Мақолалар

Савдо номи ва савдо белгиси тижорати

Тижорат ҳажми кенгайгандан бошлаб савдо номи ва савдо белгиси масаласи юзага чиқди ва битта савдогар ёки битта ширкатнинг ўзи кўп сонли инсонлар ва шаҳарларга катта миқдордаги молларини етказиб берадиган бўлди. Бир турдаги маҳсулотларнинг сифатлари ўзгариши ҳисобига, ана шу маҳсулотларнинг турлари кўпайди ва шу сифатларнинг ўзи маҳсулотнинг исми бўлиб танилиб қолди. Натижада вазият шу даражага келдики, харидор маҳсулотни бозорда ўзининг яхши номи билан танилган “фалон” ширкат ишлаб чиқарганини кўрса, ана шу ширкатнинг номи ёки махсус савдо белгиси борлиги ҳисобига маҳсулотни харид қиладиган бўлди.

Шундай қилиб, савдо номи ёки савдо белгиси маҳсулотларга истеъмолчиларнинг эътиборини тортиш ва ёки, аксинча, узоқлаштиришга сабаб бўладиган бўлди. Шу боис тижоратчилар орасида савдо белгиси ва савдо номининг қиймати ҳосил бўлди. Харидорлар орасида яхши ном қозонган ҳар бир савдо номи ана шу ном остида бозорга кириб келган маҳсулотга инсонларнинг рағбати ошишини рўёбга чиқарадиган ва бу ном остида бозорга кирган тижоратчининг кўп фойда қилишига шароит яратадиган бўлди.

Вақти келиб, баъзи учарлар ўзларининг сифатсиз маҳсулотларини ўтказиш мақсадида истеъмолчилар орасида яхши ном қозонган ишлаб чиқарувчиларнинг номидан фойдаланишга киришиб, харидорларнинг алданиб қолиш ҳолатлари юз бера бошлагандан сўнг савдо номлари ва савдо белгиларини ҳукумат идораларида рўйхатга олиш ва рўйхатдан ўтказган номлар ва белгилардан бошқалар фойдаланишини манъ қилувчи қонунлар ишлаб чиқилди.

Рўйхатдан ўтказилгандан сўнг тижоратчилар урфида бу ном ва белгиларнинг қиймати юзага келди. Савдогарлар ном ва белгиларни катта қийматда сотадиган ва оладиган бўлди. Чунки улар ўзларининг маҳсулотларига одамларнинг қизиқишини оширишни хоҳлашарди.

Энди шундай савол пайдо бўлади: савдо номини ёки савдо белгисини сотиш жоизми?

Аниқ кўриниб турибдики, савдо номи ёки савдо белгиси моддий айн эмас, балки фақат шу ном ёки белгидан фойдаланиш ҳуқуқи, холос. Бу ҳукм ўз эгасига биринчилик ва ҳукумат рўйхатидан ўтиш билан аслий ҳуқуқ бўлди. Бу айни пайтда мавжуд ҳуқуқ, келажакда амалга ошиши кутилаётган ҳуқуқ эмас. Шунингдек, бу бир кишидан бошқа кишига кўчиб ўтишни қабул қиладиган ҳуқуқ. Лекин айнда собит ҳуқуқ эмас, яъни бирор моддий нарсадаги ҳуқуқ ҳам эмас. Демак, фуқаҳоларнинг гапларидан хулоса қилиб олинган қоидаларга биноан, бу ҳуқуқлар учун танозул (мол эвазига ҳуқуқидан кечиш) йўли билан эваз олиш жоиз бўлади. Лекин байъ(савдо) йўли билан эмас, чунки у айндаги собит ҳуқуқ ёки мустаҳкам манфаат эмас.

Шайх аллома Ашраф Али Таҳонавий раҳимаҳуллоҳ ҳам шунга фатво берган ва буни вазифасидан мол эвазига тушиш масаласига қиёс қилган.

Муҳаммад Тақий Усмоний раҳимаҳуллоҳ “Буҳус фи қозоё фиқҳийя муосиро” асарида шундай дейдилар: “Менинг фикримча, савдо номи ёки савдо белгиси ҳуқуқлари аслида айнда собит бўлмаган мужаррад ҳуқуқ бўлса ҳам, лекин катта машаққат ва кўплаб молларни сарфлашни талаб этадиган ва ундан сўнг ҳукумат ҳужжатларида тасдиқ этилган гувоҳномалар акс эттирадиган қонуний кўринишни берувчи давлат рўйхатидан ўтиш жараёнини босиб ўтгандан сўнг айнда ўрнашган ҳуқуқларга ўхшаб қолди ва тижоратчилар урфида айнларга тенглаштирилди. Шунинг учун бу ҳуқуқлар учун байъ(савдо) йўли билан ҳам эваз олиш жоиз бўлиши лозим бўлади. Шубҳа йўқки, баъзи нарсаларни айнлар сафига киритишда урфнинг ўз роли бор. Чунки Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ айтганларидек, молийят – одамларнинг тамаввули (мол деб ҳисоблаши) билан ҳосил бўлади. Бу электр қуввати ва газга ўхшайди. Негаки, улар олдинги замонларда қийматга эга айнлар ва моллардан ҳисобланмасди. Сабаби улар ўзи қоим бўлувчи айн эмас, уни ушлаб, жамлашга ҳам инсон қудрати етмайди. Лекин ҳозирги даврда, олди-сотдиси жоизлиги борасида шубҳа бўлмаган қийматли молларнинг энг қадрлиларидан бирига айланди. Бу уларнинг фойдаси катта бўлгани, жамлаш имкони борлиги ва одамларнинг урфига кирганлиги сабаблидир”.

Худди шунингдек, савдо номлари ва белгилари ҳам давлат рўйхатидан ўтгандан сўнг тижоратчилар урфида қийматга эга моллар сафига кирди ва уларни сақлаш ҳукумат томонидан берилган гувоҳномаларни сақлаш билан амалга оширилади, дейиш тўғри бўлади. Ахир ҳар бир нарсани сақлаш ўзига муносиб нарса билан бўлади. Ундан ташқари, буларни ҳожат вақтигача захира қилиб туриш имкони бор, дейилиши ҳам тўғри бўлади. Чунки молийят сифатини берадиган унсурларнинг ҳаммаси буларда топилади. Фақат айн эмас, холос. Демак, буларнинг ҳам моллар каби олди-сотдиси жоиз бўлишидан тўсувчи шаръий тўсиқ йўқ. Валлоҳу аълам.

Охунжон АҲМЕДОВ,

 Тошкент ислом институти талабаси

7332 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top