Мақолалар

Садақа беришдан ҳам савоблироқ амал

Қуръони Каримдаги энг катта оят қарз олди-бердисига оид (Бақара 282). Шундан келиб чиқадики Ислом шариатида пул ёки бирор бир мулкни қарзга бериш жоиз. Лекин вазият эътиборидан қарз бериш вожиб, макруҳ гоҳида ҳаром ҳам бўлиши мумкин. Агар инсон ҳақиқатдан ҳам муҳтож бўлса бериш – суннат; бирор бир кишини ҳаётини қутқариш учун бўлса-вожиб; лағу нарсаларни сотиб олиш ёки ишлатиш учун бўлса-макруҳ; шариатда ҳаром бўлган ишлар учун берса-ҳаром.

Шу сабаб қарз берувчи қарздордан қаерга ва нима учун ишлатишини сўраши керак.

Қарз беришнинг даражаси садақа беришдан юқорироқ, чунки қарз берувчи ҳақдорни ишлашга ва қарзини қайтаришга ундайди, садақа эса олувчини ўзига ва ўз меҳнатига эмас, бошқаларга умид қилишга ўргатиб қўяди.

Қарз олиш мумкинлигига қарамасдан, мусулмон олмасликка ҳаракат қилиши керак. Қарз инсонни ҳаловатини ва тинчини бузади.

Луқмони Ҳаким бундай деганлар: "Қарз юкини кўтаришдан кўра, оғир тошларни кўтарганим яхшироқ".

Имом Байҳақий: "Қарздан четланинг! Чунки у кечалари қайғу ва ғамга, кундузлари эса, хорликка сабаб бўлади".

Қарз олаётганда ҳақдор қарзни ўз вақтида ёки олдинроқ қайтариш нияти билан олиши шарт. Ибн Можа айтади: "Ким бировнинг нарсасини қайтариш нияти билан олса, унга Аллоҳ ёрдам беради. Ким ишлатиш ва қайтармасликни ният қилса, Аллоҳ уни ҳалок этади".

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барча ишларимизда бизга ўрнакдирлар. У зот яҳудийдан қарз олганлар ва гаровга совутларини берганлар. Бу қарз олишнинг энг яхши кўринишидир. Бу ҳолатда қарз олган берувчидан қочиб юрмайди, кейинчалик низолар келиб чиқмайди. Вафотидан сўнг қарзи қариндошларига юк бўлмайди.

Ҳақдор садақа бериши ва ҳаж амалини қилиши мумкин эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аҳли оиласи муҳтож ҳолда бўлган ва қарздор кишининг садақаси қабул қилинмайди," деганлар. Зеро, унинг биринчи навбатдаги вазифаси – елкасидаги қарздан қутилишдир!

 

Рисолат БАДРИДДИНОВА,

Тошкент Ислом институти 4-курс толибаси.

3058 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top