Мақолалар

Қиёмат кунида сўраладиган тўрт нарса

Аллоҳ таоло бу дунё ҳаётини инсонга синов ўлароқ берди. Инсон ҳаётда яшар экан, Аллоҳнинг синовини бошидан ўтказади. Инсон яхши кунлар учун шукр қилади, синовли кунларига сабр қилади. Инсон дунё ҳаётини яшаб Аллоҳнинг ҳузурига борганида берилган неъматлардан сўроқ қилинади.  

Қиёмат кунида тўрт нарсадан сўроқ қилинмасдан қадамларимиз жойидан силжимайди. У тўрт нарса қуйидагилардан иборат:

Дунёда берилган умримизни нимага сарф қилганимиз;

Йигитлик даврини қандай ўтказганимиз;

Мол-мулкимизни қаердан топиб, қаерга сарфлаганимиз;

Илмимизга қандай амал қилганимиз.

Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Қиёмат куни банда тўрт нарсадан сўралмагунча, унинг қадами жойидан жилмайди; умрини нимага сарфлагани, йигитлик даврини қандай ўтказгани. Молини қаердан топиб, қаерга сарфлагани ва олган илмига қандай амалгани”  (Имом Термизий ривояти).

Шу сабабли барчамиз бу дунё ҳаётида ёшлик даврини икки дунёда манфаатли бўлиб ўтказишга, олган илмимизга амал қилишга, мол-мулкимизни қаердан топиб, қаерга сарфлаётганимизга, умримиз сарфини тўғри қилишга жиддий эътибор беришимиз лозим.   

Аллоҳ таоло барчамизни ёшлик чоғларини тўғри ўтказишга, илмимизга амал қилишга, мол-мулкни ҳалол йўл билан топиб, уни ҳалол  жойларга сарфлашга, берилган умрни эса икки дунё саодати йўлида сарф қилишга муваффақ қилсин!

Аллоҳ таоло қиёмат кунида юқорида тилга олинган тўрт нарсадан саволга тутилганида Ўзи юзимизни ёруғ бўлишига муваффақ қилсин!

 

Р. Акбаров,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги ходими.

 

2551 марта ўқилди

Мақолалар

Top