавийлар ибодатхонаси ва 1 та Ўзбекистон Библия жамиятидир. Шунингдек, қисқа муддат ичида 54 та масжид янгидан барпо этилди, 17 та янги ноисломий диний ташкилот ўз фаолиятини бошлади.
Дин ишлари бўйича қўмита ҳузуридаги Конфессиялар ишлари кенгашининг таркиби Ўзбекистонда фаолият юритаётган диний конфессиялар вакиллари ҳисобига 9 тадан 17 та аъзога кенгайди. Ушбу кенгашнинг йиғилишлари мунтазамлик касб этиб, йилига икки марта ўтказилмоқда.

Маълумки, жорий йилнинг 5 июль куни Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Ушбу қонун конфессиялараро тотувликни таъминлаш, жамиятда турли дин ва эътиқод вакиллари ўртасида ўзаро бағрикенглик, ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилишини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.

Мамлакатимизда диний таълим тизими ҳам тубдан такомиллаштирилди, янгидан-янги таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари фаолияти йўлга қўйилди.

Ҳозирги кунда республикамизда дунёвий ва диний илмларни пухта эгаллаган­ етук мутахассисларни тайёрлашга ихтисослашган Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Тошкент ислом институти, “Мир Араб” олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби, 10 та ўрта махсус ислом билим юрти ҳамда православ ва протестант семинариялари фаолият олиб боряпти.

Ислом илм-фани ва маданиятининг бой тарихий, илмий, маънавий меросини ҳар томонлама ўрганиш, энг муҳими, ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш мақсадида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Сурхондарёда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Қашқадарёда Абул Муин Насафий мажмуаси ташкил этилди.

Ўзбекистоннинг зиёрат туризми борасидаги салоҳиятини кенг намоён этиш мақсадида бир қатор хорижий давлатлар билан кенг ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Жумладан, Буюк Британия, Марокаш, Венгрия, Саудия Арабистони, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Индонезия, Япония, Туркия, Миср, Рос­сия, Германия, Испания, АҚШ, Малай­зия, Ҳиндистон, Покистон сингари давлатларнинг диний соҳага масъул турдош вазирлик ва идоралари, илмий-тадқиқот марказлари ҳамда таълим муассасалари билан 70 дан ортиқ ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Республикамизда турли динларга эътиқод қилувчи инсонларнинг барча ибодат ва маросимларини эмин-эркин бажариб, диний байрамларини кенг миқёсда нишонлаши учун ҳам ҳар томонлама шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Жумладан, мусулмонларнинг икки Ҳайит байрами, насронийларнинг Пасха ва Рождество, яҳудийларнинг Пейсах, Пурим ва Ханука байрамлари кенг нишонланмоқда. Ушбу саналарда конфессия етакчиларининг бир-бирларини ўзаро байрам билан табриклаши яхши анъанага айланган.

Маълумки, юртимизда ҳар йили 16 ноябрь — Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан турли диний конфес­сия вакиллари, хорижий давлат ва халқаро ташкилотлар масъуллари иштирокида халқаро конференция ўтказилади.

Мазкур сана муносабати билан турли конференция ва анжуманлар, давра суҳбати ва учрашувларни ўз ичига қамраб олган “Бағрикенглик ҳафталиги”нинг жорий этилгани, шубҳасиз, жамиятда бағрикенглик ғояларининг мустаҳкамланиши, турли миллат ва элат ҳамда диний конфессия вакиллари ўртасида ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик муносабатларининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.

Ўзбекистондаги диний эркинлик, динлараро барқарорлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш борасида жиддий қадамлар ташлангани, бу борадаги ижобий ўзгаришлар халқаро ҳамжамият эътиборига тушди.

Халқаро диний эркинликлар соҳасидаги бир қатор экспертлар, соҳа мутахассислари мамлакатимизга ташрифи чоғида диний эркинликни таъминлаш, амалдаги нормаларни соддалаштириш, радикализмга қарши курашиш, қолаверса, маърифий ислом ғояларини илгари суриш борасидаги амалий ишларга ўзлари бевосита гувоҳ бўлмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, юртимизда минглаб маҳкумларнинг афв этилиши, фуқароларнинг турли рўйхатлардан чиқарилиши, диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш тартиби соддалаштирилиши экспертлар томонидан юқори даражадаги ислоҳотлар сифатида эътироф этилмоқда. Қолаверса, Ўзбекистон диний соҳадаги “Алоҳида ташвиш туғдирадиган давлатлар” рўйхатидан чиқарилгани ҳам бу борадаги ишларнинг ёрқин амалий ифодасидир.

Ўзбекистонда фаолият юритаётган турли конфессия вакилларининг ўзаро аҳил, иноқ ва ҳамжиҳатликда яшашлари ҳамда фаолият юритишлари, шубҳасиз, мамлакатдаги тинчлик ва осойишталикнинг энг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.

Содиқ ТОШБОЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги

Дин ишлари бўйича қўмита раиси

Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2021 йил 12 октябрь, № 202(458)

3496 марта ўқилди

Мақолалар

Top