Мақолалар

Уялмасанг истаган ишингни қилавер!

Қаънабий ёшлигида жуда бебош, ароқхўр киши бўлган эди. Бир куни ароқхонага бориб ароқ ичиш учун улфатларини кутиб ўтирганида эшак миниб олган бир кишини кўриб қолади. Унинг атрофида жуда кўп инсонлар бўлиб, атрофидагилар унга "имом" деб мурожаат қилаётган эди.

   Бу ҳолат Қаънабийнинг эътиборини тортди. У одамларни ёриб ўтиб эшак минган кишининг олдига етиб борди. Қаънабий эшакнинг жиловидан ушлаб уни миниб олган кишига деди:

- Сен кимсан?

- Шуъба ибн Ҳажжожман.

  Шуъба ибн Ҳажжож роҳимаҳуллоҳ ҳадис илмида "амирул мўъминин"  деган лақаб олган эди.

Қаънабий яна сўради:

- Шуъба деганинг ким?

- Муҳаддис.

- Муҳаддис нима иш қилади?

- Кишиларга Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини айтади.

- Унда менга ҳадис айтиб бер!

 Шунда Шуъба ибн Ҳажжож деди:

- Мансур ибн Муътамир менга Рибъий ибн Хирошдан, у Абу Масъуд Бадрийдан ривоят қилишича, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Инсонларга аввалги пайғамбарлардан етиб келган гап "Агар уялмасанг истаган ишингни қилавер" деган гапдир".

  Бу ҳадис Қаънабийга гўё илоҳий рисолат бўлди. У уйига келиб ибодатга берилди. Кейин Мадинага бориб имом Моликдан дарс олди. Имом Молик роҳимаҳуллоҳнинг "Муватто" номли ҳадис тўпламларини бутунлай ёд олди. Имом Заҳабий роҳимаҳуллоҳ у ҳақда шундай дейди:

  "Қаънабий "Муватто"ни ривоят қилганларнинг энг ишончлисидир”.

  У имом Молик роҳимаҳуллоҳдан илм олиб бўлгач, Басрага қайтиб Шуъба ибн Ҳажжож роҳимаҳуллоҳдан дарс олишни ирода қилди. Зеро, Шуъба ибн Ҳажжож роҳимаҳуллоҳнинг айтган ҳадиси унинг ёдидан чиқмаган эди.

   Қаънабий Басрага келганида Шуъба ибн Ҳажжож роҳимаҳуллоҳ вафот қилган экан. Қаънабий ундан фақатгина юқорида зикри келган биттагина ҳадисни ривоят қилди. Бу ҳадис унинг тавбасига сабаб бўлган эди: "Инсонларга аввалги пайғамбарлардан етиб келган гап "Агар уялмасанг истаган ишингни қилавер" деган гапдир".

   Безори, ароқхўр бир йигитнинг куни келиб "Муватто"нинг энг ишончли ровийси бўлиши, имом Бухорий ва имом Муслимларга устоз бўлиши кимнинг хаёлига келибди дейсиз?!

   Жоҳилият даврида қаҳри қаттиқ бўлган Умар розийаллоҳу анҳу исломда Форуқ ва ер юзининг энг одил ҳукмдори бўлишлари кимнинг хаёлига келибди дейсиз?!

  Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам ўлимга ҳукм қилган Икрима ибн Аби Жаҳлнинг Ярмук жангида мусулмонлар қўшинининг ўнг қанотига қўмондон бўлиши ва шу жангда ибрат намунасини кўрсатиб шаҳид бўлиши кимнинг хаёлига келибди дейсиз?!

   Тили билан исломга азият бериб юрган, Ҳудайбийя сулҳида "Аллоҳнинг элчиси Муҳаммад..." деган ёзувга кўнмаган, "Аллоҳнинг элчиси" деган жойини ўчиринглар, мен Муҳаммаднинг Аллоҳнинг элчиси эканлигига ишонганимда у билан уришмас эдим", деган Суҳайл ибн Амр кейинчалик мусулмон бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан сўнг Каъбанинг олдида туриб: "Аллоҳга қасамки, бу киши пайғамбардир. Сизлар исломга кирганларнинг охиргиси ва муртад бўлганларнинг аввалгиси бўлманглар", дейиши ва Шом ўлкасининг фатҳида шаҳид бўлиши кимнинг хаёлига келибди дейсиз?!

   Ҳидоят Аллоҳники! Кишиларга бўлган ишончимизни йўқотмаслигимиз лозим. Олдин исломга қарши курашиб юрган кўпчилик инсонлар исломни ўз қонлари билан кейингиларга ривоят қилишган!

 А.Полвонов,
Ургут туманидаги “Ургут марказий” масжиди ходими

2566 марта ўқилди

Мақолалар

Top