Мақолалар

Динда саволим бор: Кимни мўмин деймиз, кимни муслим деймиз?

— Мусулмон ва муслималар, мўмин ва мўминалар, деб айтамиз. Уларнинг қандай фарқлари бор? Кимни мўмин деймиз, кимни муслим деймиз? Саволим ноўрин бўлса, узр сўрайман.

— Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган дин Ислом дини номи билан машҳурдир. Бу номни Пайғамбарнинг ўзлари танлаган эмас, балки уни Аллоҳ таоло ихтиёр қилган. Қуръони Каримда Аллоҳ таоло:

﴿وَرَضِيتُ لَكُمُ الإِسْلاَمَ دِيناً﴾

“Ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим”, дейди (“Моида” сураси, 3-оят). Ислом сўзининг луғавий маъноси “ихлос”, “офатлардан саломат бўлиш”, “сулҳ ва омонлик”, “итоат ва бўйсуниш” каби маъноларни англатади.

Шундан мусулмон ва муслима Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган дин Ислом динига мансуб, ихлосли, турли офатлардан саломат бўлган, сулҳли, омонатли, итоатли ва Аллоҳга бўйсунган шахс дегани бўлади.

Иймон сўзи луғатда омон бўлиш ва тасдиқлаш маъноларини билдиради. Уламолар истилоҳида Иймон Аллоҳ таолодан келган нарсани тасдиқлаб, унга иқрор бўлишдир. Шундан мўмин ва мўмина Аллоҳ таолодан келган ақидага оид нарсаларни тасдиқлаб ва уларга иқрор бўлиб, турли ёмонликлардан омонда бўлган шахсдир.

Ислом ва Иймон тушунчалари умумий тарзда бир-бирига қовушиб кетган, бири иккинчисини ифода этаверадиган тушунчалардир. Аммо иккисини алоҳида олиб қарайдиган бўлсак, Иймон ишониш-эътиқод назарий масалаларга, Ислом эса бўйсуниш-амалий масалаларга хосдир.

Ислом асослари шаҳодат, намоз, закот, рўза ва ҳаждан иборат. Иймоннинг асослари Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, яхши-ю ёмон қадар Аллоҳдан эканлигига ишониш, тасдиқлашдан иборатдир.

Улуғ ақоид илми олими Умар Насафий ўзининг китобида: “Иймон ва Ислом бирдир. Қачонки, бандада тасдиқ ва иқрор мавжуд бўлса, мен ҳақиқатда мўминман, демоғи тўғри бўлади”, деган.

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

2227 марта ўқилди

Мақолалар

Top